Ҳаёт кечириши. Марказий Осиёда карам бити карамда, айниқса унинг пастки баргларида, ўзаги яқинида ва бутгулли бегона ўтларда тухумлик, қуртлик партеногенетик урғочи бит ва личинкалик стадиясида қишлайди. Шимолий Қозоғистон, Сибирда ва Россиянинг Европа қисмида карам бити фақат тухумлик стадиясида қишлайди.
Тухумлардан чиққан личинкалар ўсиб, партеногенетик кўпаювчи урғочи битларга айланади. Карам бити ҳам бошқа битлар каби ёз бўйи тухум қўймай, балки тирик бола туғади. Бит колониялари орасида апрелдан бошлаб қанотли битлар пайдо бўла бошлайди. Қанотли битлар янги ўсимликларга ўтиб, янги галаларни ҳосил қилади. Кузда эркак битлар пайдо бўлади; карам битлари жуфтлашиб бўлгандан кейин қишловчи тухум қўяди. Марказий Осиёда карам бити ёз бўйи камида 15 насл беради.
Кўкламдан бошлаб карам бити асосан бутгулли бегона ўтларда яшайди ва карамга июндан илгари ўтмайди; шу сабабли кечки карам эртаги карамга қараганда кўпроқ зарарланади. Карам бити аввал ўсимлик баргининг пастки томонида туради; баргнинг зарарлангаи жойлари устки томондан қабариб чиқади; бит кўпайиб кетганда баргнинг устки томонига ҳам ўтади. Бит карамга тушгандан 5-7 кун кейин тез кўпайиши натижасида карам боши баъзан деярли еб бўлмайдиган бўлиб қолади. Шу сабабли карам бити пайдо бўлган кундан бошлаб унга қарши кураша бошлаш керак Урғочи бит 30-40 та личинка туғади, тухум қўювчи урғочи бит эса 2- 4 тагача тухум қўяди. Карам бити миграция қилмайдиган турларга киради.
Карам битининг йиртқичларидан сирфид пашшалар (Sуrрhidае)нинг личинкалари ва паразитларидан яйдоқчи (Арhidius sсаbiosае Маrсh.) катта аҳамиятга эгадир; В. Яхонтов 1927 йилнинг июн ойи ўрталарида Бухорода карам битларининг 35,5 % ини шу яйдоқчи зарарлаганини аниқлаган.
Кураш чоралари. Карам битининг кўпайиб кетишига йўл қўймаслик учун полизни бутгулли бегона ўтлардан тозалаш, кузда эса ҳосил йиғиштириб олингандан кейин барча ўсимлик қолдиқларини, карам ўзаклари, барглари ва шу кабиларни йиғиб олиб, ерни шудгорлаб қўйиш керак.
Экинларга, битни йўқотиш учун, 1 л сувга 1,5-2,0 г ҳисобидан анабазин сульфат ёки 1 л сувга 1,2-5 г ҳисобидан никотин сульфат эритмалари (ҳар икки ҳолда ҳам бир л сувга 4-5 г совун қўшиб) пуркалади, ёки 7 % ли анабадуст ёки 5-6 %ли никодуст чангланади. Пиретрум билан чанглаш ҳам яхши натижа беради; гексахлоран билан чанглашнинг таъсири камроқ; бу инсектициднинг ҳиди узоқ сақланади, шунинг учун фақат ёш ўсимликларга ва бегона ўтларга ишлатилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |