Томбоп рангли сопол буюмлар. Томларни сопол буюмлар билан ёпиш Ўзбекистонда ҳам ривожланган эди. Хозир баъзи Европа давлатларида томлар 100% сопол буюмлар билан ёпилади.
Черепитса энг арзон, чидамли сопол том ашёсидир. У нам усулда тайёрланган лой қоришмасини пухта ишлаб штамплаш йўли билан махсус черепитса зичловчи машинада тайёрланади. Рангли черепитса олиш керак бўлса, лой қоришмасига шиша саноатида ишлатиладиган ҳар хил сунъий ва табиий ранг пигментлар қўшилади. Қурилишда ариқчали қилиб штампланган, лентасимон, текис юзали лентасимон ва конкисимон черепитсалар кўп қўлланади. Aммо, мўртлиги ва жуда қия (30°C гача) терилиши зарурлиги, қўл меҳнатининг кўплиги уларни қурилишда кўплаб ишлатишга имкон бермайди. Черепитсанинг мустаҳкамлиги 70 МПа дан, музлашга чидамлилиги эса 25 циклдан кам бўлмаслиги керак.
Черепитсанинг қалинлиги айтарли катта бўлмаганлиги сабабли, хомашё сифатида ишлатиладиган лой ниҳоятда майин ва унда зарарли аралашмалардан калсий тузлари бўлмаслиги керак.
Йирик заводларда черепитса тасмали зичлагич машиналарда штампланади. Револвер зичлагич соатига 600—700 дона ариқчали черепитса тайёрлайди. Черепитса хонали ёки тоннелли хумдонларда 36 соат давомида қуритилади ва 40-45 соатда айланма ёки тоннел хумдонларда куйдирилади. 1 м2 том юзасига тўлиқ ёпилган, сувга тўйинган, штампланган черепитсанинг массаси 50 кг дан, тасмасимонники 65 кг дан ошмаслиги лозим.
Черепитса томга терилганида улар бири иккинчисининг устига ётқизилади. Шу сабабли тасмасимон текис черепитсанинг фойдали юзаси 55% дан ошмайди. Текис ва штампланган ариқчасимон ўйиқли черепитсанинг фойдали юзаси 75—85% ни ташкил этади. Черепитса чидамлилиги бўйича бошқа томбоп ашёлардан устундир, уни 300 мартагача музлатиб ва эритилганида ҳам бузилмайди. Томнинг 1 м2 юзасини қоплаш учун текис лентасимон черепитсадан 40 дона, бошқа турларидан 14—20 дона керак бўлади.
Ўзбекистон сопол ашёлари
Ўзбекистон республикаси мустақилликка эришгандан сўнг сопол ашёлар ишлаб чиқариш саноатида тубдан ўзгаришлар бошланди. Мустабит даврдан қолган, замон талабларига жавоб бермайдиган, эскирган технологияларга бўлган муносабат ўзгарди. Кўпгина корхоналар иқтисодий жиҳатдан инқирозга учради.
Бозор шароитида илғор хорижий давлат технологияларини ўрганиш, маркетинг изланишларини йўлга қўйиш, олди-сотти муаммоларини ҳал этиш, ишлаб чиқарилаётган сопол буюмлар турларини кўпайтириш ва бунинг учун тегишли машина, асбоб-ускуналарни топиш ва республикага олиб келиш каби масалаларни ҳал этиш керак бўлди. Меъёрий ҳужжатлар ва стандартлар талабларини қондира оладиган янги хомашё захираларини излаш, ниҳоят энг муҳими — ашёлар сифатини яхшилаш масалалари мустақил республикамиз олдидаги долзарб муаммолар бўлиб қолди.
Таъмирлаш учун эҳтиёт қисмларнинг Россиядан келиши камайди. Сифатли деворбоп ашёларга талаб ошди, рақобат кучайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |