Caliroa cerasi L.; синоними: Caliroa limacina Retz.
Зарари. Шилиқ арракаш олча, гилос, олхўри, тоғолча, баъзан нок баргларига тушади. Зарарланган барглар сарғайиб, қисман тўкилиб кетади, дарахтлар қувватсизланиб, тузук ўсмайди, ҳосили камаяди. Зараркунанда кўп тушган йилигина эмас, ундан кенинги йилда ҳам кам ҳосил олинади.
Тарқалиши. Шилиқ арракаш Россиянинг Европа қисмида (шимолда Ленинградгача), Шимолий Қирғизистонда ва Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида, Ғарбий Европада, Шимолий Америкада, Жанубий Американинг жанубий қисмида, Жанубий Африкада, Австралия, Янги Зеландия, Тасманияда учрайди.
Таърифи. Вояга етган шилиқ арракаш қанотларини ёзиб турганда катталиги тахминан 1 см келади, олдинги жуфт оёқларининг болдирлари сарғиш, қанотлари тиниқ бўлиб, гунгурт ҳошияси бор. Сохта қуртининг узунлиги 1,0-1,5 см гача боради; гавдасининг олдинги учи кенгайган, уст томондан эса қўнғир (шилиқ) билан қопланган. Fумбаги қуриган шилиқдан ҳосил бўлган чўзинчоқ пилла ичида бўлади, пилласига тупроқ зарралари ҳам илашади.
Ҳаёт кечириши. Шилиқ арракаш пилла ўраган сохта қуртлик стадиясида тупроқ юза қатламида қишлайди; кўкламда ғумбакка айланади. Ғумбаклик стадияси 6-8 кун давом этади.
Шилиқ арракаш партеногенез йўли билан урчийди, унинг эркаклари бўлмайди. Ғумбакларидан урғочи арракашлар чиққандан кейин тез орада тухум қўя бошлайди. Урғочи арракаш баргнинг пастки томонидаги тўқимага битта-битта дан тухум қўяди, ҳар бир баргни тухуми билан ўн мартагача тешади. Тез орада қўйилган тухумларнинг устида, баргнинг юқори томонида кичкина ғуддалар пайдо бўлади.
Тухумларнинг ривожланиши тахминан икки ҳафтага чўзилади. Тухумдан чиққан оқимтир яшил сохта қуртлар барглар юзасига кўтарилиб, уларни қотира бошлайди. Арракашлар май ойининг бошларида зарар етказа бошлайди ва олча териладиган вақтгача тобора кўп зарар етказа беради. Озиқланаётган сохта қуртлар ўз ахлатининг шилиғи билан қопланади. Сохта қуртлар ўсиб катта бўлгач ерга тушиб, тупроқда кўмилиб олади ва ғумбакка айланади, шундан кейин арракашлар чиқиб яна тухум қўя бошлайди. Шилиқ арракаш йилига икки авлод беради.
Кураш чоралари. Шилиқ арракашга қарши курашмоқ учун совун-анабазин, ёки совун-никотин эритмаси пуркалади (эритма 1 л сувга 3 г анабазин сульфат ёки 2 г никотин сульфат билан 3 г қаттиқ совун ёки 6 г суюқ совун қўшиб тайёрланади). Бир гектар дарахтзорга 3000 л инсектицид сарфланади. Бу дори мавсумда икки марта: биринчи ва иккинчи бўғинларнинг сохта қуртлари қийғос пайдо бўлганда пуркалади.
Украинада шилиқ арракаш тушган дарахтларга ДДТ дусти чангланганда яхши натижалар олинди. ДДТ дусти ўрнига суспензиясини пуркаса ҳам бўлади. Аммо ДДТ ни ҳосилга кирмаган боғлардагина ишлатиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |