66-SAVOL: Республика бошқаруви шакли турларини аниқланг ва уларнинг ўзаро ўхшаш ва фарқли томонларини изоҳланг. Республика (лотинча Respublika – жамоа иши) – давлат ҳокимияти аҳоли муайян муддатга сайлаб қўядиган органлар томонидан амалга ошириладиган бошқарув шаклидир. Республика ҳам монархия сингари муайян тарихий хусусиятга эга. Бошқарувнинг республика шакли бир қанча турлари мавжудлиги тарихдан маълум. Улар қулдорлик шароитларидаёқ намоён бўла бошлаган эди.
Демократик республика Афина давлатида (милоддан аввалги V-IV асрлар) мавжуд бўлганди. Буни жамиятнинг ижтимоий таркиби, қулдорликнинг шу ерга хос хусусияти, яъни озод афиналикларни қулга айлантиришнинг истисно этилганлиги, қулдор жамоалар бўлганлиги, давлат бошқарувининг самарали тизими мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин эди.
Спарта (милоддан аввалги V-IV асрлар) ва Рим давлати (милоддан аввалги V-II асрлар) аристократик республикалар ҳисобланади. Давлат сифатида у кўпроқ аҳолининг аристократик қисми манфаатларини ифодаларди.
Капитализм даври парламентар республика (парламент республикаси) ҳамда президентлик республикаларини вужудга келтирди.
Парламентар республикаларнинг бошқа бошқарув шаклларидан фарқ қилувчи хусусияти ҳокимият поғоналарида келишмовчиликларнинг бўлмаслигидадир. Зеро, ижро этувчи ҳокимият бошлиғи (бош вазир) ва унинг маҳкамаси парламент, тўғрироғи, парламент аъзоларининг кўпчилиги томонидан тайинланади ва назорат қилинади. Ҳукумат қонун чиқарувчиларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлаб турган муддатлардагина ўз вазифаларини бажара олади. Бундай кўпчиликдан маҳрум бўлганда эса мазкур ҳукумат истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Одатда, парламент республикаларида президент катта роль ўйнамайди: ижро этувчи ҳокимият гўё қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг давоми сифатида иш олиб бориши туфайли ҳокимият тармоқлари ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган ихтилофларнинг олди олинади.
Бироқ парламент республикаси ҳам камчиликлардан холи эмас. Партия тизимининг ўта майда бўлакларга бўлиниб кетганлиги шундай камчиликлардан биридир. Мазкур ҳолат парламент коалицияларининг ҳам майдалашувига, бу эса ўз навбатида ҳукуматнинг беқарорлигига олиб келади. Муайян шароитларда, ҳатто, озчиликни ташкил этувчи экстремистик партиялар ҳам парламент кўпчилиги коалициясининг бир қисми бўлиб қолиши мумкин. Бу эса мамлакатга ҳокимиятнинг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи тармоқлари ўртасидаги зиддиятлардан кам бўлмаган жиддий салбий оқибатларни келтириши мумкин.
Парламент мамлакатларида ҳокимият қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқларининг бўлиниши фонида ҳокимият тармоқларининг фақат институционал бўлинишини кўриш мумкин: қонун чиқарувчи институт – парламент мавжуд ҳамда ижро этувчи ҳокимияти – ҳукумат бор. Лекин бу ерда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқларига функционал ҳамда махсус бўлинишини кўрмаймиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Бош вазир ҳам, одатдагидек, ҳукуматнинг бошқа барча аъзолари ҳам бир вақтнинг ўзида парламент қуйи палатаси депутатлари ҳисобланишади. «Президент эса амалда унда анча камтарин ўринни эгаллайди. У ёки парламент, ёки сайловчилар йиғилиши, ёки бевосита халқ томонидан сайланиши мумкин. Унинг сиёсий обрўси сайловларнинг характерига боғлиқ бўлмайди ва парламент монархияларидаги давлат бошлиқларининг функцияларидан кам фарқ қилган ҳолда, одатда, вакиллик функциялари билан чекланади»8. Шунинг учун ҳам парламент сайловларида аслида бўлажак ҳукуматга ҳам овоз берилади. Қонун чиқарувчи ва ҳукумат сиёсатини бу ерда парламент сайловларида ғолиб чиққан партия, тўғрироғи — парламентнинг қуйи палатасини назорат қилувчи ва ҳукуматни шакллантирувчи партия элитаси белгилайди. Сиёсий партияларнинг шу даражадаги муҳим роли парламентар мамлакатларни «партиялар давлати» сифатида тавсифлаш имконини беради.
Шунинг учун ҳам парламентар республикада шу парламент оддий кўпчилиги кучи билан мустабид тузумни яратиш эҳтимоли истисно этилмайди. Бошқача қилиб айтганда, бошқарув парламент шаклининг самарадорлиги ва барқарорлиги парламентдаги ўринлар учун кураш олиб борувчи сиёсий партиялар табиатига бевосита боғлиқдир.