Табиий тош ашёларининг
асосий хоссалари
Зичлиги юқори бўлган яхлит табиий тош ашёларининг (гранит, диабаз, мармар ва бошқалар) зичлиги 2500—3100 кг/м3 га тенг бўлса, ғовак ашёларни (трепел, бўр ва чиғаноқ оҳактош, пемза туф) зичлиги 500-1700 кг/м3 га тенг.
Қурилишбоп тош ашёларининг иссиқлик ўтказувчанлиги уларнинг зичлигига боғлиқ. Оғир тош ашёларининг иссиқлик ўтказувчанлик коеффициенти 2,5—3,0, ғовакли ва серғовак ашёларнинг иссиқлик ўтказувчанлик коеффициенти эса 0,2—0,6 Вт/м град гача бўлиши мумкин. Тош ашёларининг эриш ҳарорати уларнинг таркибига кўра турлича бўлади. Мономинерал жинсларнинг эриш ҳарорати ниҳоятда юқори бўлади. Масалан, кварснинг эриш ҳарорати — 1710°C, мармарники — 1810°C, доломитники — 1710°C га тенг. Таркибида дала шпати, темир оксиди ва ишқорлар бўлган кўп минералли жинсларнинг эриш ҳарорати эса камроқ бўлади. Масалан, гранит — 1450°C, диабаз — 1350°C таркибида темир бирикмалари бўлган тупроқ — 1200°C да эрийди.
Электр ўтказувчанлик хусусияти тош ашёлари зичлигига ва сув шимувчанлигига боғлиқ. Табиий тошлардан диелектрик ашёлар сифатида, асосан мармар ва сланеслар ишлатилади.
Тош ашёларнинг мустаҳкамлигига ва уларнинг қайта ишланиш даражасига қараб Моос шкаласи бўйича қаттиқлиги аниқланади.
Пардозбоп тоғ жинсларини танлашда уларнинг ташқи кўринишидаги белгилари ёзиб борилади.
1. Жинснинг шакли, ундаги қатламларнинг йўналиши, дарз ёки ёриқларнинг сони ва катталиги.
2. Чўкинди тоғ жинсларининг минералогик таркиби ва улардаги табиий цементнинг хусусияти. Тош таркибидаги табиий цементнинг хусусиятини аниқлаш учун жинс аввало синалади. Aгар жинс мустаҳкам ва чидамли бўлса, ундаги боғловчи табиий цемент, қум, тупроқ; мустаҳкамлиги кичик бўлса лойли цемент бўлади.
3. Ранги ва ўзаро ички боғланиши; жинсни қуруқ ҳолатида иккига бўлиб аниқланади.
4. Жинслардаги минерал доналарнинг катталиги, уларнинг ўзаро жойлашиши ва қандай ҳолатда бирикканлиги.
5. Жинслардаги минералларнинг тиниқлиги, микродарзларнинг миқдори (бунда жинснинг емирилиш даражаси аниқланади.). Тажрибахонада синаш ишларининг ҳажми ва тошларни ишлатишга яроқли-яроқсиз эканлиги юқорида келтирилган шартлар аниқлангандан кейингина топилади.
Тажрибахона шароитида, асосан тоғ жинсларининг ранги, бир жинслилиги ва ялтироқлиги каби хоссалари ёрдамида уни ташкил этган минераллар тури аниқланади. Тоғ жинсида карбонатлар гуруҳига мансуб минералларнинг бор-йўқлиги хлорид кислотанинг 10% ли эритмаси ёрдамида аниқланади. Эритма томизилганда калсий карбонатли жинс қайнайди, яъни карбонат ангидрид ажралиб чиқади. Сўнгра жинснинг эндигина синдирилган жойини кўздан кечириб, унинг тузилиши ва тасвири ўрганилади. Тоғ жинсларининг қайси турга мансублиги ва физик-механик хоссалари унинг қандай шароитда вужудга келганлигига боғлиқ. Тоғ жинслари ҳар хил хусусиятларга эга. Тош ашёларнинг энг зарур хоссалари тўғрисида қуйида қисқача маълумот берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |