Портландцемент ишлаб чиқариш. Ўзбекистонда асосан ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида портландцемент ишлаб чиқариш бошланган. Бу даврда чиқариладиган цементлар таркибига кўра Волга ва Новороссийскдан келтириладиган портландцементдан кам фарқ қилсада, сифати жуда паст эди. Aммо Ўрта Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда саноат ва қишлоқ хўжалик қурилишининг тез суръатда ўсиши натижасида Бекободда биринчи бўлиб йилига 150 минг тонна портландцемент ишлаб чиқарувчи завод қурилди. Республикада портландцемент ишлаб чиқарувчи иккинчи йирик завод 1932-йилда Қувасойда қурилди.
Белит цемент. Ўзбекистонда янги замонавий биноларнинг пайдо бўлиши ва катта шаҳарларда йирик жамоат ва маданий-маиший иншоотларнинг кўплаб қурилиши оқ ва пардозбоп цементларни маҳаллий хомашёдан тайёрлаш вазифасини қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг «Умумий ва ноорганик кимё» институтидаги «Силикатлар кимёси» лабораторияси ходимлари бундай цементларни маҳаллий хомашё таркибида темир оксиди кам бўлган Оҳангарон каолин тупроғ ва оҳактошдан 1200—1300°C да куйдириш йўли билан олиш мумкинлигини кўрсатдилар. Бундай цемент пардозбоп глиноземли белит цементи деб аталади. Бу цементнинг қуюқланиши қониқарли ва сулфатли сувлар таъсирига чидамлидир.
Ўзбекистон цемент заводлари 1990-йилда 6 млн 385 минг тонна цемент чиқарган бўлса, 1999-йилга келиб уни 3 млн 331 минг тонна ҳажмда ишлаб чиқарди.
«Оҳангарон рангли цемент» қўшма корхонаси 1997-йилдан бошлаб фосфорит ўғитлари ишлаб чиқариш учун айланма тегирмонда туйилган фосфорит уни тайёрлашга ихтисослашган. Бозор шароитида талаб камайиб кетганлиги туфайли оқ цемент ишлаб чиқариш фақатгина «Aнгрен қурилиш ашёлари» AУ да йўлга қўйилди. «Қизилқумцемент» ҚК га қарашли энг янги ва йирик цемент заводининг бир йиллик иш унуми 1475 минг тоннага тенг.
Республикада 2005-йилда цемент ишлаб чиқариш истиқбол режаси қуйида келтирилган.
Қизилқумцемент — 2250 минг тонна.
Оҳангаронцемент — 1170 минг тонна.
Қувасойцемент — 900 минг тонна.
Бекободцемент — 700 минг тонна.
Aнгрен ҚAК — 24 минг тонна.
Жами — 5044 минг тонна.
Шундан ҳар йили 2 млн тоннага яқин цемент экспорт учун мўлжалланмоқда.
Келажакда, Хилковадаги оҳактош захиралари, шунингдек Жиззах вилоятининг кўтарма оҳактош конлари Бекобод цемент заводлари учун асосий хомашё базалари бўлиб қолади. Оҳангарон цемент AУ учун хомашёлар Қоратой ва Шавазсой оҳактош ва соғ тупроқ конларидан олинади. Бу конлардан 1962-йилдан бошлаб цемент ашёлари олинмоқда.