Ҳаёт кечириши. Ғилофли куя мева дарахтларининг шохларида ўрта ёшдаги қypт стадиясида қишлайди ва эрта кўкламда куртаклар бўртишидан олдин уйғонади.
Оқ акация гуллай бошлашига яқин қуртлар озиқланишдан тўхтаб, дарахтнинг шохларидан танасига ўрмалаб тушади, пўстлоқ тангачаларининг остига ёки дарахт танасидаги пўстлоқ ёриқларига кириб олади ва ўзидан чиқарган ип билан маҳкам ёпишади, Ғилофни оғзини шу ип билан беркитади, бошини ғилофнинг орқадаги учига буриб олади, унинг шаклини ўзгартиради ва қимирламайдиган бўлиб қолади; бир неча вақтдан кейин улар ғумбакка айланади. Қурт ғумбакка айлангандан бир ой кейин вояга етган капалаклар пайдо бўлади.
Май охирида - июнда капалаклар баргларнинг пастки томонига, асосан ўрта томири бўйлаб тухум қўяди. Урғочи капалак умрида 50-70 та тухум қўяди.
Қўйилган тухумдан 9-10 кундан кейин қуртлар чиқади, улар баргларнинг ичига кириб олиб, устки ва пастки пўсти орасидаги этини ейди ва ғилоф ясаб олиб, юзага чиқади, шу ерда кузгача бир қадар юмалоқ шаклли каваклар ҳосил қилиб озиқлана беради. Улар баргга ғилофнинг карнайга ўхшаш кенг қисми билан ёпишади; улар танасининг ярмини ғилофдан чиқариб, танасининг олдинги қисми билан барг пўстлари орасига киради, сўнгра озиқланиб, яна ғилофга киради ва унинг ичида янги жойга ўтади. Қуртлар секин ўсади, сентябр-октябрда озиқланишдан тўхтаб, шу шохчаларнинг ўзида қишлайди.
Тожикистон ғилофли куясининг ҳаёт кечириши Марказий Осиёдаги оддий ғилофли куянинг ҳаёт кечиришига жуда ҳам ўхшайди.
Ғилофли куя қуртларини паразитлар, шу жумладан, В. В. Яхонтов маълумотларига қараганда, Cbelonella microphtalma Wesm. деган яйдоқчи анча йўқ қилади.
Кураш чоралари. Олма қуртига қарши курашиш учун ишлатиладиган заҳарли ва заҳарланмаган тутиш белбоғлари ғилофли куя қуртларини тутиш учун ҳам ишлатилади. Белбоғларга тўпланган қуртлар 15 майдан кечиктирмай йўқ қилинади, чунки май охирида ғумбаклардан капалаклар учиб чиқа бошлайди.
Ҳали дарахтлар куртак ёзмасдан қишлаётган қуртларга қарши курашиш учун карболинеумнинг 6-8 фоизли эмульсияси ёки нефт мойларининг 10 фоизли эмульсиялари пуркалади. Бу чора ўсимлик битлари, қалқондорлар ва бошқа баъзи зараркунандаларга қарши курашиш учун ҳам фойдалидир.
Уруғлик мева дарахтларида ғилофли куя қуртлари кўплаб пайдо бўлса, дарахтларга, олма қуртига қарши кураш учун кўрсатилганидек ёз вақтида кальций арсенат билан оҳак ёки париж кўки билан оҳак пуркалади. Бу дори, данакли мева дарахтларини куйдириб қўймаслик учун уларга пуркалмайди. Олма қуртининг биринчи наслига қарши ишлатилган ДДТ нинг суспензияси пуркалганда ғилофли куя қуртлари кам ҳалок бўлади (Синельникова).
Дарахтлар баргини тўккан вақтда уруғли мева боғларининг гектарига 1200-1500 л ва данакли мева боғларнинг гектарига 1200-2000 л инсектицид ишчи аралашмаси сарфланади. Дарахтларни мишьякли препаратлар ва ДДТ суспензиялари билан дорилаганда гектарига 2500-3600 л суюқлик сарфланади. Тожикистон ғилофли куясининг қуртига қарши курашиш чоралари ҳам шунга ўхшайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |