5. Ўзбекистонда совет ҳокимиятининг маданий сиёсати
Совет ҳокимиятининг таълим ва фан соҳасидаги ишлари. Ёш авлодни ўқитиш, бунинг учун шарт-шароит яратиш халқ, унинг вакиллари учун долзарб бўлиб келган. Маърифатпарвар адиб ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний таълим ва тарбия ҳақида шундай деган эди: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.
Ўзбекистонда болшевиклар дастлабки йилларда совет мактаблари ва техникумлар очишга алоҳида эътибор қаратди. Жадид мактаблари ёпилди. Эски мактаблар ва вақф мактаблари ҳам тугатилди. Туркистон давлат университети ва Ўзбекистон давлат университетидан кейин республикада кўплаб институтлар ташкил этилди. Бироқ университет ва институтлардаги талабалар орасида ўзбеклар качиликни ташкил қилган. Бу олий ўқув юртларида асосан славян тилларига мансуб кишилар ўқиган. Уларда дарс берган ўқитувчилар орасида ҳам маҳаллий миллат вакиллари камчилик бўлган. Ўрта Осиёда Олий таълимнинг бешиги Туркистон давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) бир қанча олий ўқув юртларига асос бўлди, 1940 йили республикада 30 та олий, 100 га яқин ўрта махсус ўқув юртлари ишлаб турди.
Халқ таълими ва саводсизликка қарши кураш. 1934 йил 10-17 январда Тошкентда бўлиб ўтган ЎзКПнинг VI съездида ВКП(б) XVII съездида қўйилган вазифаларга асосланиб, иккинчи беш йиллик даврида (1933-1937) республиканинг социалистик маданиятини ривожлантиришдаги асосий йўлларни белгилаб чиқди. Шу мақсадда ЎзССР Советларининг 1935 йил 10-17 январда Тошкентда бўлиб ўтган V қурултойи ЎзССР ХКСга 8 ёшдан то 15 ёшгача бўлган болаларни мажбурий 7 йиллик таълимга тортиш ўамда республика шаҳар ва қишлоқларида янги мактаб бинолари қуриш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Халқ маорифи эҳтиёжлари учун кўп маблағ ажратилди: 1-беш йиллик даврида 395,5 млн рубл маблағ ажратилган бўлса, 2-беш йиллик учун 1,16 млрд рубл маблағ сарфланди. Бу маблағлар 2-беш йиллик даврида 35 000 ўқувчи сиғадиган 539 та янги мактаб қуришга имкон берди. Кичкина мактаблар бир-бирига қўшилиб, йириклаштирилди ва тўла комплекс даражасига етказилди. 2-беш йиллик даврида умумий таълим мактабларидаги ўқувчиларнинг сони тез ўсиб 931 800 нафарга етди, уларнинг 725 мингга яқини қишлоқ мактабларида ўқирди. Республика мактабларида ўқиш 18 тилда олиб борилган. Ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларнинг сони 10 йилда 10 марта ошган.
Ўзбекистонда бу пайтда саводсизлик ва чаласаводликни тугатиш ишларини охирига етказиш вазифаси ҳам турар эди. 1937 йили саводсизликни тугатиш мактабларининг сони 413 тага етди. Бу мактабларда 28 700 киши ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб ўз саводини чиқарди. Хотин-қизлар ўртасида саводсизликни тугатиш борасида катта ютуқлар қўлга киритилди. Улар учун кўп жойларда махсус савод мактаблари очилди. 1937 йили 139 000 нафар хотин-қизлар ўқиш ва ёзишни ўрганиб олдилар.