Пластик ашёлар — куч, ҳарорат ёки сув таъсирида қайта ишла-ниш хусусиятига эга бўлган ашёлар (гил, битум, мис, қўрғошин, ва ҳ.к.).
Эластик ашёлар — унга таъсир этаётган куч олингандан сўнг ўз шаклига қайтадиган ашёлар (резина, пўлат ва ёғоч).
Мўрт ашёлар — таъсир этаётган куч натижасида ўлчами ва шаклини ўзгартирмай қўққисдан бузилиш хоссасига эга бўлган ашёлар (шиша, чўяннинг айрим хиллари, ғишт ва ҳ.к.).
Мустаҳкам (гранит, темир, ёғоч) ва мустаҳкамлиги жуда паст (чиғаноқ тош, сомон, хомғишт ва ҳ.к.) ашёлар.
Қаттиқ (чўян, гранит ва ҳ.к.) ва юмшоқ (ёғоч, битум ва ҳ.к.) ашёлар.
Сув, кислота, ишқор, иссиқ-совуқ, ҳамда физик-кимёвий жараён таъсирига чидамли (клинкер ва ҳ.к.) ва чидамсиз (хомғишт) ашёлар.
Муҳофазаловчи ашёлар — иссиқлик ўтказмайдиган (минерал пахта, жун, ғоваксимон асбест буюмлар), товуш ютувчи (пемза, қатламли шиша-пахта, фибролит), сувга чидамли (битум, рубероид, тол) ва электрдан муҳофазаловчи (резина, чинни, мармар) хоссаларга эга бўлган ашёлар.
Қурилиш ашёлари ва буюмларининг хоссаларини табиатига кўра учта асосий гуруҳга бўлиш мумкин — физик, механик ва кимёвий. Маҳсулотларнинг сифатини баҳолашда, унинг ички тузилиши хоссалари билан боғлиқ қонуниятни ўрганишга доир илмий текшириш ишлари махсус тажрибахоналарда аниқланади.
Aшёларнинг физик хоссаларига қуйидагилар киради: зичлиги, ғоваклиги, бўшлиғи, нам ютувчанлиги, сув шимувчанлиги, буғ ва газ ўтказувчанлиги; иссиққа, юқори ҳароратга, алангага, совуққа ва радиацияга чидамлилиги, ток ўтказувчанлиги, товуш ютувчанлиги, товушдан муҳофазалаш ва ҳ.к.
Aшёларнинг механик хоссалари деганда, ташқи куч таъсирида уларнинг эгилишга, букилишга, сиқилишга бўлган қаршилигини тушунмоқ лозим. Бунга мустаҳкамлиги (сиқилишга, чўзилишга, эгилишга, ишқаланишга, зарбга, буралишга ва ҳ.к.), қаттиқлиги, деформацияланиши, мўртлиги, юмшоқлиги, оқувчанлиги, силжиши, киришиши ва ҳоказолар киради.
Aшёга кимёвий зарарли муҳит таъсир этганда рўй берадиган реакция жараёнига ва бузилишга қаршилик кўрсатиши, унинг кимёвий хоссасини ифодалайди. Масалан, ашёларни туз, кислота, ишқор ва уларнинг эритмалари таъсирига чидамлилиги ва ҳ.к. Булардан ташқари, қурилиш ашёларининг биологик хоссалари, уларни замбуруғлар, микроорганизмлар, қурт-қумурсқа ва қўнғизлар таъсирига чидамлилигини ифодалайди.
Пардозбоп ашёлар тажрибахона шароитида чидамлиликка, деформацияланишга, ишқаланишга ва иссиққа бардошлиликга, ҳамда бошқа хоссаларга синаб кўрилади. Қурилиш ашёлари ва буюмларнинг хоссаларини ўрганишда асосий ўлчам бирликлари тўғрисида мукаммал тасаввурга эга бўлмоқ керак. Aшёларнинг узунлиги, эни, қалинлиги ва бўйи — мм, см ҳамда метрда ифодаланади. Юза майдони, ашёнинг ёки буюмнинг кесими — см2 ва м2 да, ҳажми — см3, литр, м3 да, оғирлиги — г, кг ва тонна билан ифодаланади. Дарсликдаги барча ўлчам бирликлари Халқаро ўлчам тизими (CИ) ва стандартлар талабларига мосдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |