ОГЮСТ РОДЕН ВА КАМИЛЛА КЛОДЕЛ
ЯГОНА ЭҲТИРОС ТАРИХИ
Огюст Роден миллионерга айланди. Камилла Клодел эса қашшоқликда
вафот этди. Огюст бутунжаҳонга машҳур ҳайкалтарош, Франциянинг
миллий қаҳрамони бўлди. Камилла − клиника деворлари маҳбусига айланган
ва у ердан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум эди.
Камилла Розали Клодел Франциянинг Шампан провинциясидаги Фер
шаҳарчасида 1864 йили, 8 декабрда дунёга келди. Унинг отаси Луи-Проспер
Клодел эътиборли ва ўзига тўқ кишилардан бўлиб, аждодлари сингари хусусий
мулк юмушларини бошқарарди. Онаси Луиза Серво оғиртабиат, босиқ аёл
бўлганлиги учун ўзини фарзандлар тарбиясига бахшида қилганди. Уларнинг
қизлари − Камилла ва Луиза ҳамда Пол исмли ўғиллари бор эди.
Камилла ўз дунёсида яшар, уй ишларини юритишни ёқтирмас эди.
Сирларини унга яқин бўлган укаси билангина ўртоқлашарди. Йиллар ўтиб
дипломат, шоир, рассом ва Франция академиги бўлиб етишган Пол Клодел
опаси ҳақида шундай эслайди
: “У буюк ишлар учун яралганини ҳис қиларди...”
Камилла ноёб истеъдод соҳибаси эди. Унинг бармоқлари теккан лой
бўлаклари гўёки жонланиб кетарди. Ёшлигиданоқ антик давр адиблари
китобларини кўп ўқир, ҳайкалтарошларнинг асарларига ҳайрат ила боқар эди.
1881 йили Луи-Проспер Клодел хизмат юзасидан Парижга боради. Тез орада
бутун оила аъзолари ҳам бу ерга кўчиб ўтади. Бу вақтда Камилла эндигина ўн
етти ёшга қадам қўйганди. У машҳур Каларосси академиясига тез-тез бориб
туришни одат қилади. Нотаниш қизчанинг ишларини кўрганлар ўз
135
ҳайратларини яшира олмас, унинг иқтидорига тасаннолар айтишар эди. Моҳир
қўллар орқали жонланган ҳайкаллар ўзининг оригиналлиги ва
ғайритабиийлиги билан ажралиб турарди. Клоделнинг биринчи устози
ҳайкалтарош Алфред Буш бўлган. Айнан мана шу инсон 19 ёшли Камилла
Клоделни парижлик машҳур ҳайкалтарош Огюст Роденнинг устахонасига
олиб боради...
Тақдир уларни учраштирганди. Камилла гўёки Огюстга маъшуқа ва
шогирдлик учунгина яралгандек эди. Камилла илк бор устахонага қадам
қўйганида Роденни унинг гўзаллиги эмас, санъатга бўлган қизиқиши, ҳис-
ҳаяжонга йўғрилган ҳаракатлари ҳайратини оширганди. Огюст ҳаётида кўп
маъшуқалар бўлганди, аммо ўзидан икки баравар ёш бу қиз илк бор унда
ҳақиқий эркаклик эҳтиросини уйғотган бўлса ажабмас.
“Боттичелли порт-
ретларидаги гўзалларникидек тўқ кўк рангдаги мовий кўз, таъсирчан нафис
лаб, елкасига тушиб турган тилларанг сочлар. Мағрур, ажойиб ва болалар-
никидек қувноқ қиёфа”
− уни буюк ҳайкалтарош мана шундай таърифлаганди.
Огюст ўрта ёшларда бўлиб, барваста ва ҳаракатчан, бармоқлари катта,
қудратли гўёки табиатнинг сеҳрли кучидан яралгандек туюларди. Малларанг
сочларига озгина оқ оралаган, кенг пешонали, соқоли сарғиш, мовий кўзли эди.
Камилла унинг ишхонасига ҳар кун келишни одат қилди. У хонани ювиб-
сидирар, лой пишитар, ишларга кўмаклашар, Роден эса қизнинг ҳаракатларини
зимдан кузатар эди. Қизнинг ёшлиги уни хижолатга қўярди. Уни биргина нарса
− Камилланинг қоматини кўриш истаги қийнарди. Бир куни Камилла Клодел
устахонасида ҳар қачонгидан кўпроққа қолиб кетди...
Шундай қилиб устахона икки ошиқ ишқий муносабатларининг бошпанасига
айланди. Бир вақтлар бу ерда Жорж Санд ва Алфред де Мюсселар ўз
асарларини яратишганию муҳаббат оғушида ҳаёт кечиришганига тарих гувоҳ.
Энди эса янги исмлар: Огюст Роден ва Камилла Клоделларнинг эҳтиросли
136
учрашувлари пайдо бўлди. Ва яна, ҳатто вақт ҳам ўз таъсирини ўтказа ол-
майдиган СЕВГИ ва ИЖОД.
Камилла Роденнинг илҳом париси эди. Унинг шарофати билан қатор ажойиб
ишлар − “Абадий санам”, “Данаида”, “Сиреналар”, “Ўй”, “Аврора” каби ўлмас
санъат дурдоналари пайдо бўлди.
Устозига бўлган муҳаббати Камилланинг қалбини ёқар, мақтовларидан
ғурурланар эди. Огюст ҳам борган сари Камилланинг ўз ишларини ниҳоясига
етказишига ишониб қолганди. Уларнинг ҳаёти ажойиб ўтиши мумкин эди, фа-
қатгина...
Йигирма йилдирки, Огюст Роден унга ўғил ҳадя этган Роза Бере билан
никоҳда эди. Роза оддий, босиқ аёл бўлган. Огюст уни бирорта дўсти билан
таништирмас ва ҳеч қачон ўз режалари билан ўртоқлашмасди. Роза эрининг
ишларидан хабардор бўлмаса-да, унда шубҳа уйғонди. Чунки Огюст кўпинча
кечани уйида ўтказмас, устахонада кечгача иш билан банд бўлганини баҳона
қилар эди. Уйга келганида эса чарчоқдан ўз ўрнида михланиб ётарди. Шундай
қилиб, “Касалини яширсанг иситмаси ошкор қилади”, деганларидек, тез орада
Роза унинг ҳаётида Камилла пайдо бўлганидан огоҳ бўлди. Аммо бу билан ҳеч
нарса ўзгармади. Роден аввалгидек ҳар икки уйда яшаб юраверди. Бир аёли
хўжалик ишию оила қозонини қайнатса, иккинчиси устахонада доимо у билан
бирга эди.
Ўша йиллари Огюст ўзининг энг ажойиб асари “Абадий баҳор”ни яратди. Бу
Роден томонидан яралган севги мадҳияси эди...
Уларнинг муносабатлари шу зайлда давом этиши мумкин эмасди.
“Бирор
марта менга севишингни айтганмисан?” − деди Камилла. “Сен менинг бутун
борлиғимсан, − жавоб қайтарди у. “Ҳеч қачон Розани ташлаб кетмайсан”, −
давом этди Камилла, − ачиниш ҳисси баъзан севгидан кучли...
”
Камилла деворга қараб жим ётар, йиғламас ҳам, гапирмас ҳам эди. Бир неча
кун аввалги асаб тутқаноғи уни шу кўйга солиб қўйганди. Ўн йилдан ортиқ
137
умрини унга ёрдам бериш учунгина бағишлади. Огюст ҳурматга, обрўга эга
бўлди. Камилла-чи? Шу йиллар давомида ўзининг бирорта ҳайкалини ярата
олмади. Камилла бироз ҳордиқ чиқариши, кучга тўлиши керак эди. Роден Кло-
делни Париждан узоқроққа олиб кетишга қарор қилди. Бу кечиккан асал
ойидек эди гўё... Аммо бир ой ўтиб, ортга қайтганларидан сўнг унинг яна эски
дардлари қўзғади. У ўттиз ёшга кириб улгурган. Қачонлардир у ёш эди ва умид
билан яшарди. Шу вақтгача у нимага эришди? Бировнинг ёри ҳам, яхши ҳай-
калтарош ҳам эмас.
“Мен кетаман, − ўйлади Камилла. − Агарда у билан
қолсам − бу мени ҳалок этади”. Аммо уни ҳалок этадиган нарса Огюстдан
айрилиш... Қани эди у буни билса!..
Камилла Италия хиёбонларидан бирида жойлашган уйда ёлғиз ўзи, қамалиб
яшарди. Бу уй унга устахона, ётоқхона ҳамда ошхона вазифасини ўтар,
хонанинг мебели бир каравот ва стулдан иборат эди. Унинг ўзи озиб-тўзиб
кетди, сочларига оқ тушди. Ишлари ҳам ривожланмади. Қандай қилиб “бозори
чаққон ҳайкалтарош” бўлиши мумкин? Ахир уни қўлловчи кишиси ҳам,
восита ҳам бўлмаса. Ҳатто Роден учун ҳам унинг буюклигини тан олишлари
учун ўн йиллаб вақт керак бўлган.
Улар ажралишган илк йилларида Камилланинг ишлари анча яхши бўлиб,
кўчага айланишга чиқар, ўзига қаҳрамон топиб, ҳайкал ясашга киришар эди.
Унда ҳали ҳам “роденлик” ҳиссиёти яшарди. Аммо бу борган сари сўниб борди.
Бошлаган ишини тугатмасданоқ бузиб ташларди. Уйнинг юзаси тугалланмаган
ишларнинг бўлакларига тўлди, ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетди. Огюстнинг
ёрдамларини рад этган Камилла бутунлай ёлғизланиб қолди. Энг яқин
сирдоши, укаси Пол бу вақтда Хитойда яшарди. У ўзининг барча қий-
ноқларига ҳали ҳам севадиган кишисини айбдор деб биларди. Шу орада унинг
соғлиги шунчалик ёмонлашдики, яқинлари уни ақли заифлар шифохонасига
олиб боришга мажбур бўлишди...
138
1917 йили Роза Бере шамоллашдан ҳаётдан кўз юмди. Шу йилнинг охирида
Роден ҳам ҳаёт билан видолашди. У 77 ёшда эди. Камилла Клодел ҳаммадан
кўра қаттиқроқ азоб чекди. У Франциянинг жанубида жойлашган Мондер-вер-
ге шаҳридаги руҳий касалликлар клиникасида ўттиз йиллик умрини ўтказди ва
шу ерда 1943 йили 79 ёшида вафот этди.
Ҳар бир ижодкорнинг асарида муаллифнинг тақдири ётади. Камилланинг
ишларида ҳам бу ўз аксини топган – “Персей ва Горгона”, “Балоғат ёши”,
“Ўтинч”, “Шакунтала”, “Вайсақилар”, “Вальс”... Унинг санъат дурдоналарида
аёлларга хос мулойимлик, таъсирчан қайғу, ҳиссиёт барқ уриб туради.
Эндиликда музейнинг Клодел асарлари жойлашган қисми доимо одамлар би-
лан гавжум.
Do'stlaringiz bilan baham: |