Химиявий терморегуляция Моддалар алмашинув интенсивлигини, демак, иссиқлиқ ҳосил бўлиш интенсивлигини ҳам белгилаб берувчи факторлардан бири ташқи муҳит температурасидир.
Ташқи муҳит температураси кўтарилиб 25—30° га етганда моддалар алмашинуви ва иссиқлиқ ҳосил бўлиши бир оз камаяди. Ташқи муҳит температураси камайиб 15° дан пастга тушганда иссиқлиқ ҳосил бўлиши анча кучаяди. Ташқи температура оптимал температурадан, ёки ком-форт зонасидан паст бўлса, иссиқлиқ ҳосил бўлиши анча кучаяди. Одатдаги енгил кийим кийилганда комфорт зонаси 18—20° атрофида, яланғоч одам учун эса 28° бўлади.
Одам сувда турганда оптимал температура ҳавода туришдагига нисбатан анча юқори бўлади. Бунга сабаб шуки, сувнинг иссиқлиқ сиғими ва иссиқ ўтказувчанлиги юқори бўлгани учун гавдани ҳавога нисбатан 14 баравар кучлироқ совутади. Шу сабабли бир оз совуқ ваннага тушиш моддалар алмашинувини шу температурадаги ҳавога нисбатан кўпроқ оширади.
Ташқи муҳит температураси пасайганда иссиқлиқ ҳосил бўлишининг кучайиши гавдани совушдан сақлашда катта аҳамиятга эга.
Мускуллар қисқарганда уларда энг кўп иссиқлиқ ҳосил бўлади. Одам ҳатто қимирламай ётиб мускулларини тарангласа, унда оксидланиш процесслари ва шу билан бирга иссиқлиқ ҳосил бўлиши мускулларни бўшаштириб етгандагига нисбатан 10% ошади ва ундан ҳам кучаяди. Унча катта бўлмаган ҳаракат активлиги иссиқлиқ ҳосил бўлишини 25% орттиради. Юриш энергия сарфини 60—80% оширади, оғир ишда эса энергия сарфи 400—500% кўпайиши мумкин.
Одам совуқ шароитда бўлганда мускулларда иссиқлиқ ҳосил бўлиш ортади. Бунга сабаб шуки, гавда юзасида температуранинг пасайиши совуқни сезувчи тери рецепторларига таъсир этиб, рефлекс йўли билан мускулларнинг ихтиёрсиз равишда бетартиб қисқаришини қўзғайди, бу эса одамнинг титрашида (дийдирашида) намоён бўлади. Айни вақтда организмнинг энергия сарфи анча ортади, мускулларда кислород ва углеводлар кўпроқ истеъмол қилинади, натижада иссиқлиқ ҳам кўпроқ ҳосил бўлади. Шундай қилиб, совуқда «қалтираш» ёки титраш—мускулларда кўпроқ иссиқлиқ ҳосил қилиш йўли билан гавда температураси рефлекс йўли билан бошқарилаётганининг намоён бўлишидир. Титраш иссиқлиқ ҳосил бўлишини нечоғлиқ орттира олишини сунъий титрашда (имитация) иссиқлиқ ҳосил бўлиши 200% ортишидан кўрса бўлади. Титрашнинг терморегуляциядаги аҳамияти яна шу билан ҳам исбот этиладики, организмга релаксантлар (нервдан мускулга нерв импульсларининг ўтишини бузадиган ва мускулларнинг рефлекс йўли билан бетартиб қисқаришини, яъни титрашни шу тариқа бартараф қиладиган моддалар) юборилган бўлса, бадан совутилганда гавда температураси тезроқ пасаяди.
Химиявий терморегуляцияда мускуллардан ташқари жигар ва буйрак ҳам катта роль ўйнайди. Жигар венасининг қонидаги температура жигар артериясининг температурасидан юқори, бу эса жигарда иссиқлиқ кўпроқ ҳосил бўлишини кўрсатади. Бадан совуганда жигарнинг иссиқлиқ ҳосил қилиши кучаяди.
Организмда оқсил, углевод, ёғларнинг оксидланиб парчаланиши натижасида энергия юзага чиқади. Модомики шундай экан, оксидланиш процессларини бошқарувчи барча механизмлар иссиқлиқ ҳосил бўлишини ҳам бошқаради. албатта.