Гирдак куя
Cemiostoma scitella Zell.
Зарари. Гирдак куя олма, баъзан нок баргларини гирдакка ўхшатиб кавак қилиб кетади; бу ҳашарот кўп тушганда баргларнинг куя еган ковак жойлари бир-бирига қўшилиб, барг пластинкасининг каттароқ қисмини эгаллайди. Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги айрим олмазорлардаги дарахт баргларининг 100 фоизгача зарарланганлиги аниқланган (Синельникова).
Тарқалиши. Гирдак куя Марказий Осиё, Қозоғистон, Кавказ, Ўрта ва Жанубий Европада учрайди.
Таърифи. Капалак қанотларини ёзиб тургандаги катталиги 5-8 мм келади; ранги кумушдай оқ, ялтироқ бўлиб, оч ҳаво ранг тусда товланади; қанотларининг учида доғчалари бор.
Тухуми овал шаклида, оқ.
Қуртининг узунлиги 5 мм гача, ранги оч сариқ-оқ, боши жигар ранг. Қуртлар 4 ёшга киргандагина oёқ чиқаради.
Ғумбаги тўқ сариқ бўлиб, ромбасимон оқ пилланинг ичида туради.
Ҳаёт кечириши. Гирдак куя дарахтлар атрофидаги тупроқ доналари тагида, қуруқ хазон орасида ва қисман дарахт пўстлоғининг ёриқларида ғумбаклик стадиясида қишлайди.
Апрелнинг биринчи ярмида ғумбаклардан капалаклар чиқади. Урғочи капалак олма, баъзан нок баргларининг пастки томонига биттадан тухум қўяди. Урғочи капалак умрида 40-80 тухум қўяди. Капалак ҳаёт фаолияти учун энг қулай ҳарорат 23-24° дир. Тухумлар қўйилгандан 8-12 кун кейин дастлабки қуртлар чиқади. Қуртлар барг этини еб, юмалоқ коваклар ҳосил қилади. Май бошларида баргларда кўп коваклар пайдо бўлади, улар кузгача секин-аста кўпаяверади.
Қуртлар ярим ой чамаси ривожланади, сўнгра барг юзасига чиқади ва пастга тушмасдан, ғумбакка айланади. Ғумбаклик стадияси 9-16 кун давом этади. Ёз фаслида гирдак куя бир ойдан сал ошиқ вақтда бир насл беради. Йил бўйи 4 насл беради; сўнгги наслнинг қуртлари ғумбакка айланиш учун ўргимчак ипига осилиб ерга тушади. Қурт ва ғумбакларда ривожланадиган паразитлар Марказий Осиёда гирдак куянинг кўпайиб кетишига халал беради; паразитларнинг тур таркиби ҳали аниқлангани йўқ.
Кураш чоралари. Гирдак куяга қарши курашда деҳқончилик хўжалик тадбирларидан қўйидагилар амалга оширилади: нобуд бўлган пўстлоқни тозалаб олиб, чиқинди куйдирилади, кузда хазон йўқ қилинади, дарахтлар атрофидаги ер чопиб қўйилади. Ёз вақтида қуртларни йўқ қилиш учун дарахтларга уч марта 1 л сувга 1 г заҳар ва 3 г совун қўшиб тайёрланган никотин-сульфат эритмаси пуркалади. Дори биринчи марта дарахтлар гуллагандан кейин, иккинчи марта 7-10 кун ўтказиб, учинчи марта 7-10 кун ўтказиб пуркалади. Никотин-сульфат ўрнига анабазин-сульфатни (оғирлик жиҳатдан бир ярим марта ортиқ) ишлатса ҳам бўлади, аммо никотин-сульфат анабазин-сульфатга қараганда яхши натижа бермайди (Синельникова). Олма қурти ва гирдак куядан зарарланган боғларда зараркунандаларга қарши биргаликда кураш олиб борилади, бунда олма қуртига ишлатиладиган инсектицидга 0,1 % ли никотин-сульфат ёки 0,15 % ли анабазин-сульфат қўшилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |