Сэментнинг асосий хоссалари
Цемент тоши ҳавода қотаётганда, одатда ҳажми кичраяди, яъни киришади, сувда қотаётганда эса бир оз ортади, яъни шишади (кенгаяди). Цемент тоши жуда кўп киришиши (кичрайиши) ва шишиши (кенгайиши) мумкин. У 1 ой давомида қотганда 0,5-0,6% га кенгайиши ёки киришиши мумкин (яъни 1 метрда 1,5-6 мм киришади ёки кенгаяди). Оқибатда, цемент тошига қараганда бетон бир неча баробар кам киришса ёки кенгайса ҳам яхлит бетон конструкцияларда дарз кетиши мумкин.
Қотишнинг дастлабки даврлардаги киришиши ёки кенгайиши бир ойлик жараённинг 60—70% игача етади.
Портландцемент 300, 400, 500 ва 600 маркаларда ишлаб чиқарилади. Портландцементдан тайёрланган бетон 3 кун давомида қотгандан сўнг унинг мустаҳкамлиги шу марка учун белгиланган 28 кунлик мустаҳкамликнинг ярмига етади, мустаҳкамликнинг қолган ярмига эса 25 кундан кейин эришилади.
Бетон конструкциялари тайёрлайдиган қолипга қулай жойланувчан бетон қоришмалар тайёрлаш учун одатда цемент оғирлигининг камида 28—30% миқдорига сув керак бўлади. Суви кам бетонбоп қоришмани қолипга жойлаш қийин. Бундай қоришма кам ёйилувчан, пластик бўлмайди ва уни зичлаш жуда қийин.
Шундай қилиб, цемент хамирида ҳамма вақт ортиқча сув бўлади. Бу сув буғлангандан кейин цемент тошида ғовак ва бўшлиқлар ҳосил бўлади, мустаҳкамлиги камаяди.
Оқ рангли пардозбоп цементлар. Тоза оҳактош, кварс қуми ва каолинни пишириб пардозбоп оқ цемент олинади. Оқ цемент айланма хумдонларда кул қолдирмайди, тоза ёқилғи билан куйдирилади ва ҳосил бўлган клинкердаги темир оксиди бутунлай йўқотилади. Бу ерда оқ цемент клинкери 800—1000°C ҳароратли генератор гази алангасида 3-4 дақиқа пиширилади ва кислородсиз муҳитда совитилади. Оппоқлик даражаси фотометр ёрдамида аниқланади. Бунда, барий сулфат оппоқлик эталони бўлиб хизмат қилади.
Оқ пардозбоп портландцемент клинкери билан минерал бўёқларни (пигмент) бирга қўшиб туйиш йўли билан рангли цементлар олинади. Жумладан, охра, темир суриги, марганес рудаси, ултрамарин ва ҳоказоларни қўшиш мумкин. Оқ ва рангли цементлар пардоз сувоқлари учун, кошинлаш плиталари ҳамда меъморий буюм тайёрлаш учун ишлатилади.
Завод шароитида йирик панелларни пардозлаш ишларида пардоз сополи ўрнига рангдор цементларни ишлатиш маҳсулотни юқори сифатли қилиш, вақтни тежаш ва харажатларни камайтириш имкониятини беради. Бундай цементлар деворларнинг ички ва ташқи сиртларини пардозлашда, мармар сингари буюмлар тайёрлашда, ҳайкалтарошликда ва оқлаш, бўяш каби ишларда кенг ишлатилади. Рангли цементлар 300, 400 ва 500 маркаларда чиқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |