Тадқиқот натижаларинингишончлилиги тадқиқот жараёнида қўлланилган ёндашув ва усулларнинг мақсадга мувофиқлиги, маълумотларнинг расмий манбалардан, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Сурхондарё вилояти статистика бошқармаси статистик маълумотларидан олингани ҳамда тегишли хулоса ва таклифларнинг масъул ташкилотлар томонидан амалиётга жорий қилингани билан белгиланади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти.Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти ҳудудларда истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, ривожланишини иқтисодий-статистик усулларда илмий тадқиқ этиш, кўп вариантли прогнозлаш вариантларини ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ хўжалик соҳасини иқтисодий ривожланишига таъсир этувчи омилларни баҳолашда кўп омилли эконометрик моделлардан фойдаланиш мумкинлиги билан изоҳланади.
Тадқиқотнинг амалий аҳамияти республикамиз минтақаларида, хусусан Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожланишининг самарадорлигини ошириш, ҳудудий мувофиқлаштирувчи Дастурлар ишлаб чиқилишига ҳамда «Маҳаллийлаштириш Дастур»лари амалга оширилишига кўмаклашади. Шунингдек, олий ўқув юртларида талабаларга «Иқтисодий хавфсизлик», «Статистика асослари», «Эконометрика», «Математик моделлаштириш» каби фанлардан ўқув-услубий қўлланма ва кейс-стадилар тайёрлашда фойдаланиш мумкинлиги билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.Истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш жараёнларини моделлаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
аҳолини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминланганлик даражасини баҳолаш мезони қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг аҳоли физиологик эҳтиёжларини қондириши даражаси, уй хўжаликлари якуний истеъмоли харажатлари таркибида қишлоқ хўжалик маҳсулотларга қилинган харажатлар улуши ва даромадлар бўйича аҳоли тақсимоти нотекислик даражаси кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича таклифлар Сурхондарё вилояти Бойсун туманининг қишлоқ хўжалиги фаолиятида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 26 сентябрдаги 02/032-2624-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида ҳудудда аҳолини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминланганлик даражаси аниқланган;
аҳолини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш тизимининг мантиқий-тузилмавий модели ташкилий, иқтисодий, техник ва технологик кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар Сурхондарё вилоятининг қишлоқ хўжалиги фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 26 сентябрдаги 02/032-2624-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши 2018 йилда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида фермер хўжаликлари сони 2017 йилга нисбатан 12% га, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун жалб қилинган техникалар сонини 10% га оширилиб, туманда қўшимча 285 млн. сўм даромад қилишга эришилган;
аҳолини истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳосилдорлик динамикаси экспоненциал текислаш, Браун ва Хольт моделларининг адаптация параметрларини оптималлаштириш бўйича берилган таклиф Сурхондарё вилоятининг қишлоқ хўжалиги фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 26 сентябрдаги 02/032-2624-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг амалиётга жорий этилиши истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳосилдорлигида ахборот технологиялари ва интеграл кўрсаткичлар тизимини қўллаш имконини кенгайтирган.
истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ўсишининг 2022 йилгача бўлган кўп вариантли прогнозлари Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 26 сентябрдаги 02/032-2624-сон маълумотномаси). Мазкур прогноз натижалари асосида Сурхондарё вилоятида истеъмол саватига кирувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришнинг 2022 йилгача прогноз кўрсаткичлари аниқланган.