Дағал каноп йўғон бош капалак
Carcharodus althaeae s. sp. baeticus Abt.
Зарари. Йўғон бош қурти дағал каноп баргини еб яшайди; натижада ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши сусаяди.
Тарқалиши. Дағал каноп йўғон бош капалак Ўзбекистонда, Туркманистонда, Кавказ ортида, Эронда, Европанинг жанубий ва ўрта қисмларида ҳамда Шимолий Африкада учрайди.
Таърифи. Капалаги қанот ёзиб турганда 2,2-3 см келади; қанотининг усти яшилсимон қўнғир, ости қўнғирсимон сарғиш-яшил рангда; олдинги қаноти юқорироғидан оқиш қия йўл ўтади; ўртасига яқин жойда оқиш чўзиқ доғ жойлашади; ташқи четида майда оқ доғчалар қатори бўлади. Кейинги қанотининг асосига яқин жойида биттадан оч тусли доғча бор, ташқи чети яқинида ва четида икки қатор доғчалар жойлашади, баъзан бу доғчалар ўзаро қўшилишиб белбоғ ҳосил этади. Олдинги ва кейинги қанотларнинг ташқи четларидаги оқ доғчалар (шокиласи бўйлаб) булар орасидаги қорамтир оралиқни фестон шаклида товлантиради.
Дағал каноп йўғон бош мўйловининг учи йўғон ва тўмтоқ-думалоқ; мўйловинннг асосида тук тутамчалари бор; гавдаси калта, бирмунча йўғон эркагининг гавдаси урғочисиникидан ингичкароқ. Эркагида олдинги қанотларининг олдинги чети тубидан юқорига қайрилган. Боши катта, кенг. Қуртининг бўйи 2,5-3 см; яшилсимон-кул тусда; бирмунча узун, оқиш туклар билан сийрак қопланган; боши катта ва қора тусда бўлади.
Ҳаёт кечириши. Йўғон бош капалак Марказий Осиёда бир йилда икки авлод беради. Ёш қуртлари (Бухорода олиб борилган кузатишларга қараганда) апрел охири-май бошида пайдо бўлади. Қурти дағал каноп ва гулхайри ўсимлигида тўйиниб яшайди. Қурт баргда тўла ривожланади; бунинг учун у барг четини ҳимариб ва ўргимчак иплари билан бириктириб ўзига пана жой ясаб яшайди. Битта қурт бир нечта баргни шикастлаши мумкин. Қурт одатда ўсимликнинг учки қисмидаги ёш баргларини еб яшайди. Қуртнинг ривожланиши тахминан бир ярим ойга чўзилади; ҳимарилган барг ичида ғумбакка айланади. Ғумбакли даври тахминан 10 кун давом этади. Ғумбакдан чиққан капалакда жинсий маҳсулот ривожланган бўлади. Урғочи капалак чиқишининг дастлабки кунларидаёқ тухум қўйишга киришади; капалак тухумини кўпинча ўсимлик учларига қўяди. Иккинчи авлоднинг ёш қуртлари июннинг иккинчи ярмида пайдо бўлади. Турли авлод капалаги ва қуртчалари қисқа муддатдагина пайдо бўлади. В. В. Яхонтовнинг Бухоро атрофидаги туманларда ўтказган текшириш натижаларига қараганда йўғон бош қуртини яйдоқчи (Anilastus sp.) ҳамда chalcididae оиласига қарашли ташқи паразитлар кўплаб йўқ қилиб туради.
Кураш чоралари. Дағал каноп йўғон бош қурти тушган экинларга, (қурт ғумбакка айлангунча) ДДТ ёки кальций арсенат дустини чанглаш ҳамда бегона ўтларни ўз вақтида йўқ қилиб туриш яхши натижа беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |