Тарқалиши. Коршинский шилиқ қурти ҳозирча Фарғона водийси билан Жанубий Тожикистонда топилган; Марказий Осиёнинг шимолий ҳудудларида шу авлоднинг бошқа турлари, жумладан Р. Оlivieri Cuv. экинларга зарар етказади.
Таърифи.. Вояга етган шилиққуртнинг бўйи 7-8 см бўлиб, баъзан 12 см гача, етади; йириги оч жигар ранг ёки қўнғир сариқ, майдаси тўқ жигар ранг, баъзан деярли қора бўлади. Моллюсканинг ярмидан кўп қисмини бекитиб турадиган, гавдасининг устки томонидаги мантияси ўшандай рангда. Мантиянинг орқа, қисми учи кўтарилиб турадиган эмбрионал чиғоноқли оҳак пластинкани ёпиб туради, узунлиги 7 см келадаган шилиқ қуртнинг оҳак пластинкасининг катталиги 11x6,2 мм келади (Жадин). Жағи сал-пал букилган, тоқ, ўткир зирҳли. Радуласи 115 қатордан иборат, ҳар қаторда 106 тадан тишча бўлади. Тухуми овал шаклда бўлиб, катталиги 3x5 мм. Тухумдан яқинда чиққан шилиқ қуртнинг жуда майда, тиниқ ва каҳрабо рангли чиғоноғи бўлади; гавдаси сувдай рангсиз бўлиб, катталиги 6-7 мм келади.
Ҳаёт кечириши. Коршинский шилиқ қурти тупроқнинг юза қатлами орасига кириб олиб, аксари ёшлигида, катталиги 2-4 см га етгач қишлайди; қисман айниқса нам жойларда каттароқ ёшида, узунлиги 6 см га ва ундан ошиқ бўлганда ҳам қишлайди (Жадин), Марказий Осиёда шилиқ қуртларининг баъзи бир турлари эса тупроқда тухумлик стадиясида қишлайди (Плотников). Жанубий Тожикистон водийларида шилиқ қуртлар январгача фаол, ҳаёт кечира беради. Коршинский шилиқ қурти қишлов жойларидан: водийларда январ охири - феврал бошларида, тоғларда - феврал охири ва ундан кечроқ ўрмалаб чиқади. Шу билан бирга ҳаво совуганда шилиқ қуртлар кечроқ чиқади, лекин баъзилари ҳатто қорда ҳам ўрмалаб юра олади. Қора совуқ тушганда чиққан шилиқ қуртлар; бўшашиб, тош, тахта, ўсимлик қолдиқларининг тагига кириб олади. Ҳарорат -4-5° дан ҳам пасайса, шилиқ қуртлар кўплаб нобуд бўлади.
Ҳаво исиган сайин шилиқ қуртлар жонланиб кетади ва ҳарорат 10-13° бўлганда секундига 2 мм га қадар ўрмалайди. Водийларда мартнинг ўрталарига бориб тупроқ юзасида шилиқ қуртлар кўпайиб кетади, бу ерда шилиқ қуртлар тунда ҳаёт кечиради; ёмғир ёғиб турганда ва ҳаво булут бўлиб турганда, шунингдек баланд тоғларда шилиқ қуртлар кундуз куни ҳам яширинмайди. Тоғларда шилиқ қуртлар 2 минг метргача баландликда учрайди. Шилиқ қуртлар тинч пайтда тупроққа гавдаси кўмиладиган даражада тош, тупроқ доналари, ўсимликлар остига кириб, кўпинча 90-100 тача бўлиб тўпланишиб олади. Шилиқ қуртларнинг фаол ҳаёт кечириш даври тупроқнинг намлигига ва ҳаво ҳароратига анчагина боғлиқ. Аммо кўкламда, ёмғирдан кейин тупроқ намлиги ошиб кетганда шилиқ қуртлар одатдаги озиқланиш жойларидан баландроқ ва нами камроқ нарсалар - тошларга ва ўсимлик пояларига ўрмалаб чиқади. Шилиқ қурт учун энг қулай ҳарорат 10-11° дир, +15° ҳароратда шилиқ қуртлар кам ҳаракатланади. Коршинский шилиқ қурти полифаг бўлиб, турли ўсимликлар, айниқса серсув ўсимликлар, парчаланаётган ўсимлик ва ҳайвон қолдиқлари билан, ҳатто ўзига ўхшаш шилиқ қуртларнинг ўлаксалари билан озиқланади. Шилиқ қуртлар кўпайиш даврида бир суткада ўз оғирлигининг 1 г га ўрта ҳисоб билан 130 мг дан ўсимлик озиқларини ейди. Сув бўлмаса шилиқ қуртлар вазни тез камайиб кетиб, 6-7 кунда нобуд бўладилар. Тупроқ нам бўлса, шилиқ қуртлар уч ҳафта ва ундан кўпроқ вақт очликка чидай оладилар. Шилиқ қуртлар водийларда апрел бошларида, тоғларда эса апрелнинг иккинчи ярмида жуфтлашади. Шилиқ қуртлар копуляцияси (жуфтлашиши) кўпайиш даврида 5 мартагача такрорланади. Урғочи шилиқ қурт биринчи копуляциядан 10-41 кун кейин иккитадан 60 тагача (кўпинча 20 дан оширмай) тухум қўяди; тухумларини тупроққа ўзи очган чуқурчага 2-7 см чуқурликка ёки тупроқ доналари остига зич қилиб қўяди; урғочи шилиқ қуртлар ҳар 3-8 кунда тухум қўйиб туради. Қўйилган тухумлардан 20-25 кунда ёш шилиқ қуртлар чиқади. Улар озиқланмай, эртасига гавдасини чиғаноқ ичига тортиб олади ва чиғаноқ оғзини ҳавода қотадиган шиллиқ парда билан тўсиб қўяди. Кеч қўйилган тухумларнинг ривожланиши июн ўрталарига яқин тугайди. Июн охирида шиллиқ қуртлар тупроққа кириб, октябр ўрталаригача диапаузуда бўлади. Май охиридан бошлаб фаол шилиқ қуртлар камайиб кетади. Етарлича намлик (ёмғирдан кейин) ва паст ҳарорат бўлгандагина диапауза тўхтайди. Юқори ҳароратда намликнинг ортиб кетиши шилиқ қуртнинг диапаузадан чиқишига халақит беради. Сувсиз водийларда, айниқса заранг тупроқли жойларда қишлаб чиққан шиллиқ қуртларнинг деярли ҳаммаси ҳалок бўлиб, диапаузага кирган ёш шилиқ қуртларгина қолади. Кузда ёш шиллиқ қуртлар асосан ўсаётган ўсимликлар билан озиқланиб, тез катта бўладилар ва кузда ўйғонгандан кейин иккинчи куни гавдаси шу қадар ўсадики, чиғаноғига сиғмай қолади. Ноябрнинг ярмида шилиқ қуртларнинг катталиги 2-3 см га етади; ўсган мантияси энди эмбрионал чиғаноқни деярли батамом ёпиб туради.
Сариқ илон, тошбақа, қурбақа ва ўрдаклар шиллиқ қуртларнинг асосий табиий душманларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |