2.Мустақиллик Деклорацияси қабул қилиниши. 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашнинг II сессиясида Ўзбекистон ССРнинг Мустақиллик Деклорацияси қабул қилинди. Мустақиллик Деклорациясидаги “Ўзбекистонни келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, халқаро ҳуқуқ қоидаларига ва демократия принципига асосланиб Ўзбекистон ССРнинг давлат мустақиллигини эълон қилади” деган сатрлар мустақиллик учун ташланган дастлабки қадамни англатар эди. Ушбу Деклорациянинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақиллик учун курашининг янги босқичини бошлаб берди. Бу умумдавлат аҳамиятига эга бўлган Деклорацияни қабул қилишда республика Олий Кенгаши депутатлари фаоллик кўрсатдилар. “Мустақиллик Деклорацияси” депутатлар томонидан моддама-модда, ҳар бир миллат ўз тақдирини ўзи белгилаши, Деклорация қоидаси билан кафолатланиши таъкидланди. Унда ўзбек халқининг асрлар давомида қўлга киритган давлат қурилиши ва маданий тараққиёт борасидаги бой тарихий тажрибаси ва анъаналари ҳисобга олиниши уқтирилди.
“Мустақиллик Деклорацияси” кириш қисмида қуйидагича ёзиб қўйилди: «Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Кенгаши ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсад ҳақи, Ўзбекистоннинг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига асосланиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилади”.
Мустакиллик учун ҳаракатлар фаоллашиши.1991 йил 19-21 августда Совет Иттифоқида давлат тўнтариши бўлди. Мавжуд сиёсий ҳокимият ағдарилиб, фавқулодда ҳолат жорий этилди ва ҳокимият Фавқулодда ҳолат давлат комитети (ГКЧП – Государственниый комитет по чрезвычайному положению) қўлига ўтди. Уларнинг мақсадлари Иттифоқ ҳудудида яшовчи барча халқларнинг мустақилликни қўлга киритишига йўл қўймаслик эди. Ана шундай вазиятда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг Раёсати, Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси 1991 йил 21 августда қўшма мажлис ўтказиб, унда “СССР ГКЧПнинг Ўзбекистон ССР Конституцияси ва қонунларига зид ҳужжатлари Ўзбекистон ҳудудида амал қилмайди”, деган қарор қабул қилди.
1991 йил 25 августда Ўзбекистон ССР Президенти мамлакатимизнинг тўла мустақиллиги йўлида тамал тошини қўйган яна бир муҳим фармонни эълон қилади, унда шундай дейилади: “Мамлакатда вужудга келган аҳволни эътиборга олиб ва республика манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Республика Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлиги комитети Ўзбекистон ССРнинг қонуний тасарруфига олинсин. Республика ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари бевосита Ўзбекистон ССР Президентига бўйсундирилсин. Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг Раёсатига қисқа муддатда Республиканинг давлат мустақиллиги тўғрисида қонун лойиҳасини тайёрлаш ва уни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси муҳокамасига тақдим этиш таклиф қилинсин”.
Ўзбекистон ССР Олий Кенгаш 1991 йил 26 августда Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида қонун лойиҳасини тайёрлаш ва 31 августда Олий Кенгаш сесиясини чақиришга қарор қилди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Марказий назорат қўмитасининг 1991 йил 28 августдаги қўшма Пленуми Республика Компартиясининг КПСС МҚ билан алоқасини тўхтатишга, КПССнинг барча ташкилотларидан чиқишга, унинг Марказий органларидан ўз вакилларини чақириб олишга қарор қилди.
Шундай вазиятда ХII чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VI сессияси 1991 йил 31 августда ўз ишини бошлади. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида”ги масала кун тартибига қўйилиб, қизғин муҳокама қилинди. Сессияда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.Каримов нутқ сўзлаб, собиқ Иттифоқда сўнги пайтларда юз берган ижтимоий-сиёсий воқеалар оқибатларини таҳлил қилиб, улар Ўзбекистон тақдирига бевосита дахлдор эканлигини асослаб берди. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди ва мустақиллиги асослари тўғрисидаги қонун билан мустаҳкамлашни таклиф қилди. Олий Кенгаш депутатлари муҳокамадан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Олий Кенгаш Баёнати” қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун катта аҳамиятга эга бўлиб, бу қонун асосида Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ҳолати тубдан ўзгарди. 17 моддадан иборат ушбу қонун суверен Ўзбекистон Республикасининг асосий белгиларини аниқлаб берди. Ўша пайтда ёш, мустақил Ўзбекистон ҳукумати ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган муҳим ҳужжатларни қабул қилди: 5 сентябрда Тошкент шаҳридаги Ленин номидаги майдонни Мустақиллик майдони деб номлаш тўғрисидаги, 6 сентябрда “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш тўғрисида”ги Президент фармонлари имзоланди.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида” Олий Кенгаш қарорида: Республиканинг давлат мустақиллиги тўғрисидаги Олий Кенгаш баёнати тасдиқлансин ва республика бундан буён Ўзбекистон Республикаси деб аталсин; 1- сентябр Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни деб белгилансин ва 1991 йилдан бошлаб бу кун байрам ва дам олиш куни деб эълон қилинсин, деб белгилаб қўйилди.