Ун парвонаси
Pyralis farinalis L.
Зарари. Ун парвонаси ун, кепак, дон, ўсимлик хом ашёси, доривор ўсимликларни ўргимчак иплари ва тезаклари билан ифлослантириб, зарар етказади.
Тарқалиши. Ун парвонаси Марказий Осиё, Сибирь, Узоқ Шарқ, Кавказ ортида ва Европанинг шимолидан бошқа ҳамма жойида учрайди.
Таърифи. Капалагининг катталиги қанотларини ёзганда 2-2,5 см келади, кейинги қанотлари олдинги қанотларидан кенгроқ бўлади. Олдинги қанотлари гунафша-жигар ранг бўлиб, сарғиш ёки яшилроқ-сариқ тусли кенг кўндаланг боғи бор. Кейинги қанотлари тўқ кул ранг бўлиб, ташқи чети очроқ. Олдинги қанотларида ўртадаги равшан сариқ майдончани чегаралаб турган иккита йўл бор; кейинги қанотларида ҳам иккита кўндаланг йўл бор, лекин улар унчалик равшан бўлмай, очроқ ва букилгандир.
Қуртининг узунлиги 2 см гача, ранги хира оқ, ёки- сарғиш-кул ранг тусда; танасининг ўрта қисми учига қараганда очроқ боши қизил-қўнғир, танасининг биринчи сегментида хитинлашган оч қўнғир қалқони бор. Ғумбаги жигар ранг тусда, узунлиги 9-12 мм келади. Танасининг учида илмоқлари ва қалинлашган жойи бор қорин сегментларида нуқта шаклидаги кўпгина чуқурчалар бўлади.
Ҳаёт кечириши. Ун парвонаси омбор, тегирмонларнинг асосан ис босиб кетган ифлос биноларида учрайди; шу билан бирга бинода ҳаво ва озиқ-овқат намлигининг ортиқ бўлиши парвоналар учун айниқса қулай шароит туғдиради.
Ун парвонаси йилига 5 та насл беради. Капалаги тухумини ун ва бошқа маҳсулотларга тўп-тўп қилиб қўяди. Тухумдан чиққан қуртлар ўргамчак ипидан найсимон йўллар қуради, озиқ-овқат зарралари ва қолдиқларини ўргимчак иплари билан ўша найсимон йўлларнинг деворларига ёпиштириб кетади. Қуртлар ипакдай оқ пилла ўраб, озиқланиш жойида ва кўпинча идиш-қопларда, бинонинг деворларида ғумбакка айланади. Тинч турган капалаклар қорнининг кейинги учини юқорига қайириб туради.
Бошқа зараркунандалар
Кана ва ҳашаротлар ҳақидаги бобда кўрсатилган зараркунандалардан ташқари, Марказий Осиёдаги омбор-складларнинг энг муҳим зараркунандаларига қуйидаги турлар киради: пиёз канаси, картошка, лавлаги, сабзи ва айниқса пиёзга, баъзан донга ва қуритилган меваларга зарар етказади; нўхат ва вика қўнғизлари нўхат ва викаларга ўсиш давридаёқ тушади; чумолилар омбор ва складларга кириб, дон ва турли озиқ-овқатларни инига ташиб кетади, шунингдек, қурт боқиладиган хоналарда ипак қуртларини талайди; арилар қуриган меваларга зарар етказади, умуртқали ҳайвонларда каламушлар-Rattus turkestanicus Satun. ва қисман Nesokia indica Gray билан сичқонлар-Мus musculus servertzovi Kaschk. нинг қандай зарар етказиши маълум.
Do'stlaringiz bilan baham: |