Касб-ҳунар ўқув муассасалар тармоғи (ЮНЕВОК)
2004-2006 йилларда Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг «Касб-ҳунар таълим соҳасида кўчма гуруҳи» лойиҳаси амалга оширилди. Ўзбекистон мутахассислари касб-ҳунар таълими соҳасида Австралия, Корея Республикаси ва Тайланд каби давлатлар тажрибасини ўрганишга муваффақ бўлишди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон вилоятларида ўқув семинарлар ҳамда «Ижтимоий ҳамкорлик ва кўчма касб-ҳунар таълим гуруҳи» мавзусидаги илмий анжуман ташкил этилди. Анжуманда ўзбекистонлик мутахассисларнинг ҳисоботи тақдим этилди ва касб-ҳунар таълими соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибасини тадбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди. Ушбу тадбирларнинг давоми сифатида, Европа иттифоқининг ТАСИС дастури доирасида 2006-2007 йиллар давомида «Касб-ҳунар таълими соҳасида ижтимоий ҳамкорлик» лойиҳаси Ўзбекистонда амалга оширилди. Ушбу лойиҳанинг устувор мақсадларидан бири Ўзбекистон касб-ҳунар таълими соҳасида (бошқарув ва ўқитиш жараёнларида) янги сиёсатини жорий этиш.
ЮНЕСКОнинг Бирлашган мактаблар тармоғи
1953 йилда асос солинган ЮНЕСКОнинг Бирлашган мактаблар дастури тармоғи ЮНЕСКОнинг таълим соҳасидаги асосий дастури ҳисобланади. Ушбу дастурнинг асосий мақсади халқаро ҳамжиҳатлик, тинчлик, маданиятлараро мулоқот ва барқарор тараққиёт ғояларини тарғиб этиш ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган. Ушбу тармоқни Ўзбекистонда ривожлантириш бўйича ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаол иш олиб бормоқда. 1996 йилдан буён, ушбу тармоққа Ўзбекистоннинг 45 та таълим муассасаси (ўрта таълим мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари) аъзо бўлган. Ушбу таълим муассасалари бир қатор халқаро дастурларда муваффақиятли қатнашиб, «Таълим барча учун» мақсадларини ва БМТнинг барқарор тараққиёт таълими ўн йиллигини тарғиб этиб келмоқда. 1997-2007 йилларда БМТ тизими ташкилотлари, халқаро, минтақавий ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда Бирлашган мактаблар тармоғига аъзо муассасалар учун Марказий Осиё минтақаси ёшлар ёзги лагери ташкил этиб келинди. Лагер мисолида ёшлар орасида тинчлик маданияти, халқаро ҳамжиҳатлик ғояларини тарғиб этгани учун, Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси ЮНЕСКОнинг «Тинчлик қўлимизда» соврини билан 2001 йилда тақдирланди. 2000 йилда эса Ўзбекистон мутахассиси Осиё ва Тинч океани минтақасида Бирлашган мактаблар тармоғининг энг илғор миллий мувофиқлаштирувчиси деб топилган. Бирлашган мактаблар тармоғи доирасида Ўзбекистон мактаблари ЮНЕСКОнинг турли дастурларида фаол қатнашиб келмоқда, жумладан, «Патримонито», «Мондиалого» ва ўқувчилар алмашинув дастурлари. Турли ЮНЕСКО нашрлари ўзбек тилига таржима қилиниб, тармоқ мактаблари орасида тарқатилди: «Бутунжаҳон мероси ёшлар қўлида», «Бағрикенглик – тинчлик сари олға қадам», «Демократия: 80 саволга 80 жавоб», «Ҳар бир инсон…».
Бирлашган мактаблар тармоғига аъзо Зарафшон шаҳридаги 1-сонли ихтисослашган мактаби ЮНЕСКО Мондиалого мактаб танловида ғолиб деб топилди (2006 йил). Тошкент шаҳридаги 17-сон мактаби «Барқарор тараққиёт таълими» мавзусидаги ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси танловида ғолиб деб топилиб, махсус фахрий ёрлиқ билан тақдирланди (2006 йил). «Сув ва табиий манбаларни бошқариш» (Тошкент шаҳридаги 17- сонли мактаби) ва «Саҳрода оазис яратиш» (Зарафшон шаҳридаги 1-сонли ихтисослашган мактаби) лойиҳаси ЮНЕСКО ишлари бўйича Корея Республикаси Миллий комиссияси Осиё ва Тинч океани минтақасида барқарор тараққиёт таълими доирасида 2009 йилнинг энг илғор тажриба лойиҳалари деб топилди1.
Do'stlaringiz bilan baham: |