Узунчоқ миянинг тоник рефлексларида бўйин мускуллари проприорецепторларининг иштироки. Лабиринти емирилган ҳайвонлар бошининг вазияти танасига нисбатан ўзгартирилса, тоник рефлексларни аниқлаш мумкин. Бошнинг танага нисбатан вазияти ўзгарганда бўйин мускулларининг проприорецепторлари таъсирланади, шу сабабли ҳар хил мускул группаларидаги тонус рефлекс йўли билан қайта тақсимланади. Бош орқага знгаштирилганда олдинги оёқларни ёзувчи мускуллар тонуси ошиб, кейинги оёқларни ёзувчи мускуллар тонуси камаяди. Бош кўкрак қафасига энгаштирилганда олдинги ва кейинги оёқлардаги мускуллар тонусининг тескари ўзгаришлари рўй беради. Бош бурилганда мускуллар тонуси қуйидагича ўзгаради: бош қай томонга бурилган бўлса, ўша томондаги олдинги оёқни ёзувчи мускуллар тонуси ва қарама-қарши томондаги оёқни букувчи мускуллар тонуси ошади. Бундай рефлекслар бўйин мускулларининг проприорецепторларига боғлиқ; орқа мия бўйин сегментларининг орқа илдизлари қирқиб қўйилса, тонус қайта тақсимланмайди.
Юқорида тасвир зтилган тоник рефлекслар децеребрацияланган ҳайвонларда яхшироқ кўринади, уларда миянинг юқорироқдаги бўлимларидан келувчи импульслар манзарани мураккаблаштирмайди. Янги туғилган болаларда миянинг юқорироқдаги бўлимлари касалланган, масалан, мияга қон қуйилган ёки бош истисқоси келиб чиққан бўлса, ҳақиқий децеребрация намоён бўлади, бундай ҳолларда юқоридагича рефлекслар кузатилган. Миясига қон қуйилиб, гавдасининг ярми фалажланган, яъни гемиплегия бўлган катта ёшли кишиларда ҳам баъзан шундай рефлекслар кузатилади.
Операция қилинмаган нормал ҳайвонда ҳам мускуллар тонуси юқорида айтилганга ўхшаш қайта тақсимланади. Мушук боши тепасида бир парча гўшт ушлаб турилса, бошини кўтаради, айни вақтда олдинги оёқлари ёзилади, кейинги оёқлари букилади ва мушук сакраш учун қулай вазиятни олади (231расм, А). Мушукнинг боши олдига тарелкада сут қўйилса, у бошини энгаштиради, шунга кўра олдинги оёқлари пича букилади ва кейинги оёқлари пича ёзилади; мускуллар тонусииинг шундай қайта тақсимланиши натижасида мушук сўтни ича бошлайди (231расм, Б). Сичқон қитир-қитир қилганда мушук бошини ўнгга бурса, шу ҳаракат туфайли мушук гавдасининг ўнг томонидаги ёзувчи мускуллар тонуси ошиб (бу эса энг яхши таянч беради), қарама-қарши томондаги ёзувчи мускуллар тонуси камаяди. Тонусининг бундай қайта тақсимланиши чап томондаги оёқларнинг янада ҳаракатланишига ва, бинобарин тананинг ўнгга, яъни сичқон ўтаётган томонга бурилишига имкон беради.
Магнус аниқлаган қонуниятлар одам спорт ва гимнастика машқларини бажарган вақтда ҳам кузатилади; бу қонуниятларни тўғри татбиқ этиш кўпроқ рационал машқ қилиш учун аҳамиятли. Спорт физиологиясининг «бошнинг етакчи роли принципи» деган принципи ўша қонуниятларга асосланади. Бу принципга мувофиқ, гавда ҳаракатларидан илгари бош тегишлича ҳаракатланса, гавда ҳаракатлари осонлашади. Бош тегишлича ҳаракатланганда тана ва қўл-оёқ мускулларининг тонуси муайян ҳаракатни бажариш учун энг мақбул тарзда тақсимланади. Масалан, коньки учганда югуриш йўлкаларида бурилиш вақтида бош тегишли томонга бурилиши лозим. Штангани силтаб кўтарганда штанга кўтарувчи қўлни ён томонга буриш ва бошни бирмунча орқага энгаштириш ҳаракатни осонлаштиради. Физиология нуқтаи назаридан бош нотўғри вазиятда бўлса, баъзи гимнастика машқлари қийинлашади ва ҳатто бажариш мумкин бўлмай қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |