Кураш чоралари. Кана тушган жойлардан цитрус ўсимлик меваларини келтириш ва ундан фойдаланиш карантин мақсадида тартибга солинади.
Юқумли материал келтирилганда газ камераларида ёки жипс бекитилган биноларда 1 м3 бинога 6-10 г натрий цианид, 9-15 г сульфат кислота ва 18-30 г сув ҳисобидан цианид кислота билан юқумсизлантирилади.
Кумуш ранг кана тушган дарахтларга гуллагандан кейин 0,5° ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси пуркалади.
Австралия тарновсимон қурти
Icerya purchasi Mask
Зарари. Австралия тарновсимон қурти баргларни тўкиб юборади, кўпайиб кетганда эса ҳар хил мева ва манзарали дарахт-буталарнинг шохларини қуритиб, тамомила нобуд қилиб қўяди. Мева дарахтлари бу қуртдан зарарланганда ҳосили жуда камайиб кетади. Мева дарахтларидан айниқса цитрус ўсимликлари, анор, анжир; манзарали дарахтлардан акация, гледичия, атиргул кўпроқ зарарланади. Тарновсимон қурт токка ва кўпгина полиз экинларига, жумладан, картошка, қалампир, бақлажон, карамга ҳам жиддий зарар етказади.
Тарқалиши. Эрон, Туркия, Сурия, Фаластин, Ҳиндистон, Цейлон, Хитой, Тайван ороли, Япония, АҚШнинг ғарбий ва жанубий штатлари, Вест-Индия, Куба, Мексика, Чили, Бразилия, Парагвай, Гавая ороллари, Шимолий, Ўрта ва Жанубий Африка, Мадагаскар, Азор, Канар, Занзибар, Мадейра ороллари, Жанубий Европа, Ўрта денгиз ороллари, Янги Зеландия, Тасмания, Фиджи оролларида учрайди.
Австралия тарновсимон қурти Абхазияда учрайди (бу қурт Сухуми шаҳрига 1927 йилда Фаластиндан ўтган эди), Краснодар ўлкасида (Сочи атрофида) ва Ажаристонда биринчи марта 1948 йилда пайдо бўлди.
Таърифи. Вояга етган урғочисининг гавдаси чўзиқ, орқа томони жуда қавариқ, қорин томони эса яссилангандир. 2-3 кўкрак сегментларининг тергитларида иккита дўмбоқчасимон тепача бор. Хартуми қўш бўғимли, мўйловлари 11 бўғимдан иборат. Гавдасининг юқориси қизғиш жигар ранг, пасти оч зарғалдоқ ранг. Гавдасининг усти мум безларининг оқ моддаси билан пар ёки чангсимон парда кўринишида қопланган.
Урғочисининг узунлиги 5-6 мм, йўғонлиги 3,7-4,2 мм.
Эркагининг қўш томирли бир жуфт оч кул ранг қанотлари бор, гавдаси чўзинчоқ бўлиб, учида иккита дум иплари бор; мўйловлари узун, қорамтир, биринчи бўғимидан бошқа ҳар бир бўғимида оч рангли туклари бор.Гавдаси тўқ қизил рангда, оғиз аппарати йўқ. Тухумлари жуда майда. Тухумлар урғочиси чиқарган оқ халтанинг ичида туради, катталиги 6 мм дан 25 мм гача боради. Тухум халтасининг устки ва ён юзаларидан узунасига равшан тарновлар ўтади, бу ҳашаротнинг номи ҳам шундан олинган. Биринчи ёшдаги личинкаларнинг ранги қизил, оёқлари қора ва мўйловлари 6 бўғимлидир. Сўнгги (3-) ёшдаги урғочи личинкалари қизғиш-жигар ранг бўлиб, сут ранг парсимон пардаси бор, мўйловлари 9 бўғимли, тутам-тутам қора туклари бор. Урғочи личинкасининг гавдаси кенг овал шаклида. 2-ёшдаги эркак личинкаси танасининг ингичка ва оёқлари ҳамда мўйловларининг узунроқ бўлиши билан урғочисидан фарқ қилади (1-ёшдаги эркак ва урғочи личинкалари бир-бирига жуда ҳам ўхшайди).
Do'stlaringiz bilan baham: |