НОБЕЛ ҚОЛДИРГАН ХАЗИНА
Алфред Нобел 1895 йилнинг 26 ноябрида Париж нотариуси хонасида ўз
васиятини ўқир экан, хаёлига келган бир фикрдан ўткир кўзларида табассум
учқуни чақнади. У қароридан қариндош-уруғлари ва яқинлари қандай аҳволга
тушишини тасаввур этганди. Ахир улар 30 миллион кронга эга бўлиш арафа-
сида эдилар-да. Қанчадан-қанча заҳматлар эвазига жамғарилган ҳар бир
141
кронда одамларнинг ҳаёти, тақдири акс этиб турарди. Қатъий қарорга
келган Нобел васиятномага имзо чекар экан Берта ҳақида ўйлади...
Бўлғуси “Динамит отаси” 1833 йилнинг 21 октябрида Стокголмда
Иммануэл ва Каролина Андиетта Нобеллар оиласида таваллуд топди. Алфред
ёшлигидан нозик ва касалманд эди. Шунинг учун у саккиз ёшгача таълимни
уйида олди. Ўғлида даҳолик белгиларининг намоён бўла бошлаганини илғай
олган она унинг яқин дўсти, мураббийи ва ҳамроҳига айланганди. Бола
фанларни пухта ўрганиб, фикрлай олишда акаларидан ажралиб турарди. У
хорижий тилларни ўзлаштиришда ўзгача йўл тутиб, Волтер асарларини немис,
рус, инглиз, испан тилларига ўгирди. Сўнгра яна қайта французчага таржима
қилди. Бу машғулотни қайта-қайта давом эттирарди. Ота-онаси Алфреддаги бу
истеъдод бежиз эмаслигини билишарди. Чунки Нобеллар аждоди асосчиси,
XVII асрда яшаган Перрус Олаф Нобелиус шундай катта ақл-заковат эгаси эди.
Шунинг учун сулоланинг ҳар бир босқичида у ёки бу соҳада буюк кашфиётлар
соҳиблари учрарди. Масалан, Алфреднинг отаси Иммануэл ҳам истеъдодли
кашфиётчи, қурувчи ва меъмор эди. У унчалик ҳам илмли бўлмаса-да, ўз ақли
билан бойиб кетганди.
Улар − саккиз нафар фарзанднинг уч нафари (қолганлари вафот этишганди)
йиллар давомида тадбиркорликдан муваффақият қозонишди. Катта ўғил Ро-
берт Бокудаги нефть саноати эгаси, ўртанчаси Людвиг Санкт-Петербургда
қурол-яроғ заводини ташкил этди, кенжатой Алфред эса Нобел исм-шарифини
бутун дунёга танитишга муваффақ бўлди.
Аввалига ишлар унчалик силлиқ кетавермади. Катта қарздорлик туфайли
Иммануэл отасини Швецияда қолдириб Россияга бахтини излаб кетди. Санкт-
Петербургда унинг омади чопиб чилангарлик дастгоҳларини ишлаб чиқариш
корхонасини бунёд этишга мушарраф бўлди. Орадан тўрт йил ўтгач эса отасини
бу ерга кўчириб келди. 17 ёшга тўлган Алфредни химия фанини ўрганиш учун
142
Парижга, бир йилдан кейин эса Америкага, биринчи кема ихтирочиси Жон
Эриксонда малака ошириш учун юборишади.
1853-56-йилларда Қримдаги ҳарбий ҳаракатлари даврида Иммануэл
Россиядан кўплаб вино ва портловчи моддалар буюртмасини олади. Аммо
рус-турк уруши тугагач, у бирданига молиявий таназзулга юз тутади. Катта
ўғлини Россияда қолдириб, Алфред билан Швецияга қайтиб кимёвий ла-
боратория ташкил этадилар.
Алфред бир неча йиллик изланишлари натижасида нитроглицерин учун
капсулали детонатор ишлаб чиқаради. Бироқ бу ихтироси унга қимматга
тушди: тажрибаларнинг бирида лабораторияда кучли портлаш юз берди ва
саккиз киши ҳаётдан кўз юмди. Қурбонлар орасида унинг 20 ёшли акаси Эмил
ҳам бор эди.
Бу қайғуни кўтара олмаган ота ўлим тўшагига михланди. Қанча ғам-
ташвишларга қарамай, Алфред нитроглицерин ҳақида ўйлашни бир лаҳза ҳам
тарк этмади. 1867 йилдагина уни тугал кашф этишга эришди. Бундан унга
туганмас бойлик оқиб кела бошлади. Тез кунда уни “динамит отаси” деб ша-
рафлай бошладилар.
Афсуски, Нобел ўзини ҳақиқий оила бошлиғи сифатида бахтли санай
олмасди. Унинг шахсий ҳаёти чигалликларга бой бўлди. Йигирма ёшида
дорихона хизматчиси бўлган француз гўзалига ошиғу беқарор бўлди. Аммо
унга уйланиш таклифини айтиш умидида юрган вақтида қиз қаттиқ касалга
чалиниб оламдан ўтди. У бу зарбадан анчагача ўзига келолмай юрди. Ниҳоят,
25 ёшида 20 ёшли гул сотувчиси Софи Гессни севиб қолди. Аммо бу муҳаббат
ҳам узоққа чўзилмади. Қиз сиртдан соҳибжамол кўринса-да, аслида заҳар-
заққумнинг ўзи эди.
Алфреднинг Сара Бернарга иштиёқи ҳам саробга айланди. Бу актрисага
уйланиш ҳақидаги қарорини севимли онаси қатъий рад этди.
“Ўғлим, умуман
143
актёрларнинг шахсияти саҳнада ўйнаган ролларидагина мужассамдир. Сенга
ғамхўр аёл керак, яхшиси уни ёддан чиқар”,
деганди онаси.
Унинг Берта Кинскига бўлган ҳис-туйғулари ҳам барбод бўлгач, ишқий
ҳаракатларга чек қўйди ва ҳаётини илмий изланишларига бахшида этишга аҳд
қилди.
Алфред билан Бертанинг ҳаёти туташмаган бўлса-да, улар яқин дўст бўлиб
қолдилар. Тўққиз йиллик таниши Алфред динамитни яратганини эшитгач,
Берта ўз мактубида уни фақат тинчлик мақсадидагина ишлатишни илтижо ила
сўраганди. Аммо бу кашфиёт 1870 - 71-йиллардаги Франция-Пруссия урушида
қўлланилди. Бундан Алфреднинг виждони ниҳоятда қийналди. У кашфиёти
фақат ер ости йўллари, канал ва йўллар қурилишида ишлатилишини истарди.
Алфред ўзини тинчликпарвар киши деб биларди. Ҳатто у бир марта Бертага
“Менинг бир орзуим бор: шундай машина ёки ашё ишлаб чиқсам-у, у ҳар қандай
урушга тўсиқ бўла олса”
деганди. Йиллар ўтиб жамғарилган пулларни фан,
адабиёт ва тинчликни сақлаш хизматлари соҳиблари учун мукофат сифатида
сарфлаш ҳақидаги Бертанинг маслаҳати унинг ёдига тушди. Фурсат етганини
билган Нобел нотариусга қараб йўл олди...
Ўша даврда Нобел васиятномасидаги қарордан қариндошлари ва яқинлари
қандай ҳолатга тушганию, ўзларини қандай ҳис этишгани бизга номаълум.
Бироқ Нобел жамғармаси бугунги кунгача инсониятга нафи тегадиган каш-
фиётлар учун бериб келинаётгани бор ҳақиқат.
Берта эса Нобелнинг оламшумул васиятидан бехабар эди. 1897 йилнинг
январь ойининг бир тонгида эри келтирган газетадаги қуйидаги сатрларга кўзи
тушади:
“Алфред Нобелнинг шов-шувли васияти”.
У шу дамда Нобел айтган
қуйидаги сўзларни эслайди:
“Минглаб кашфиётларим ичида ақалли биргинаси
инсониятга хизмат қилса, мен бахтиёр бўлардим”.
Берта бу қарордан
ҳаммасини тушуниб етди ва
“гуноҳларга тўлов”
деб пичирлаб қўйди. У бир
неча йилдан сўнг Нобел мукофоти совриндори бўлди...
144
Алфред Нобел 1896 йилнинг 10 декабрь куни миясига қон қуйилиб дунёдан
ўтди. У умрининг сўнгги дақиқалари ҳақида жуда тўғри башорат қилганди:
“Умрим поёнида кўзимни юмиб қўювчи ва майин сўзлар билан эркаловчи яқин
кишим бўлмайди”.
Бироқ нима бўлганда ҳам Бертадан кўнгил уза олмаганди. Уни қалбининг
тўрида сақларди. Улар яқин дўст ва сирдош бўлиб қолдилар. Агар шундай
бўлмаганида, балки бундай жаҳоншумул васиятнома дунёга келмаган
бўлармиди?!
Do'stlaringiz bilan baham: |