ОМБОР ЗАРАРКУНАНДАЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ
Эҳтиёт чоралари. Барча склад зараркунандаларининг ривожланиши учун энг қулай шароит намликнинг ортиқ бўлишидир. Модомики шундай, экан, омборларда сақланаётган материаллар ва маҳсулотлардаги намликни камайтириш учун бинони шамоллатиб туриш лозим.
Намлик 12 % дан кам бўлса, масалан, омбор узунбуруни нобуд бўлади; ун намлиги 11,5 % дан кам бўлганда омбор каналари ривожланишдан тўхтайди, доннинг намлиги ҳатто 13 % бўлганда ҳам, омбор каналари яшай олмайди (Шорохов) ва ҳоказо.
Омборларга бинони шамоллатиб турадиган омбор зараркунандалари учун ноқулай шароит туғдирадиган вентиляция асбобларини ўрнатиш лозим. Донхоналарнинг пол, девор ва шиплари тешик-ёриқсиз бўлиши керак, чунки зараркунандалар бу ерларга кириб яширинади ва бемалол ғумбакка айланаверади, қишлаш учун яхшироқ шароит топади; бундан ташқари, тешик-ёриқлар зараркунандани қириб ташлашни ҳам қийинлаштиради. Омбор ва склад биноларидаги ҳамма тешик-ёриқларни яхшилаб суваш керак; сувоқ лойига 1 м2 га 30 г ҳисобидан гексахлоран дусти қўшиш тавсия этилади. Одатда донни полга тўкмасдан, донхонага тўкиш, агар дон полга вақтинча тўкиладиган бўлса, деворларга тегиб намиқишига йўл қўймаслик керак. Тўкиб қўйилган доннинг қалинлиги 3 метрдан ошмаслиги лозим.
Донни склад ёки донхонага тўкишдан олдин саралаб, зарарланганларини ажратиб олиш керак. Омбор ва складларда сақланадиган озиқ-овқат ва материалларни зараркунандалардан сақлашнинг асосий чораси, омбор зараркунандаларини янги биноларга ва тозаланган биноларга ўтиб қолмаслиги учун курашдан иборатдир. Бунинг учун чўп-хаслар ўз вақтида йиғиштириб олинади, маҳсулот транспортга ортишдан олдин синчиклаб тозаланади (иложи бўлган жойда пилесослардан фойдаланиш маъқул), бино газ ё иссиқлик билан дезинсекция қилинади ёки оқартирилади ва оҳак-керосин аралашмаси, яшил совун билан хлорпикрин аралашмаси, ўювчи натрий эритмаси, минерал мой эмульсиялари пуркалади.
Полларнинг остини дезинсекция қилиш учун 1 м3 га 30-40 г ҳисобидан хлорпикрин, 1 м3 га 300 г ҳисобидан дихлорэтан ёки 1 м3 га 100 г ҳисобидан дихлорэтан билан хлорпикрин аралашмаси (оғирлик ҳисоби билан 92:8 нисбатда) ишлатилади. Шунингдек, 1 м2 га 0,5 кг ҳисобидан оҳак ёки 1 м2 га 1 кг ҳисобидан вивианит ҳам ишлатилади.
Оҳак-керосин эмульсиясини тайёрлаш учун ҳар 10 л сувга 1 кг керосин, 4 кг чамаси сўндирилмаган оҳак қўшиб аралаштирилади. Бино шу аралашма билан қўлда оқартирилади; пуркаш учун эса аралашма суюқроқ қилиб тайёрланади ва ҳар 10 л сувга сўндирилмаган оҳак икки марта камроқ қўшилади; аралашмани пуркаш вақтида чўкадиган оҳак тез-тез чайқатиб турилади. Қўлда оқартирганда бинонинг 1 м2 ерига 1 л аралашма ишлатилса, пуркашда 0,5 л аралашма сарфланади. Пол оқартирилмайди, балки ўювчи натрий эритмаси билан (10 л сувга 1,2-1,5 кг натрий гидроксид қўшилади) ювилади. Шу эритма баъзан девор ва шипга пуркаш учун ҳам ишлатилади, полга пуркаш учун ўювчи натрий (каустик сода) 1 м2 га 70 г га қадар ва деворга пуркаш учун 1 м2 га 50 г сарфланади. Каустик сода эритмаси ўрнига баъзан кучли ишқор ишлатилади, лекин у зараркунандаларга сустроқ таъсир этади.
Минерал мой концентратининг (яшил мой яхшироқ) сувдаги 3 % ли эмульсияси ишлатилади ёки ДДТ минерал мойли концентратининг 1,5 % ли эмульсиясидан (1 м2 га 0,4-0,5 л ҳисобида) фойдаланилади; каналарга қарши кураш учун тайёр эмульсияга баравар миқдорда 3 % ли ўювчи натрий эритмаси қўшиб ишлатилади.
Хлорпикрин билан мой аралашмасини тайёрлаш учун бир қисм хлорпикринга 9 қисм яшил мой қўшилади ёки баравар миқдорда аралаштирилади; биринчи аралашма 1 м2 га 50-70 г дан, иккинчи аралашма эса 100-150 г дан сарфланади. Сўнгги вақтда, мукаммалроқ метод бўлган аэрозол методи тавсия этилди.. Омбор ва складлардаги ҳашаротларни аэрозол методи билан йўқотиш учун автомашинага ўрнатилган ААГ аппаратидан фойдаланилади. Омбор ва складларни дезинсекция қилиш учун тутун ҳосил қиладиган аэрозол шашкалар (Г-17 НБК) ҳам ишлатилади. Аэрозол методдан фойдаланилганда 1 м3 бинога 4-7 см3 препарат сарфланади, экспозиция 1-2 сутка давом этади.
Омбор атрофидаги 3-5 м лик зонага 3 % ли минерал мой эмульсияси пуркалади. Газ чиқиб кетмайдиган биноларгина заҳарли газлар билан дезинсекция қилинади. Дон турадиган қоп-идишларга зараркунандалар кириб қолмаслиги учун улар дон запаслари билан бир бинода сақланмайди.
Янги омбор ва складлар бошқа иморатлардан бир мунча узоқроқ, қуруқ ва баланд жойларга қурилади. Омбор ва складларнинг деворлари, поли ва шипи ҳашаротлар ўтмайдиган қилиб ишланади, тешик-ёриқлари яхшилаб бекитилади. Складда подвал бўлмаслиги керак. Вентиляция аппаратларини яхши ўрнатишга алоҳида эътибор берилади. Кандиклар деворлардан 10-15 см нарида қурилади, бундан мақсад доннинг намиқишига ва ҳароратнинг кўп ўзгаришига йўл қўймасликдир. Полига бетон, тош ётқизилган ёки асфальтланган омборлардаги кандикларнинг поли ёғоч-тахтадан бўлиши керак.
Материаллар ва маҳсулотларни ташишда уларга зараркунандалар тушишга йўл қўймаслик учун махсус чоралар кўрилади. Дон ортишдан олдин юк машиналари ёки аравалар синчиклаб тозаланади, темир йўл вагонлари кимёвий моддалар билан ёки ўта қизиган буғ билан дезинсекция қилинади (дезинсекциядан олдин эшик ва туйнуклар беркитиб қўйилади); темир йўл платформалари паровоздан қайноқ сув юборилиб дезинсекция қилинади. Пиллани зараркунандалардан сақлашнинг эҳтиёт чораларидан бири уни синчиклаб саралашдир. Қурт уруғи заводларида пилланинг зарарланган қобиқлари ҳашаротлар, жумладан терихўрлар кириб қолмаслиги учун қурт уруғи сақланадиган бинодан узоқроққа олиб кетилади. Пиллакашлик фабрикаларида калава цехининг чиқитлари пилла турадиган жойдан узоқроққа олиб кетилади. Пилла складлари тоза тутилади ва шамоллатиб турилади. Янги ҳосил пилласи эски ҳосил пилласидан иложи борича алоҳида сақланади.
Қуритилган мевалар омбор парвоналаридан зарарланмаслиги учун то йиғиштириб олингунча махсус бинода сақланади. Қуритилган мева ва сабзавотларнинг янгиси ўтган йилгиларидан алоҳида сақланади. Мўйна ва терилар куя ва терихўрлар тушган деб гумон қилинган материаллардан алоҳида сақланади.
Кийим-кечак, гилам ва юмшоқ мебелни зараркунандалардан сақламоқ учун бот-бот шамоллатиб туриш, пилесос билан тозалаш ёки қоқиш керак, сақланаётган жунли кийим ва матолар махсус ғилоф ёки қопга солиб қўйилади.
Мўйна, жун кийим-кечак, қушлар ва ҳайвонларнинг тулумларини, ҳашаротлар коллекциясини нафталин ёки парадихлор бензол билан қайта-қайта дориланса кийим куяси тушиш хавфи камаяди ва терихўрлар тушмайди.
Парвона, куя, ун митаси ва бошқа кўпгина ҳашаротлар кирмаслиги учун омбор ва склад биноларининг деразаларига ва вентиляция тешикларига кўзи 2 мм2 дан кичик бўлган металл тўр тутилади. Қуритилган мева турадиган қоплар жуда зич тикилиши, матонинг бир ипи билан иккинчи ипи ўртасидаги тешик 0,3-0,4 мм дан катта бўлмаслиги керак, токи ундан парвона личинкалари кира олмасин.
Do'stlaringiz bilan baham: |