“ДУНЁҚАРАШ” ТУШУНЧАСИ, УНИНГ МОҲИЯТИ ВА ТАРИХИЙ ШАКЛЛАРИ.
Режа:
Дунёқараш ва унинг структураси
Дунёқарашнинг тарихий типлари
Фалсафий дунёқараш
Фалсафанинг асосий функциялари
Фалсафанинг илмийлиги
1. Дунёқараш ва унинг структураси
Фалсафа оламига қадам қўяр эканмиз, одатда у ёки бу муаммоси, баъзи файласуфларнинг номлари билан таниш эканлигимиз маълум бўлади. Чунки болалик чоғларимизданоқ олам ҳақидаги илк билимларимизни жамлаш билан бирга инсоният тақдири, кишилар ҳаёти ва мамоти, орзу-умидари, ташвишлари ва қувончлари ҳақида ўйга толамиз. Шу тариқа онгимизда файласуфларни асрлар мобайнида ташвишга солиб келган муаммолар юзасидан фикрлар, мулоҳазалар шакллани боради.
Олам қандай яралган? Ундаги моддийлик билан маънавийлик ўртасида қандай алоқадорлик мавжуд? Оламга зарурият устунми ёки тасодифми? Оламдаги ўзгаришлар қай тарзда юз беради? Ҳаракат нима, прогрессчи? Прогреснинг асосий мезонлари нималардан иборат? Ҳақиқатни ёлғондан қандай ажратмоқ лозим? Виждон, маъсулият, ҳалоллик, адолат, гўзаллик деганда нимани тушуниш керак? Шахснинг жамитятдаги ўрни қандай? Инсон ҳаётининг мазмуни ва маъноси нимадан иборат?
Ушбу абадий саволлар кўлами турли муаммоал ҳисобига бойиб бормоқда. Инсонпарвар, демократик жамият нима? Бундай жамиятни барпо этиш рецепти мавжудми? Бугунги кунда сайёрамиздаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ва экологик вазиятни қандай баҳолаш керак? Инсониятга таҳдид солаётган хавф-хатарлардан қутулиш имкони борми? Қандай қилиб инсонпарварлик ғояларини сақлаб қолиш мумкин?
Ҳазрати инсон оламда ўз ўрнини аниқлашга, белгилашга интилиши туфайли бундай мулоҳазаларга эҳтиёж туғилган. Кишининг фалсафа билан ғойибона танилишининг сабаби ҳам ана шунда. Фалсафий тафаккур оламига қадам қўяётган ҳар бир киши юқоридаги муаммоларга ўзининг кундалик турмушидаги хулосаларга асосланиб жавоб беради. Фалсафий мушоҳада эса инсондан ўз фикрларини ҳар томонлама илмий исботлашни талаб қилади. Шунингдек, фалсафани ўрганишга киришишимиз билан баъзи тасаввурларимизнинг нотўғри, хатолигига амин бўламиз. Зеро, фалсафа кишининг мулоҳазаларини хатолардан холи қилади, ривожлантиради, олам ва одам тўғрисидаги қарашларни системалаштиради. Дунёқараш муаммоларига онгли муносабатда бўлиш эса шахсни шакллантиришнинг зарурий шартидир.
Барча касб соҳиблари учун фалсафа сув-ҳаво каби зарурдир. Чунки фалсафа ҳар бир мутахасисга ўз соҳасини мукаммал ўрганиши учн замин яратади, оламни яхлит ҳолда тасаввурқилиш имконини беради. Дарҳақиқат, ҳар бир киши ўз касбининг моҳир устаси бўлиши билан бирга кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Дунёқараш эса инсоннинг амалий фаолияти туфайли бойиб, ривожланиб боради. Шунинг учун ҳам фалсафани ўрганишни дунёқараш структураси таҳлил қилишдан бошлаш мақсадга мувофиқдир.
Дунёқараш – инсон онгининг зарурий қисмидир. Бироқ у онгнинг элементларидан бири эмас, уларнинг мураккаб йиғиндисидир. Билимлар, эътиқодлар, фикр-мулоҳазалар, кайфиятлар, ҳис-туйғулар дунёқараш структурасидан жой олар экан, кишиларнинг олам ҳақидаги яхлит тасаввурларини, тушунчаларини вужудга келтиради.
Дунёқараш – интеграл тузилма бўлиб, унинг барча элементлари ўзаро алоқадордир. Дунёқараш структурасида эса энг асосий ўринни умумлаштирилган билимлар эгаллайди. Ушбу билимлар ҳажми қанчалик бўлса, инсон дунёқараши ҳам шунчалик кенг бўлади. Улардан ташқари дунёқараш структурасида қадриятлар ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.
Кўриниб турибдики, инсон дунёқараши икки мустаҳкам асосга таянади: улардан бири билимлар бўлса, иккинчиси қадриятлардир. Хуллас, дунёқараш – қарашлар, баҳолар, принциплар йиғиндисидан иборат яхлит система бўлиб, унинг энг асосий компонентлари билим, эътиқод ва хулқ-атвордир.
Кишиларнинг ақлий ва ҳиссий тажрибалари дунёқарашнинг турли шаклларида турли тарзда ўз ифодасини топади. Унинг ҳиссий-руҳий томонини дунёни ҳис этиш деб атасак, кишининг олам ҳақидаги тасаввурларини дунёни идрок қилиш деймиз. Дунёқарашнинг интелектуал томонини дунёни тушуниш таклиф ташкил этади.
Турли дунёқарашларинг “ақлийлик коэффициенти” турлича бўлади. Шунингдек, уларнинг ҳис-туйғуларга асосланганлиги даражаси ҳам фарқ қилади. Бироқ бундан қатъий назар, ҳар қандай дунёқараш иккала қутбни ҳам ўз ичига олади. Ҳатто энг етук дунёқараш ҳам фақат ақлийлик компонентидан иборат эмас, аксинча, ҳатто энг ривожланмаган дунёқараш ҳам фақат ҳис-туйғулардан иборат эмас, чунки дунёқараш биргина ақл маҳсули эмас, у инсон ҳис-туйғуларига асосланади ва аксинча, дунёқараш биргина ҳис-туйғулар маҳсули эмас, у ақлга асосланади.
Турмуш ташвишлари турли ҳис-туйғулар, кайфиятларни вужудга келтиради. Баъзилар оламни фақат яхшиликлар, эзгуликлар ва байрамлардан иборат, деб тасаввур қилсалар, бошқалар уни “қора рангларда” тасвирлашга мойилроқдирлар. Кишининг дунёни ҳис этиши ҳам ана шундай туйғуларга боғлиқ. Шу боисдан баъзилар оптимист бўлсалар, бошқа бировлар пессимистик кайфият оғушида юрадилар. Дарвоқе, киши кайфиятига унинг жамиятдаги ўрни, миллати, ёши, соғлиғи ва ҳоказолар ҳам ўз таъсирини ўтказади. Айтайлик, мутлақ соғлом киши билан бедаво дардга чалинган киши дунёни турлича ҳис этадилар.
Дунёқараш структурасида ақл ва ҳис-туйғулар ирода билан чатишиб, бирлашиб кетадики, бу бутун структурага ўзгача характер бахш этади. Дунёқарашга бирлашган элементлар амалиётда синовдан ўтганидан кейин, яъни шубҳа остига олинган фикр-мулоҳазаларнинг тўғрилигига амин бўлганидан сўнг эътиқодга айланади. Эътиқод кишилар томонидан ўз эҳтиёжлари ва манфаатларига мос тарзда ўзлаштирилган, қабул қилинган қарашлар йиғиндисидир. Бироқ шуни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозимки, шак-шубҳасиз қабул қилинган, амалиётда қўлланмай ўзлаштирилган қарашлар догматизмни вужудга келтиради. Аччиқ тажрибамиздан бизга маълумки, бундай позиция жамият тараққиётини секинлаштиради, турли кулфатларга сабаб бўлади. Шу билан бир қаторда қарашларнинг ҳаддан зиёд шубҳа остига олиниши бошқа бир иллат – скептицизмни юзага келтиради. Оқибатда инсон ҳеч қандай ғояга ишонмай, ҳеч қандай идеалга хизмат қилмай қўяди. Инсонпарвар, демократик жамият барпо этиш жараёни кетаётган бугунги шароитда ҳам догматизм, ҳам скептицизм – хавфли иллат ҳисобланади. Чунки улардан бири ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилса, иккинчиси олдимизга турган буюк мақсад йўлида фуқороларни бирлаштиришга ғов бўлади.
Ижтимоий тараққиётнинг барча босқичларида соғлом мулоҳазага, амалий тажрибага асосланган қарашлар муҳим аҳамиятга эга. Бундай қарашларни баъзан “ҳаёт фалсафаси” дейишади. Дунёқарашнинг стихияли тарзда шаклланадиган бу шакли жамиятнинг турли қатламларига хос бўлган дунёни ҳис этишни ва ақлнинг йўналишларини ифодалайди.
Ҳаётий-амалий дунёқараш бир хил бўлмайди, чунки унинг соҳибларининг маълумот даражаси, интеллектуал, маънавий маданиятнинг савияси, миллати ва дини турличадир. “Ҳаёт фалсафа” кўламининг кенглиги ҳам шундадир.
Ҳаётий-амалий дунёқарашнинг ўзига хос тури кишиларнинг турли фаолият соҳаларидаги билим ва тажрибалари асосида шаклланган қарашлари билан боғлиқ. Чунончи, олим дунёқараши амалдор дунёқарашидан тубдан фарқ қилади. Шунингдек, илмий, бадиий, сиёсий ижодиёт давомида яралган ғоялар ҳам ижтимоий дунёқарашга, ҳам профессионал файласуфлар тафаккурига катта таъсир ўтказади. Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодининг мамлакатимиз фалсафасига таъсири бунинг ёрқин далилидир.
Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳаётий-амалий дунёқараш ижобий тажрибалар, анъаналарнигина эмас, хурофот ва таассубларни ҳам ўзида жамлайди. Дунёни бундай тушуниш хато ва янглишишлардан ҳам холи эмас, баъзида эса носоғлом кайфиятлар (масалан, шовинизм, миллатчилик, ирқчилик ва ҳоказолар) таъсири остига ҳам тушиб қолиши мумкин. Энг асосийси, унда системалик ва изчиллик йўқ.
Системалилик, изчиллик ва асосланганлик – оламни тушунишнинг назарий даражасига хос бўлган хислатлардир. Фалсафа ҳам дунёни тушунишнинг айнан шу даражасига тааллуқлидир. Дунёқараш тушунчасининг ҳажми фалсафа тушунчасининг ҳажмидан каттароқдир.
Эйлер доираларида буни айниқса аниқ ифодаласа бўлади (1-чизмага қаранг). Дунёқарашнинг бошқа шакл ва типларидан фарқли ўлароқ фалсафанинг барча ғоялари назарий жиҳатдан асосланган, мантиқан изчилдир. Файласуф эса нафақат ана шундай дунёқараш соҳиби, балки дунёқарашнинг структурасини таҳлил қилишни ўзига касб этган зотдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, дунёқараш – билимлар ва қадриятлар, интелект ва ҳис-туйғулар, эътиқодлар ва гумонлар йиғиндисидир. Шунинг учун ҳам унинг уч томони мавжуд: дунёни ҳис этиш, дунёни тушуниш, дунёни идрок этиш. Системалилиги, “изчиллиги”, ғояларнинг асосланганлиги ҳолатига қараб дунёқарашни икки даражага бўламиз: ҳаётий-амалий дунёқараш ва назарий дунёқараш.
Do'stlaringiz bilan baham: |