2. Дунёқарашнинг тарихий типлари
Ҳодиса ва воқеанинг моҳиятини билмоқ учун унинг қандай вужудга келганини англамоқ зарур. Фалсафий дунёқараш узоқ давом этган эволюцион жараён маҳсулидир. Унинг моҳиятини чуқурроқ англаб олиш учун дунёқарашнинг бошқа тарихий типларига – мифология ва динга мурожаат этишимиз керак бўлади.
Мифология – ижтимоий онгнинг универсал шакли бўлиб, тарихий тараққиётнинг илк босқичларида мавжуд бўлган.мифлар (ривоятлар, нақллар, афсоналар, эртаклар, достонлар) барча халқлар дунёқараши учун хос хусусиятдир. Улардаги қатор мавзулар бир-бирига ниҳоятда ўҳшаш бўлиб, кўпгина ривоятларда такрорланди. Ривоятларнинг катта қисмида коинот билан боғлиқ муаммолар ёритилади, оламнинг яралиши (ёҳуд яратилиши), тузилиши, табиат ҳодисалари, инсон умрига доир саволларга жавоб изланади. Уларда олам Худонинг каромати билан шаклсиз ибтидодан яралган мўжиза деб уқтирилади. Баъзи ривоятларда эса ҳатто оламнинг чекланганлиги, унинг охир-оқибатда ўлимга юз тутиши ҳақида ҳам гап боради.
Шунинг билан бирга ривоятларда инсоннинг келиб чиқиши, унинг турмуши, орзу-умидлари, олам ҳақидаги тасаввурларига ҳам катта эътибор берилади. Айниқса оловдан фойдаланишнинг бошланиши, деҳқончилик ва ҳунармандчиликнинг келиб чиқиши ҳақида мароқли ҳикоя қилинади. Турли халқларнинг ривоятлари бири иккинчиси билан боғланиб кетади (“Рамаяна”, “Илиада”, “Гўрўғли”).
Ривоятларда илк билимлар, сиёсий қарашлар,санъат, ва фалсафанинг турлари ҳам ўз аксини топган. Кейинчалик уларнинг барчаси мустақил равиш-
да тараққий эта бошлайди. Жамият ҳаётининг ибтидоий шакллари ниҳояисга ета бошлагач, шу даврдаги дунёқарашни ифодалаган мифлар ҳам инқирозга юз тутди. Бироқ ундан ҳам куч олиб, ривожлана бошлаган бошқа дунёқараш шакллари мифологиу онг кун тартибига қўйган муаммоларга жавоб излашда давом этдилар. Фақат бу изланишларда дин ва фалсафанинг йўли айри тушди (2-чизмага қаранг).
Дин оламни иккига – фоний ва боқий дунёга бўлиб ўрганади. Диний дунёқарашнинг асосини илоҳий қудратнинг мавжудлигига ишониш ва сиғиниш ташкил этади. Ишонч – диний онг мавжудлигининг шаклидир. У киши руҳиятнинг ўзига хос ҳолатини характерлайди. Ишонч сиғиниш орқали намоён бўлади. Сиғиниш- қатъий ўрнатилган маросимлар системасидир. Исломда илоҳий қудратга ишонган ва унга сиғинган кишини иймонли кишилар деб айтадилар. Иймон - эътиқод объекти тўғрисида гувоҳлик беришдан иборат бўлиб, унинг етти асосий предмети мавжуд:
Худонинг якка-ю ягоналигига ишониш;
Муқаддас китобларга ишониш;
Худонинг Расулларига (Пайғамбарларига) ишониш;
Фаришталарнинг мавжудлигига ишониш;
қиёмат кунининг келишига ишониш;
тақдирнинг илоҳийлигига ишониш;
ўлимдан кейинги ҳаётга ишониш;
Дин – тарихий тараққиёт маҳсулидир, у бир киши ёки бирор гуруҳнинг ҳоҳиш иродаси билан вужудга келиб қолган эмас. Шу нуқтаи-назардан мартксистларнинг “дин- оммани тобеликда сақлаб қолиш учун ўйлаб топилган ғоя”, деган деган фикрлари ҳақиқатдан мутлоқо йироқдир. Дин жамиятнинг маълум эҳтиёжларига жавобан вужудган келган дунёқарашдир. Жамият ривожининг турли босқичларида (шу жумладан бугунги ҳам) диннинг турли вариантлари, шакллари, кўринишлари мавжуд бўлган. Чунончи, “World almonas – 1994” жўрналининг маълумотларига қараганда, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг 1 миллиард 833 миллион христиан диинга, 971 миллион 300 мингги ислом динига, 723 миллион 800 мингги индуизмга, 314 миллион 900 мингги буддизмга эътиқод қилишади. Бундан ташқари, 187 миллион 100 минг киши Хитой халқ динлари, 143 миллион 400 минг киши Осиёнинг ягни динлари тарфдорлари ҳисобланадилар. Шунингдек, жаҳонда 96 миллион 600 минг бутпарастлар, 18 миллион 800 минг сикҳлар, 18 миллион 600 минг янги давр сектантлари, 17 миллион 800 минг иудаизм тарафдорлари, 10 ярим миллион шаманистлар, 6 миллион конфуцийлар истиқомат қилишади. Атиги 876 миллион кишигина атеистдир. Бу фактлар нафақат динларнинг турли-туманлигидан, балки диний ғояларнинг ижтимоий онгга таъсири бугунги кунда ҳам катталигидан далолат беради.
Диннинг асосий тушунчаси – Худодир. У одамзотнинг мададкори, маслаҳатчиси сифатида талқин этилади. Диний дунёқарашга кўра, инсон Худога интилиб яшамоғи лозим. Бироқ Худони тўлиқ, охиригача англаб бўлмайди. Чунки у шундай бир абсолютдирки, уни инсоннинг чекланган онги билан билиб бўлмайди. Худони тўлиқ англаб етишга интилган киши латифадаги тошбақанинг минг йил яшашини аниқлаш учун уйига олиб келган болакайни эслатади.
Дин душманликни, қотилликни, аҳлоқсизликни тарҳиб этмайди. Худо йўлида ўз жонидан воз кечишни, бировнинг ҳаётини қурбон қилишни тарғиб этувчиғоялар сохта диндир. Дин кишиларни адолатли, аҳлоқли бўлишга, соғлом ҳаёт кечиришга чорлаб келгани учун минг йиллар давомида ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Диндан фарқли ўлароқ, фалсафа дунёқарашнинг интелектуал томонига эътиборни қаратади. У донишмандликни излаш билан машғул бўлди. Зеро, “Фалсафа” сўзининг маъноси ҳам “донишмандликни севаман” иборасини англатади. Тарихий маълумотларга қараганда, “Файласуф” сўзини илк бора юнон мутафаккири Пифагор ишлатган. Унинг фикрича, донишмандликка интилувчи ва оқилона ҳаёт кечирувчи кишинигина “файласуф” деб аталишга муносибдир. “Фалсафа” терминини биринчи марта Платон қўллаган.
Фалсафий тафаккур ўз изланишларини ақл, интеллект позициясидан олиб боради. Ривоятларга хос бўлган уйдирмалар, тимсоллар ўрнини мантиқий таҳлил умумлаштириш, хулоса, исбот эгаллай бошлади. Аста-секинлик билан маънавий маданиятнинг энг эътиборли қадриятларини ўзида жамлаган фалсафа маънавиятнинг мустақил соҳасига, олий қадриятга айлана борди. Фалсафанинг вужудга келиши ҳам қадимда Ҳинд ва Хитой, Эрон ва Турон, Юнонистонда юз берган буюк маданий ўзгаришларнинг таркибий қисми эди. Дастурилаввалда “фалсафа” сўзи назарий тафаккурнинг синоними сифатида ишлатилган. Фалсафий тафаккур нафақат турли маълумотларни жамлашга, балки оламни яхлит тарзда идрок этишга интилган. Шунингдек, фалсафий тафаккур инсон табиати, унинг тақдири ҳақидаги мулоҳазаларни ҳам ўз ичига олади. Бироқ фалсафий тафаккур ибтидосидаги энг буюк ихтиролардан бири шу бўлдики, догишмандлик тайёр ҳолда мавжуд бўлганҳосила эмаслиги англаб етилди. Донишмандлик – инсоннинг барча ақлий имкониятларини ва маънавий куч-қудратини жалб этишни талаб қиладиган йўлдирки, уни ҳар бир кишининг ўзи мустақил босиб ўтиши шарт.
Тарихий тараққиётнинг турли босқичларида яшаб, ижод қилган мутафаккирлар “Фалсафа нима?”- деган саволга турлича жавоб берганлар. Бунинг бир неча сабаби мавжуд. Маънавий маданиятнинг ўзгариши билан бирга фалсафанинг предмети ҳам ўзгара борди. Ҳатто оламни фаосафий тушунишнинг бир даврда бир неча вариантлари ҳам бўлди. Лекин оламга мутафаккирлар муносабатининг ўзгариши қанчалик фарқ қилмасин, ўҳшаш жойи шундаки, уларнинг барчаси фалсафий ситемалардир.
Хўш, файласуфлар нималар ҳақида мулоҳаза юритганлар? Асрлар давомида уларнинг эътиборини тортиб келган муаммо оламнинг борлиги ва бирлиги, хусусан борлиқнинг турли шакллари орасидаги ўзаро алоқадорлик бўлди. Илк файласуф табиат муаммоларига алоҳида эътибор билан қарайдилар. Уларни оламнинг тузилиши, Ер, Қуёш, юлдузларнинг вужудга келиши, бир сўз билан айтганда, космогоник ва космологик муаммолар ҳаяжонлантиради. Файласуфлар бутун борлиқнинг ўзагини ташкил этган ибтидони топишга интиладилар. Эрамиздан аввалги У 1 асрда Марказий Осиёда кенг тарқалган Зардўшт Сепитома (эр.авв. 589-512) таълимотида эса оламни билиш қоидалари ҳақида ҳам фикр юритилган. Бундай мулоҳазалар “Авесто”нинг таркибий қисми бўлмиш “Виспарт” китобида ўз аксини топган. Ҳуллас, фалсафа – табиат фалсафаси (натурфилософия) сифатида фаолият кўрсатиб, асрлар мобайнида ўзининг ана шундай хусусиятларини йўқотмай келди.
Аста-секинлик билан файласуфлар эътибори ижтимоий ҳаёт муаммоларига ҳам қаратила бошланди. Ижтимоий-фалсафий тафаккур позитив, ижтимоий-сиёсий билимларнинг вужудга келишига замин яратди. Ижтимоий воқеаларни қунт билан ўрганар эканлар, файласуфлар жамиятда адолатни қарор топтириш, давлат ва фуқаролар орасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш йўллари ҳақида фикр юритдилар. Айниқса, Моний ибн Фатакнинг (216-276) демократия ҳақидаги, Маздак ибн Хомадоннинг (456-528) ижтимоий адолат ва тенглик ҳақидаги мулоҳазалари фалсафий тафаккур тараққиётига катта таъсир кўрсатди. Улар ўзларининг инсонпарвар ғояларини кейинги авлодларга бебаҳо туҳфа сифатида мерос қилиб қолдирганлар.
Файласуфларни жунбушга келтирган муаммолардан яна бири инсон, унинг табиати, ақли, туйғулари, аҳлоқи, қобилияти ва ҳаказолар билан боғлиқ. Ҳинд ва Хитой, Эрон ва турон фалсафаси инсон муаммоларини ўрганишга аввалдан алоҳида эътибор бериб келинган бўлса, Юнон фалсафасида коинотни қўйиб, инсонга боққан биринчи мутафаккир Суқрот (эр.авв.470-399) бўлди. Унинг мулоҳазаларининг асосий мавзуи инсон ҳаёти ва мамоти, яшашдан мақсад, аҳлоқий фазилатлар ва шу кабилар бўлди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жамият тараққиётининг турли босқичларида дунёқарашнинг уч тарихий типи (мифолдогия, дин, фалсафа) вужудга келди. Мифология - кишилик жамиятининг илк босқичлармда ҳукм сурган универсал ижтимоий шакли бўлса, дин – оламни фоний ва боқий дунёга бўлиб ўрганувчи дунёқараш типидир. Ўзига хос дунёқараш типи бўлган фалсафа эса ғояларнинг асосланганлиги, изчиллиги, системавийлиги билан ажралиб туради. Фалсафий дунёқараш мифологик дунёқараш заминида вужудга келган бўлса ҳам ундан кескин фарқ қилади. Мифологияда қабиладаги уруғчилик ва қариндошчилик муносабатлари ҳам табиатга кўчирилади, реаллик ва уйдирма, воқелик ва орзу умид ўртасида чегара қўйилмайди. Динда эса олам илоҳий қудрат маҳсули сифатидагина тасвирланади. Улардан фарқли равишда фалсафа ақл, интеллект ва мантиқ позициясидан ўрганишга интилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |