Юракда қўзғалиш ўтишининг бузилиши. Блокадалар. Юракда қўзғалишнинг ўтиши қийинлашганда қоринчалар билан бўлмалар қисқаришининг тўғри координацияси бузилади. Импульс (қўзғалиш) ўтишининг секинланиши бундай қийинлашувнинг биринчи даражасидир. Бу ҳолда қоринчаларнинг қисқаришлар ритми ўзгармайди. Бироқ Р ва Q тишлари орасидаги интервалнинг узайганлиги, яъни бўлмалардан қоринчаларга импульс ўтиш вақти кўпайганлиги электрокардиограммада кўринади.
Импульс ўтиши бузилишнинг иккинчи даражасида бўлмалардан келаётган айрим импульслар қоринчаларга етиб бормайди. Бу ҳолда ўқтин-ўқтин, масалан, 7—10 қисқаришдан сўнг қоринчаларнинг бир қисқариши тушиб қолади ва электрокардиограмманинг баъзи Р тишлари кетидан қоринча комплекси (QRSТ) келмайди.
Импульс ўтиши жуда ёмонлашганда бўлмалар қисқариши билан қоринчалар қисқариши орасидаги боғланиш тобора кўпроқ бузилади ва, ниҳоят, шу даражага етадики, бўлмаларнинг иккита қўзғалишидан биттасигина қоринчаларга етиб боради. Бу ҳолда ҳар икки Р тишнинг фақат биттасидан кейии қоринча комплекси келаётганлиги электрокардиограммадан кўриниб туради. Импульс ўтиши баттар бузилганда бўлмалар ва қоринчаларнинг қисқаришлари орасидаги нисбат 3:1, 4:1 ва ундан ҳам ошади. Бўлмалардан қоринчаларга қўзғалиш ўтишининг юқорида баён қилинган бузилишлари чала атриовентрикуляр блокада деб аталади.
Бўлмалардан қоринчаларга импульс ўтишининг бутунлай бузилиши тўла атрио-вентрикуляр блокада деб аталади. Бунда қоринчалар ўз автоматияси ҳисобига қисқаради, муносабат билан бўлмаларнинг қисқариши қоринчаларнинг қисқаришига тўғри келмайди, улар бутунлай диссоциацияланади. Бунда бўлмалар одатдаги ритмида қисқаради, қоринчалар эса автоматияси кам бўлгани учун сийрак (камроқ) қисқаради. Электрокардиограммада Р тишлари қоринча комплекси QRSТ га нисбатан бирор муайян ўринда бўлмай, балки қоринча комплексининг турли дақиқаларида қўшилиб х,ам кетади. Бунда қоринча комплексининг шакли жуда ўзгаради (20-расм),
Атриовентрикуляр тугун ва Гис тутамининг турли патологик ҳолатларида масалан, тож томирлар склерозида уларнинг қон билан яхши таъминланмаслиги ревматизм оқибатида яллиғланиш ўчоқларининг пайдо бўлиши ва шунга ўхшашлар юрак блокадасига сабаб бўла олади.
Ҳайвонлар устидаги экспериментда ўтказувчи йўлни атриовентрикуляр эгат соҳасидан лигатура билан кисиб қўйиб, юрак блокадасини вужудга келтириш мумкин. Баъзан импульс ўтишининг бузилиши бутун Гис тутами бўйлаб кузатилмай, фақат бир оёқчаси бўйлаб кузатилади (оёқча блокадаси). Бу ҳолда қўзғалиш бир қоринчага иккинчисига қараганда тезроқ етиб боради, шунинг учун у иккинчи қоринчадан олдинроқ қисқаради.