Мутлақ монархия бошқарув шаклида давлат бошлиғи ҳокимиятдан муддатсиз, яъни умрбод фойдаланади, тахтни мерос ёки қариндошлик цензи бўйича эгаллайди ҳамда ўз хатти-ҳаракатлари учун қонун ёки бирор давлат органи олдида жавобгар бўлмайди, балки фақат худо олдида масъулиятнинг мавжудлигида намоён бўлади. Мутлақ монархиянинг ўзига хос яна бир хусусияти шундаки, мазкур бошқарув шаклига асосланган давлатлар қонунларида давлат бошлиғи, яъни монарх томонидан қабул қилинган қонун ёки бошқа турдаги ҳуқуқий ҳужжатнинг бирор-бир шахс томонидан бажарилмаслиги ҳолатида у фақат юридик жавобгарликка тортилибгина қолмай, балки монарх худонинг ердаги вакили ҳисоблангани учун унинг амрини бажармаслик катта гуноҳ саналади ва худонинг қаҳрига учрайди ҳамда инсон ўлимидан сўнг нариги дунёда худо олдида ҳам жавоб бериши ҳақида уқтирилади. Монарх ҳокимияти илоҳийлаштирилган шаклда намоён бўлади.
Чекланган монархияда мутлақ монархиядан фарқли равишда монарх ҳокимиятининг ваколатлари конституция ва қонун асосида ёки давлатнинг бирон-бир ваколатли идораси томонидан чекланган бўлади. Чекланган монархия, ўз навбатида, дуалистик ва парламентар турларга бўлинади.
Дуалистик монархия давлатларига Саудия Арабистони, Қувайт, Непал каби давлатлар киради. Дуалистик монархиялар XIX асрнинг охири XX аср бошларида (буржуа-демократик инқилоблар даврида), яъни ҳукмдорлар мутлақ монархия шаклида бошқарувни ушлаб тура олмаган, буржазия эса ҳали кучга тўлмаган даврда кенг тарқалган эди.
Дуалистик монархия мутлақ монархиядан парламентар монархияга ўтишда оралиқ, ўтиш шакли бўлиб, ҳукмдор билан бир қаторда, мутлақ монархия учун хос бўлмаган бошқа олий давлат ҳокимият органлари – парламент ва ҳукуматнинг мавжудлигида намоён бўлади. Амалдаги ва юридик ҳокимият монарх тузадиган ҳукумат ва қонун чиқарувчи идора ҳисобланган парламент ўртасида бўлинади.
Дуалистик монархиянинг ўзига хос хусусияти шундаки, парламент (ёки унинг бир палатаси) ва ҳукумат аъзолари ҳукмдор томонидан тайинланади ва унинг олдида шахсан жавобгар бўлади. Ушбу монархия шаклида давлат бошлиғининг ваколатлари қисман чекланган бўлсада, аммо у аслида давлат бошлиғи функциясини амалга оширади. Ҳукуматни тузиш парламентнинг партиявий таркибига боғлиқ эмас.
Парламентар монархияда ҳокимият ҳукмдор билан бирга давлат ҳокимиятининг олий органлари – парламент, ҳукумат ва бошқа органлар ўртасида тақсимланган бўлади. Парламент халқ томонидан кўппартиявийлик асосида сайлаш йўли билан шакллантирилади. Ҳукуматни парламентда кўпчилик ўрин эгаллаган партия тузади, худди парламентар республикада бўлганидек, сайлов натижаларига кўра ҳукумат парламент олдида ҳисоб беради. Энг кўп депутатлик мандатига эга бўлган партия раҳбари ҳуқуматга бошчилик қилади.
Парламентар монархияда ҳокимиятнинг тақсимланишига амал қилинади. Ҳукмдор сиёсий ҳаётда иштирок этади, лекин унинг ҳокимият функциялари жуда кам бўлиб, тантанавор маросимлар хусусиятига эга (ҳукуматнинг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишини қабул қилиш, халқаро муносабатларда давлат номидан вакиллик қилиш, давлат нишонларини тақдим этиш ва ҳоказо). Фақат баъзи бир парламентар монархия давлатларида ҳукмдор қўлида давлатни бошқаришнинг реал воситалари мавжуд (масалан, Буюк Британияда қиролича парламентни тарқатиб юборади, у айни вақтда, суд ҳокимияти ва черков бошлиғи ҳисобланади), лекин амалда ҳокимиятни бошқариш воситалари қўлланилмайди. Қонунларни парламент қабул қилади ва монарх томонидан имзолангач юридик кучга киради. Бундай имзолаш рамзий маънога эга.
Ҳозирги вақтда Европанинг қатор давлатлари парламентар монархия шаклида фаолият юритмоқда. Буюк Британия, Швеция, Испания, Бельгия, Голландия, Дания, Норвегия ва бошқалар шулар жумласидандир.
Ноанъанавий монархия чекланган монархия шакли сифатида кўп учрамайдиган давлат шакли бўлиб, давлат бошқаруви амалиётида фаол ривожланмаган. Ушбу бошқарув шакли монархиянинг бошқа турларидан фарқли ўлароқ, айрим ўзига хос хусусиятларга эга. Ноанъанавий монархияда ҳам республика, ҳам монархия шаклининг элементлари уйғунлиги намоён бўлади. Бирлашган Араб Амирлиги етти амирлик – Абу Даби, Дубай, Шаржа, Ажман, Ум мул-Қайвайн, Ал-Фужайра ва Раъс ул-Хаймадан иборат бўлиб, ҳокимиятнинг олий органи – амирликларнинг шайхларидан иборат Олий кенгаш ҳисобланади. Мазкур кенгаш аъзолари 5 йил муддатга давлат бошлиғи – Олий амирни сайлайдилар. Унинг монархия бошқарув шаклига хос хусусияти шундаки, Олий амир фақатгина етти амирлик раҳбарларидан ва келажакда шу амирларнинг тахт меросхўрларидан сайланади. Амир лавозими эса фақатгина ягона авлод ва унинг меросхўрларига тегишлидир. Ҳукмдорнинг тахтни эгаллаши жараёни халқнинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда шакллантирилади, бу эса, ўз навбатида, монархияга хос хусусият касб этади.
Мазкур бошқарув шаклининг республикага оид жиҳати шундаки, Олий амир сайлов йўли билан белгиланиб, у муайян давргача ваколатли ҳисобланади. Демак, сайловнинг мавжудлиги ва муайян муддатнинг ўрнатилганлиги республикага хос бўлган хусусиятдир.
Малайзия давлати мисолида қуйидагиларни кўриш мумкин: давлат бошлиғи–Олий ҳукмдор (подшоҳ, 2001 йил 12 декабрдан Султон Туанку Саид Нутра Жамолуллайл) 9 малайя штати султонлари кенгашида яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Бунда унинг тор доирадаги шахслар томонидан сайланиши ҳамда давлат бошлиғи лавозимига фақат султон ва унинг қавм-қариндошлари таркибидан номзодлар тақдим этилиши монархиянинг белгиси сифатида эътироф этилса, сайлов институтининг мавжудлиги ҳамда муайян даврий муддатга ваколат берилиши эса республика бошқарув шаклининг кўриниши ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |