4. Фалсафанинг асосий функциялари
Фалсафа – кўп қиррали соҳа. Фалсафий тадқиқот майдони ниҳоятда кенг, муаммолари турли–тумандир. Фалсафа ижтимоий – тарихий тажрибанинг барча жабҳалари хусусида мулоҳаза юритади. Буни айниқса Гегель фалсафасининг структурасидан яққол илғаб олса бўлади. Фалсафий концепция қанчалик бой бўлса, унда маданиятнинг шунчалик кўп соҳаси қамраб олинади. Буни мойчечак шаклида тасаввур этиш мумкин. (3-чизмага қаранг): унинг ҳар бир гулбарги маданиятнинг турли соҳаларига тўғри келади (масалан: ахлоқ фалсафаси, техника фалсафаси, табиат фалсафаси, тарих фалсафаси, сиёсат фалсафаси, ҳуқуқ фалсафаси, санъат фалсафаси, дин фалсафаси ва ҳоказолар). Оламни фалсафий билиш кўлами аста – секинлик билан кенгайиб боргани туфайли бундай гулбарглар сони кўпайиб боради.
Фалсафани маданий – тарихий воқеа сифатида таҳлил қилиш унинг динамик характерга эга бўлган муаммоларини мумкин қадар кенгроқ қамраб олиш имконини беради. Кишилар ижтимоий турмушини маданий – мантиқий нуқтаи назардан кўриб чиқадиган бўлсак, унинг маданий – тарихий қадриятлар тарнсляцияси, эскирган тажрибаларни танқидий бартараф этиш, янги шаклларни қабул қилиш ва шу кабилар билан боғлиқ бўлган яхлит жараён эканлигига чуқур ишонч ҳосил қиламиз.
Хўш, ижтимоий – тарихий ҳаётда фалсафанинг асосий функциялари нималардан иборат? Мулоҳазаардан кўриниб турибдики, фалсафа нафақат борлиқнинг турли шакллари ва улар орасидаги ўзаро алоқадорлик ҳақидаги маълумотларни маълумотлар йиғиндисидан, балки билиш принциплари мажмуидан, фаолиятнинг умумий методлари йиғиндисидан иборат. Шу асосда фалсафанинг турли функцияларини икки асосий гуруҳга - дунёқарашга оид функцияларга ва методологик функцияларга бўлиш мумикн.
Фалсафанинг турли муаммолари ичида инсон муаммосининг аҳамияти ўзгачадир. Шу боисдан фалсафанинг дунёқарашига оид функциялари туркумида инсонпарварлик, гуманистик функцияси учтивор аҳамиятга эга.
Бирор бир киши йўқки, ҳаёт ва мамот муаммоларига, ўз умрининг интиҳоси хусусида ҳаёлга толмаса. Яшаб ўтилган ҳар бир кун ўлим сари қўйилган бир қадамдир. Ҳар қандай келажак охир – оқибатда ўлимга элтади – бунга кунмай, кўникмай иложимиз йўқ. Умрнинг чеклангани инсон ҳаётининг мазмуни, яшашдан мақсади ҳақидаги мулоҳаларга ўзгача тус, маъно бағишлайди.
Фалсафа, албатта, абадийлик ҳадя эта олмайди, лекин ҳарқалай ҳаётнинг мазмунини англаб етиш, руҳан тетик бўлиш учун имкон яратади. Мазкур муаммолар экзистенциализм фалсафасининг номоёндалари М.Хайдеггер, К. Ясперс, Ж.П.Сартр, А.Камюлар томонидан айниқса чуқур таҳлил қилинади. Даниялик мутафаккир С.Кьеркегорнинг ғояларини ривожлантирар эканлар, улар фалсафа инсонни бемаъни, уқубатларга тўла ҳаётдан қутқазади ва осойишта мазмунли ҳаёт кечиришга кўмаклашади, деган хулосага келадилар.
Ўз ҳаётининг мазмунини англаб олиш инсон учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки мазмунсиз, бемаъни ҳаётдан даҳшатлироқ фожеа бўлмайди. Шу сабабдан ҳам ҳаётидан, турмушидан мазмун топа олмаган кимсалар аксарият ҳолларда ўз ҳаётларига қасд қиладилар. Фалсафа эса инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилар экан, ҳаётнинг мазмуни хусусидаги хулосалар ва мулоҳазаларни илгари сурар экан, Ҳазрати инсонга яшаш учун куч – қувват ато этади.
Фалсафа инсонни жамиятдаги салбий ҳолатлардан ҳам суғурта қилади, инсоннинг инсонийлик ибтидосини ривожлантиради. Суфийларнинг бу фоний дунёнинг ёлғондакам лаззатларидан воз кечиб, тасаввуфдан паноҳ излаганлари ҳам бежиж эмас.
Йигирманчи асрнинг энг катта ижтимоий иллатларидан бири бўлмиш бегоналашув инсон маънавий дунёсига айниқса катта таъсир кўрсатди. Ўзбекистонда бу иллат миллий қадриятлардан бенасиб бўлиб қолишда, қиёфасиз қиёфаларнинг, манқуртларнинг катта авлоди шаклланишида намоён бўлди. Шу муносабат билан инсонпарвар, демократик жамият барпо этилаётган бугунги кунда мустақил шахсни шакллантиришда муҳим аҳамит касб этадиган фалсафий дунёқарашнинг қиммати янада ошди.
Фалсафанинг дунёқарашига оид функцияларнинг яна бири ижтимоий – аксиологик функциясидир. Фалсафа турли ижтимоий қадриятлар ҳақидаги тасаввурларни шакллантириш билан чекланиб қолмасдан, воқеликни талқин ва таҳлил, ватаъриф ва танқид этади. Шу жумладан, ижтимоий идеал ҳақидаги тасаввурларни вужудга келтириш ҳам фалсафа зиммасидадир.
Ижтимоий идеални шакллантириш билан боғлиқ муаммолар фалсафа билан сиёсий тузум ўртасидаги ўзаро муносабатлар характерига бориб тақалади. Бир қарашда фалсафа барча замонлар ижтимоий идеал, сиёсий тузум, ҳокимият ҳақидаги мулоҳазаларни яратгану, давлат, сиёсий тузум уларни рўёбга чиқаришга интилгандек туюлади.
Бу фикрда жон бор албатта. Платоннинг “Давлат”, Абу Наср Фаробийнинг “Фозил шаҳар аҳолиларининг фикрлари”, Амир Темур “Темур тузуклари”, Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий”, Иоганн Фихтенинг “Немис миллатига мурожаатлар”, Фридрих Ницшеннинг “Зардўшт таваллоси” каби ўнлаб асарларида давлат ва уни бошқариш, сиёсий тузум ва ҳокимият муаммолари таҳлил қилинади. Уларда амалий – сиёсий фаолиятда қўллашга мўлжалланган тавсиялар ҳам кўплаб учрайди. Масалан, жамиятда адолатни қарор топтириш учун Платон хусусий мулкчилик ва оилани бекор қилишни тавсия этса, Фаробий давлатни соғлом, ботир, ақлли ва адолатпеша кишилар бошқариши кераклигини таъкидлайди. Темур тартиб, қонун ва эътиқодга асосланмаган давлатнинг шукуҳи йўқолишини кўрсатиб ўтса, Навоий шоҳнинг энг аввало маърифатли, ўқимишли бўлиши зарурлигини ўқтиради. Фитхе жамиятда осойишталикни таъминлаш учун полиция назоратини кучайтириш зарурлигини айтса, Ницше ҳокимиятни ғайритабиий қобилиятга, кучли иродага бўлган, оломондан фарқли фикрлай оладиган кишига ишониб топшириш мумкин, деб ҳисоблайди. Тарихдан бизга маълумки, кўпгина сиёсий тузумлар шу каби фалсафий таълимотларни ўзларининг мафкуралари сифатида эътироф этганлар.
Бироқ фалсафий таълимот сиёсий ҳокимиятнинг хатти – ҳаракатлари, оқибатлари учун жавобгар бўла олмайди. Ахир, фалсафадан сиёсатга элтувчи йўллар турфа хил, яъни бир фалсафий билимдан турлича хулосалар чиқариш мумкин. Чунончи, “давлат тартибга асосланиши керак, мамлакатда тартиб бўлмоғи зарур”,- деган фикр асосида қонун устиворлигини таъминлаш ҳам, Сталин ва Пиночет каби минглаб кишиларни ўлимга ҳукм қилиш ҳам мумкин.
Фалсафа ижтимоий идеални шакллантириш билан бирга воқеликни таҳлил ва танқид ҳам қилади, яъни файласуф ижтимоий идеал билан воқелик ўртасидаги тафовутни аниқлашга интилади. Танқид субъектнинг норозилигини ифодалайди. Норозиликни эса турлича ифодалаш мумкин. Баъзи ҳолларда воқеликни таҳлил қилишдан воз кечиш, “сукут сақлаш” ҳам норозилик ифодаси бўлади.
Фалсафанинг дунёқарашга оид функциялари орасида маданий – тарбиявий функциясининг ўрни ҳам беқиёсдир. Фалсафа маданиятли шахсни шакллантиришда ҳал қилувчи омил вазифасини ўтайди. Маданиятли шахснинг энг асосий фазилатларидан бири – ақлий зукколикдир. Ақлий зукколик – шахснинг табиат ва жамиятдаги содир бўлаётган турли ҳодиса ва воқеаларни, жараёнларни кузатиш, унинг моҳиятини илғаб олиш, сабабларини тушуниш, оқибатларини олдиндан кўра билиш, бундан тўғри хулоса чиқариш қобилиятининг, шунингдек, фаҳм – фаросати, зеҳни, зийраклигининг ривожланганлиги ҳолатини ифодаловчи категориядир. Унинг асосий компонентларини билимлар, тафаккур юритиш қобилияти, ақл мустақиллиги, ижодкорлик ташкил этади. Ушбу компонентларнинг барчаси юксак даражада шакллангандагина фикрлаш маданияти юксалади. Шахснинг воқеа ва ҳодисалардаги зиддиятларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш қобилияти эса фикрлаш маданиятининг мезони ҳисобланади.
Фалсафа информациялар тўплаш функциясини ҳам бажаради. Унинг асосий вазифаларидан бири - ҳозирги замон фани, тарихий амалиёт ҳамда бугунги инсон интеллектуал салоҳияти талабларига жавоб бера оладиган дунёқарашни шакллантиришдан иборат. Бунинг учун эса объектни тўғри акс эттириш, унинг компонентлари ва элементлари, уларнинг ўзаро алоқадорлиги ҳақида ишончли маълумотлар тўплаш зарур бўлади. Фалсафа, фан каби, янги маълумотлар олиш мақсадида турли информацияларни йиғиш ва таҳлил этиш, қайта ишлаш ва системалаштириш билан шуғулланади. Бу информациялар турли фалсафий категорияларда ўз ифодасини топади.
Категориялар – борлиқ, материя, предмет, ҳодиса, жараён, - хосса, муносабат, ўзгариш, тараққиёт, сабаб – оқибат, бутун – бўлак, элемент – структура каби универсал тушунчаларни ифодалайди.
Уларни ҳар қандай инсон интелектининг асосини ташкил этади. Категориялар яхлит бир системани вужудга келтирадики, ушбу системанинг қуйидаги бўлимлари бор: фалсафий онтология (борлиқ ҳақидаги фалсафий таълимот), гносеология (билиш назарияси), диалектика (ўзаро алоқадорлик, ўзгариш ва тараққиёт ҳақидаги таълимот), ижтимоий фалсафа, умумий этика, назарий эстетика, фанларнинг фалсафий муаммолари, дин фалсафаси, фалсафа тарихи, фалсафа фалсафаси ёки метафилософия (фалсафий билим назарияси).
Фалсафа юқорида тилга олинган дунёқарашга оид функциялар билан бир қаторда методологик функцияларни ҳам бажаради. Улар орасидаги энг асосийси – эверистик функциядир. Бу функциянинг моҳияти илмий билимларнинг кенгайиши, янги кашфиётлар учун замин тайёрлашдан иборат. Фалсафа методлари формал логика методлари билан биргаликда янги билимларнинг дунёга келиши учун пойдевор яратади. Бунинг натижасида категориялар системаси экстенсив ва интенсив тарзда ўзгариб, такомиллашиб боради. Янги информациялар башорат вазифаси ҳам ўташи мумкин. Зеро, фалсафа назарий ва методологик характерга эга бўлган кашфиётларни олдиндан башорат қилишни таъқиқланмайди.
Фалсафа борлиқнинг турли шаклларига оид янги муаммоларни аниқлаш ва кун тартибига қўйиш, ушбу муаммоларни тадқиқ этиш имконини берадиган тушунчалар аппарати, принциплар ва методларни шакллантириш, янги гепотезалар тузиш ва охир – оқибатда яхлит илмий назарияни вужудга келтириш билан ҳам шуғулланади.
Методологик функциялар туркумига мувофиқлаштириш функцияси ҳам киради. Маълумки, бирор объектни тадқиқ этишда бир методни қўллаш кифоя эмас. Фанлар ўртасидаги қатъий чегара йўқола бораётган, турли фанлар “чорраҳасида” янги фанлар (астрофизика, биофизика, агробиология) туғилаётган бир шароитда “бир предмет – бир метод” принципининг қўлланиши тадқиқот самарасини пасайтиради. Масалан, молекуляр биология объектларини ўрганиш учун тарихий – биологик методдан фойдаланиш билан чекланмасдан, органик химия, молекуляр физика, полемар бирикмаларнинг физик химияси, кибернитика методларига ҳам асосланиш керак бўлади. Шу боисдан илмий тадқиқотлар учун турли методларни танлаш, уларни мувофиқлаштириш зарурияти юзакга келади. Бу вазифани эса фалсафа ўз зиммасига олади.
Фалсафа интегритив функцияни ҳам бажаради. XVIII-XIX асрлардаги фан тарақққиётининг муҳим тенденцияларидан бири турли янги, мустақил фанларнинг шаклланиши бўлди. Бу турли объектларни ҳар томонлама ўрганиш имконини яратди. Лекин шу билан бирга фанлар орасидаги алоқадорлик, яхлитлик сўна борди. Натижада фан инқирози юзага келди. Бундай шароитда илмий билимларни интеграция қилиш ва шунинг асосида оламнингг яхлит манзарасини чизиш зарурияти туғилди. Бу муаммони ҳал қилиш учун оламнинг яхлитлиги ҳақидаги фалсафий принципга асосланиш керак. Ваҳоланки, олам яхлит экан, унинг инъикоси ҳам яхлит, битта бўлмоғи шарт.
Фалсафанинг яна бир методологик функцияси – мантиқий – гносеологик функциясидир. Мазкур функциянинг моҳияти шундан иборатки, фалсафа ўз методларини, норматив принципларини ишлаб чиқиш, илмий билимларнинг тушунчалар аппаратини ва назарий структурасини мантиқан асослаб бериш билан шуғулланади.
Шундай қилиб, фалсафа қатор ўзига хос функцияларга эга. Фалсафа борлиқнинг турли шакллари ва улар ўртасидаги ўзаро алоқадорлик ҳақидаги информацилар системаси сифатида қуйидаги дунёқраршга оид функцияларни бажаради: а)инсонпарварлик (гуманистик) функцияси; б) ижтимоий – аксиологик функция; в) маданий – тарбиявий функция; г) информациялар тўплаш функцияси. Шунингдек, фалсафа билиш принциплари мажмуидан, билиш фаолиятининг умумий методлари йиғиндисидан иборат бўлгани туфайли қуйидаги методологик функцияларни ҳам бажаради: а) эвристик функция; б) мувофиқлаштириш функцияси; в) интегратив функция; г) мантиқий –гносеологик функция. Ушбу функциялар баёни, фикримизча, “Фалсафа керакми?”- деган саволга аниқ жавоб бериш учун кифоядир.
Do'stlaringiz bilan baham: |