ЮРАК ВА УПКАДА ҚОН АЙЛАНИШИ Юракнинг тож томирларида қон айланиши Юрак коронар, ёки тож томирлардан қон олади. Бошқа томирларга қарама-қарши ўлароқ, тож томирларда қон асосан диастола вақтида ўтади. Қоринчаларнинг тарангланиш фазасида миокарднинг қисқариши ундаги майда артерияларни шу қадар қисиб қўядики, шу пайтда тож артерияларда қон ўтиши жуда ҳам сусаяди (46-расм). Қоннинг бир қисми юрак веналаридан ўнг бўлмага қуйилувчи коронар синусга ўтади. Асосан чап қоринча веналаридан келаётган қон (тахминан 75—90%) шу ерга тушади. Бўлмалараро тўсиқ билан ўнг бўлма миокардидан келувчи қоннинг кўпчилик қисми бир талай майда Тебезия томир-лари орқали ўнг қоринчага тушади.
Одамнинг тож томирларидан минутига 200—250 мл қон ўтади, бу юрак минутли ҳажмининг қарийб 4—6% ини ташкил этади. Жисмоний иш вақтида тож томирлардан минут сайин ўтувчи қон миқдори 3—4 л гача етиши мумкин.
46-расм. Чап (юқорида) ва ўнг (пастда) тож
артерияларидан оқиб ўтадиган қон миқдори
(А. Гайтондан).
Ҳайвонлар устидаги тажрибаларда тож томирлар боглаб қуйилганда ёки одамнинг тож томирлари жуда ҳам торайганда (спазм), ёхуд тромб билан беркилиб қолганда (тромбоз) юрак иши бузилади, қисқариш ритми сусаяди ва бузилади ва юрак ҳатто диастолада тўсатдан тўхтаб қолади.
Одам ва ҳайвонларнинг коронар синусини катетеризация килиш, яъни бу синусга периферик вена орқали ингичка резина най киритиш техникаси сўнгги йилларда ишлаб чиқилди. Бирор артериядан ва коронар синусдан бир вақтда қон олинганда ана шу қон порцияларидаги турли моддаларнинг миқдор фарқини таққослаб кўриб, шу моддаларнинг миокардда қанча истеъмол қилинганини аниқласа бўлади. Юрак қондан кислородни бошқа органларга нисбатан кўпроқ олиши шу усулда аниқланган. Юрак кислородга ёлчимаганда тузук ишлай олмайди ва оғриқ сезгилари пайдо бўлади. Нормал физиологик шароитда бундай ҳодиса рўй бермайди, чунки қонда кислород камайганда коронар томирлар кенгаяди ва юракка қон келиши кўпаяди. Нафас тўхтатиб турилганда тож томирлардан икки баравар кўп қон ўтиши мумкин. Коронар томирларда қон оқишини нерв ва гуморал механизмлар бошқаради.
Коронар томирларга симпатик ва парасимпатик нервлар ва турли моддаларнинг таъсир этиш характерини аниқлаш қийинлигига сабаб шуки, нервлар таъсирланганда ҳам, турли моддалар киритилганда ҳам тож томирлардан қон айланишигина эмас, юрак мускулининг иши ҳам ўзгаради. Модомики шундай экан, коронар томирлардан қон ўтиши нима сабабдан ўзгаради: юрак қисқаришларининг ва, бинобарин, миокардда модда алмашинувининг ўзгаришиданми ёки бўлмаса текширилаётган модда юрак томирлари деворига бевосита таъсир этаётганлигиданми — буни билиш кўпинча қийин бўлади.
Тож томирларда қон айланишини ўрганган турли тадқиқотчилар чиқарган хулосалардаги зиддият ҳам шундан келиб чиқади. Масалан, бир гуруҳ тадқиқотчилар симпатик нерв тож томирларни кенгайтиради дейди, иккинчи гуруҳ тадқиқотчилар эса коронар томирларни симпатик нервлар торайтиради деб билади.