Кураш чоралари. Мумсимон сохта қалқондорларга қарши кураш чоралари билан бир хилдадир.
Емирувчи қалқондор
Aspidiotus destructor Sign
Зарари. Қалқондор цитрус ўсимлик мевалари, ёнғоқ ва бошқа баъзи мевалар ҳосилини ва сифатини пасайтириб юборади, манзарали дарахт ва буталарни қувватдан кетказади, чой тупларининг ҳосилини камайтиради. Бу ҳашарот жуда кўпайганда дарахтларнинг барг, тугунча ва ғўралари тўкилиб кетади, ундан зарарланган ўсимликлар яхши ривожланмайди, баъзан дарахтлар тамомила нобуд бўлади.
Тарқалиши. Ҳиндистон, Цейлон, Хитой, Суматра ва Ява, Сиерра Леоне, Мадагаскар, Маврикия, Океания оролларида, Шимолий Австралия, Вест-Индия, Мексикада, шу билан бирга Краснодар ўлкасида, Ажаристон ва Абхазиянинг айрим жойларида учрайди.
Таърифи. Қалқонлари юмалоқ шаклда, ранги сарғиш-оқ ёки оч кул ранг. Қалқон марказида личинкаларнинг туллаб тўкадиган сариқ пўсти бор. Вояга етган урғочи ҳашарот қалқонининг диаметри 1,0-1,5 мм га етади.
Ҳаёт кечириши. Юқорида кўрсатилган сохта қалқондорлар қандай ҳаёт кечирса ва тарқалса, емирувчи қалқондор ҳам асосан ўшандай ҳаёт кечиради ва тарқалади. Урғочиси ўз умрида 90-100 та тухум қўяди. Кавказнинг Қоpa денгиз соҳилида бу ҳашарот йилига уч марта насл беради.
Кураш чоралари. Мумсимон қалқондорга қарши қандай чоралар кўрилса, емирувчи қалқондорга қарши ҳам ўшандай чоралар кўрилади.
§ 4. ТОК ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ
Ток канаси
Eriophyes vitis Nal.
Зарари. Бу кана баъзан жуда кўпайиб кетади, ток баргларини сўриб, унинг новдасини анча қувватдан кетказади, натижада узум ҳосили камаяди ва сифати пасаяди. Одатда бу ҳашарот кам бўлиб, иккинчи даражали аҳамиятга эгадир.
Тарқалиши. Ток канаси Марказий Осиё, Кавказда, Украинанинг жанубий вилоятларида, Ўрта ва Жанубий Европада, Яқин Шарқ мамлакатларида, Калифорнияда учрайди.
Таърифи. Кана оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган даражада майда (микроскопик) бўлиб, катталиги 0,14-0,16 мм келади; гавдаси чўзиқ, учида узун қиллари бор, оёғи икки жуфт. Токда кана борлиги барглардаги ясси ғуддалар шаклидаги галларга қараб билинади, улар баргнинг орқа томонини қоплаб олади, чуқурчалари ялтироқ парда билан ўралган бўлади. Янги ҳосил бўлган галларнинг ички томони оқ, кумуш рангда, эскиларники қўнғир-занг тусдадир.
Ҳаёт кечириши. Кана ток куртаклари ёнида қишлаб, кўкламда бу куртаклар барг ёзиши биланоқ унга ўрмалаб чиқади. 1960 йил августда Венада бўлиб ўтган XI Халқаро энтомологик конгресснинг қишлоқ хўжалиги энтомологияси секциясида кўрсатиб ўтилганидек (Харпац ва Бернштейн), ток канасининг махсус биологик тури ҳам бор экан. У токнинг баргларига эмас, балки куртакларига ёпишиб, энг аҳамиятли бирламчи куртакларни нобуд қилади, шундан кейин иккиламчи ва учламчи куртаклар ривожланади.
Қаровсиз қолдирилган токзорларда, бегона ўтлар босган, айниқса ёғочга ёки ишкомга олинмай ерда қолдирилган, ёки аймоқи токда кана ҳаммадан кўпроқ бўлади. Ёғочга ёки ишкомга олинган ток кананинг ривожланиши учун ноқулайдир.
Кана узумнинг Кавказ ва Европа навларига қараганда Осиё навларига кўпроқ зарар етказади.
Ток канаси ёз бўйи бир неча насл беради ва ўсув даврининг охиригача баргларда тураверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |