Қора сохта қалқондор
Saissetia nigra Nieth
Зарари. Қора сохта қалқондор кўпгина дарахт, бута ва ўтсимон ўсимликларни зарарлайди, айниқса анжир, цитрус ўсимликлари, тут дарахти, чой туплари, атиргул, хурмо ва бошқа дарахтларга жуда катта зарар етказиши маълум бўлган. Шу билан бирга ток, дағал каноп ва бошқа кўпгина ўсимликларга ҳам зиён етказиши аниқланган.
Сохта қалқондор зарарлаган ўсимликлар ҳосили анча камайиб, ўсиши секинлашади, қаттиқ зарарланган шох ва новдалари нобуд бўлади, баъзан ўсимлик бутунлай қуриб қолади. Вест-Индияда сохта қалқондор ғўзанинг жиддий зараркунандаси сифатида маълум бўлган.
Тарқалиши. Ҳиндистон, Цейлон, Фаластин, Сиам, Индонезия, Филиппин ороллари, Япония, Миср, Ўрта ва Жанубий Африка, АҚШнинг жанубий штатлари, Мексика, Вест-Индия, Бразилия, Гвиана, Гавайя ороллари, Самоа, Таити ороллари, Янги Зеландия, Австралияда учрайди.
Таърифи. Вояга етган урғочиси кенг овал шаклида, баъзан чўзиқ овал шаклида бўлиб, усти қавариқ, ранги қора ёки тўқ жигар рангдир. Мўйловларининг асосида иккитадан узун ингичка қили бор. Сохта қалқондор гавдасининг орқа юзаси силлиқ, узунлиги 3-5 мм га етади.
Эркагининг қорни ингичка, қаноти бир жуфт, узунлиги 1-1,5 мм ча келади.
Ҳаёт кечириши. Бу қалқондорнинг ҳаёт кечириши ҳам асосан зайтун сохта қалқондорининг ҳаёт кечиришига ўхшаб, тропик мамлакатларда қишки уйқуга кирмай яшайверади. Қулай шароитда ва кураш олиб борилмаганда жуда кўпайиб кетади.
Кураш чоралари. Зайтун сохта қалқондорига қарши қандай чоралар кўрилса, қора сохта қалқондорга қарши ҳам ўшандай чоралар кўрилади.
Аччиқ апельсин вергулсимон қалқондори
Lepidosaphes beckii Newm.
Зарари. Аччиқ апельсин вергулсимон қалқондори баъзан анжир, писта, цитрус ўсимлик мевалари, зайтун, жийда, узумларни зарарлаб, уларнинг товар қимматини жуда ҳам пасайтириб юборади. Бу ҳашарот тушган дарахт ва буталар яхши ўсмайди, новда ва шохлари нобуд бўлади, баъзан дарахт ва буталар (айниқса ёшлигида) тамомила қуриб қолиши, ҳам мумкин.
Тарқалиши. МДҲда вергулсимон қалқондор Озарбайжонда ва Грузиянинг Қора денгиз соҳилида учрайди. Бу ҳашарот Испания, Италияда, Родос, Сардиния, Сицилия оролларида, Фаластин, Туркия, Сурия, Ҳиндистон, Цейлон, Ҳинди-Хитой, Хитой, Япония, Шимолий ва Ўрта Африкада, Канар, Азор, Сейжел оролларида, Маврикия оролида, АҚШ жанубида, Мексикада, Вест-Индия, Жанубий Америкада, Гавайя ва Гаити оролларида, Тасмания ва Янги Зеландияда кенг тарқалган.
Таърифи. Урғочисининг қалқони сал-пал айрилган, олдинги учи бир оз ўткирлашган ва орқага қараб бир оз кенгайган, жигар ранг ёки тўқ қўнғир тусли бўлади, личинкаларининг териси қалқоннинг асосий рангидан очроқ, иккинчи личинка териси катталик жиҳатдан қалқоннинг учдан бир қисмича келади. Урғочисининг катталиги 3 мм гача етади.
Эркагининг узунлиги 1 мм ча бўлиб, узун мўйловлари ва бир жуфт қаноти бор.
Ҳаёт кечириши. Бошқа қалқондорлар қандай йўл билан тарқалса, аччиқ апельсин вергулсимон қалқондори ҳам ўшандай йўл билан тарқалади.
Бу зараркунанда дарахтларнинг тана ва шохларида асосан личинкалик стадиясида, қисман имаголик стадиясида қишлайди. Тухум қўйиши кўкламда (Кавказнинг қopa денгиз соҳилида-май-июнда) бошланиб, бир ой давом этади. Одатда урғочиси умрида ўрта ҳисобда 60 тадан ортиқ тухум қўймайди, кўпи билан 270 тача тухум қўяди.
Зараркунанда намроқ жойларни хуш кўради, қишки совуқлар-9°С гача етганда, улар кўплаб нобуд бўлади. Аммо Марказий Осиё шароитида траншеялар, иссиқхоналарда ва хонаки ўсимликларда сақлана олади.
Личинкалари ва вояга етган урғочилари ўсимликнинг ер остидаги ҳамма қисмларини сўриб яшайди. Ёш барг ва меваларда улар жуда кўпайиб кетса, барг ва мевалар тўкилиб кетади. Йилига уч марта насл беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |