Кураш чоралари. Кураш чораларининг энг муҳими донни дон тозалаш машинасида яхшилаб тозалашдан иборатдир, дон машинадан икки-уч марта ўтказилса, ундаги галларнинг 95—98 % и ажраб чиқиб кетади. Дон тозалаганда чиққан чиқитлар, молга берилишидан олдин сувда қайнатилиб, олиниши керак чунки бундай тозаланмаса ундаги галлар шикастланмайди ва нематода личинкалари ҳайвон ичагидан ўтиб ҳаётчанлигини йўқотмайди. Шикастланган дон ўтказилиб тозалангандан кейин дон тозалаш машинасини яхшилаб тозалаш керак.
Тоғ ёнбағрига буғдой экканда ўтган йили нематода билан зарарланган участкадан сувнинг бу ерга оқиб тушишига йўл қўймаслик лозим.
Тупроқни зараркунандадан тозалаш учун мазкур участкага уч-тўрт йилгача ғалла экинлари экилмаслиги керак.
Буғдой пишгач бошоқдаги доннинг ва галлнинг тўкилишига йўл қўймай, ўз вақтида ўриб йиғиб олиш зарур. Бундан ташқари, экин орасида ва теварагида бўладиган ғалласимон ўт ўсимликларини йўқ қилиб туриш зарур. Сўнгги йилларда буғдой нематодаси билан курашишда диметилдитиокарбамин кислота метил эфирининг каолиндаги 20 % ли дустини бир м2 ерга 100 г ва худди шу препаратнинг 10 % ли дустини бир м2 ерга 175 г ҳисобидан экин экишдан олдин солиш яхши натижа беради (Свешников); бунда буғдой икки кун кечикиб униб чиқади, лекин бунинг унчалик зиёни йўқ.
Қалқондор
Apus cancriformis Schaff.
Зарари. Қалқондор шолига анча катта зарар етказади. Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ва собиқ Қорасув туманида шу зараркунанда туфайли баъзи участкадаги шолилар батамом нобуд бўлган, айрим майдонларда 20—30 %, ҳатто 50 % гача сийраклашиб кетган эди (Бобков).
Тарқалиши. Қалқондор Ўзбекистонда, Қорақалпоғистонда, Тожикистонда, Туркманистонда, Жанубий Қозоғистонда, Қирғизистонда, Шимолий Кавказда, Кавказ ортида, Россиянинг Европа қисмида—шимолида Москвагача бўлган ерларда ҳамда Ғарбий Европа ва Ҳиндистонда учрайди.
Таърифи. Қалқондор тубан қисқичбақасимонларнинг барг-оёқли, қисқичбақа (Phullopoda) туркуми, жабраоёқлилар (Branchopoda) кенжа туркумига киради. Бу зараркунанданинг бўйи 2,5 см келади, танаси 42 сегментга бўлинган, энг кейинги сегменти икки айри вилка шаклида бўлиб, узунлиги 5 см га етади; зараркунанданинг олдинги қисми (сўнгги 10-15 сегментидан бошқасига) 1,6—2,7 см кенгликдаги қалқон билан қопланган; бунинг кўп миқдордаги баргсимон оёқлари нафас олиш органи ролини ўйнайди; бошининг олдинги қисмида иккита кўзи бўлади. Зараркунанда яшил-кул ранг, баъзан оч пушти рангда бўлади.
Бунинг личинкаси науплиус деб аталади; науплиусда сегмент бўлмайди, балки уч жуфт сузиш оёқлари бўлиб, бу оёқлар оғиз тешиги ёнига ўрнашган; бу ўса бориб бошқа оёқларининг бошланғичи пайдо бўлади; мана бу давр метанауплиус деб аталади.
Қалқондорнинг тухуми сферик шаклда, қўнғир-қизғиш рангда, диаметри 5 мм ча келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |