Горчица баргхўри
Colaphellus hoefti Fald.
Зарари. Горчица баргхўрининг қўнғизлари, айниқса личинкалари горчица (хантал) ўсимлигига зарар етказади; бу зараркунанда кўпайиб кетганида эртаги горчица экини батамом нобуд бўлиши мумкин, масалан, бундай ҳол 1931 йилда Қамаши туманида юз берган эди. Бу зараркунанда горчицадан ташқари, карам ва турпга тушиши ҳам мумкин.
Тарқалиши. Горчица баргхўри Марказий Осиёда, Қозоғистонда, Сибирнинг ғарби-жанубий қисмида, Россиянинг Европа қисмининг шарқий-жанубида, Кавказ ортида ва Кичик Осиёда учрайди.
Таърифи. Горчица баргхўри қўнғизи 4—6 мм катталикда, овал шаклда, усти дўппайиб чиққан; рангги мовий, баъзан яшилсимон тусда; оёғи, устки лаби ҳамда мўйловининг туби қизғиш-сариқ ва мўйловининг юқори қисми қора бўлади. Тухуми овал шаклда, сарғиш рангдадир. Личинкасининг бўйи 1 см гача; усти тўқ қўнғир, ости сарғиш тусда; боши қора бўлади.
Танасидаги биринчи сегментининг устида кучли даражада хитинлашган қобиқча (қалқонча) бор. Қорнининг кейинги иккита тергитининг усти ҳам хитинлашган қобиқча билан қопланган. Танасининг сегментларида қобиқча йўқ, аммо усти қора тукли кўп дўмбоқчалар билан қопланган; дўмбоқчалар ҳар бир сегментда иккита кўндаланг қатор ташкил қилиб жойлашган. Ғумбаги эркин ҳолда.
Ҳаёт кечириши. Горчица баргхўри вояга етган стадияда қишлайди; қўнғиз март охири—апрел бошида уйқудан ўйғониб, бутсимонгулли бегона ўтларда овқатланишга киришади; мана шу ўтлардан кейинчалик бутсимонгулли экинларга, айниқса горчица экинига ўтади. Қўнғиз апрел-май ойларида тухум қўяди; урғочи баргхўр тухумини ўзи овқатланаётган ўсимлик тагидаги ер ёриқларига, кесакчалар остига қўяди. Бу тухумдан беш—етти кун ичида личинка чиқади.
Тухумдан чиққан личинкалар бутсимонгулли ўсимликларга ўтиб, уларнинг барглари ва тўпгуллари билан овқатланади, личинка кўпинча битта ўсимликда жуда кўпайиб кетади. Личинкаларнинг ривожланиши икки-уч ҳафтага чўзиладн, шундан кейин ерга тушиб, 2—3 см чуқурликда овал шаклли чуқурча ясайди ва шу ерда ғумбакка айланади. Личинка ерга тушгандан кейин бир ярим хафтача вақт ўтгач ғумбакка айланади; ғумбакли даври бир-икки ҳафтага чўзилади ва ғумбакдан чиққан қўнғиз келгуси йил кўкламигача шу жойда қолади. Бу зараркунанданинг генерацияси бир йиллик.
Кураш чоралари. Горчица баргхўрига қарши курашда экин далалари теварагида ўсиб чиққан бутсимонгулли ўтларни йўқ қилиб, ерни кузда шудгорлаш катта аҳамиятга эга.
Бу зараркунанда тушган экинларнинг ҳар гектарига 10—12 кг кальций арсенат ва 5—6 кг соғ тупроқ кукуни аралашмаси чангланади ёки ҳар литр сувга 2 г дан кальций арсенат аралаштириб пуркалади, бу эритмадан гектарига 1000—1500 л сарфланади. Бу зараркунандага қарши гексахлоран дорисини ҳам ишлатиб кўриш тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |