Қарсилдоқ қўнғизлар (симқуртлар)
Elateridae
Симқуртнинг бир неча тури Марказий Осиёда ғалла экинларига зарар етказиб туради; аммо бу қурт турлари ҳали яхши текширилмаган. Булардан узун мўйлов қарсилдоқ қўнғиз (Clon cerambycmus Sem.) кўпчилик туманларда экинга энг кўп зиён етказади. Тожикистоннинг тоғли туманларида экинга ҳаммадан кўпроқ лалми экин қарсилдоқ қўнғизи (Agriotes nadari Buyss.) зиён етказади, бу зараркунанда Ўзбекистон лалмикорликларида ҳам учраб туради.
Зарари. Симқурт тушган лалми экинлар баъзан жуда сийраклашиб кетади. Масалан, 1928 йилда Қамаши туманида бу зараркунанда зараридан 70 % гача ўсимлик қуриб қолган эди (Родд, Гуссаковский, Антова). Баъзан экин пайкалининг айрим жойлари парча-парча шаклида экинсиз бўлиб қолади, бу парчаларнинг катталиги бир неча гектарга ҳам етади.
Узун мўйлов ва лалми экин қарсилдоқ қўнғизи лалми ерларга экилган махсар ва зиғирларни ҳам анча қаттиқ зарарлайди; узун мўйлов қарсилдоқ қўнғизнинг баъзан нўхат экинини ҳам зарарлаганлиги кўрилган.
Тарқалиши. Узун мўйлов ва лалми экин қарсилдоқ қўнғизи ҳозирча фақат Марказий Осиёдагина борлиги аниқланган.
Таърифи. Узун мўйлов қарсилдоқ қўнғизи танасининг бўйи 9—11 мм урғочиси умуман эркагидан каттароқ бўлади. Эркагининг танаси урғочисининг танасидан кўра хипчароқ; эркагининг мўйлови тана узунлиги билан баравар, урғочисининг мўйлови эса танасидан қисқароқ эркагининг оёғи танасига нисбатан урғочиси оёғидан узунроқ. Бу қўнғиз танаси қорамтир тусда. Қанотустлигида қисқа туклар бор, эркагида бу туклар узунасига ўтган йўл шаклида йиғилган.
Личинкасининг бўйи 1,5 см га етади; оч сариқ тусда; танасининг ён томонидан туклар диккайиб чиқиб, яхши кўриниб туради; танасидаги сўнгги сегментнинг охири иккига ажралган.
Лалми экин карсилдоқ қўнғизи танасининг бўйи 7,5—8 см келади, ранги қора, ёш қўнғизлари сертуклигидан кул ранг бўлиб кўринади. Мўйлови, панжаси ва оёқларининг бўғимлари сариқ рангда бўлади. Орқасининг олд қисмининг олди жуда дўппайиб чиққан ва сирти нуқталар билан қалин қoпланган. Мўйлови аррасимон кўринишдан чўткасимон кўринишгача бўлади. Қанотустлиги олди нозик эгатчали бўлиб, зич нуқтачалар билан қопланган.
Личинкасининг бўйи 1,5 см гача, туси оч сариқ рангда, сийрак туклари бор. Танасининг охири конуссимон юмалоқ, кичкина қорамтир тишчаси бор. Танасининг сўнгги сегментидан бошқа қисмида сийрак нуқталар бўлади. Қаншарининг ўрта қисми уч тишли.
Do'stlaringiz bilan baham: |