(осмонга қўл чўзиб)
Бундан буён адаштирма қулингни, ё Раб,
Ҳадисларни мен тўпладим худди шу сабаб.
Қуръондан сўнг тургувчи ул бир китоб бўлди,
Ҳидоятга бошлагувчи офтоб бўлди.
Ҳеч ким Расул суннатини қилолмас инкор,
Машҳаргача унинг нури сўнмагай зинҳор157.
Ушбу мисралар замирида тарихий ҳақиқат, аниқ фактлар билан бирга бадиий образли талқин, улуғ зот сиймосига ҳурмат ва эҳтиром, Расуллулоҳга эътиқод, илм-у урфонга муносабат акс эттирилган. Асарда тасаввуфий ғоялар, яъни Оллоҳга иймон келтириш, Расулуллоҳга эргашиш, дунёнинг ҳой-у ҳавасларидан юз ўгириб, ҳақ йўлига ўтиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғоялари илгари сурилади. Имом Бухорий эътиқоди ва қарашларида нашбандия тариқати, яъни “Дил ба ёру, даст ба кор” (Дилинг Оллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин) деган ғоя етакчи ўринда турадики, узлат, яъни тарки дунё қилиш муаммоларнинг ечими эмаслиги айтиб ўтилади.
Йўқ, узлатдан нажот йўқдир башариятга,
Тарки дунё бошлаб бормас олий ниятга.
Барча ўзин хилватларга уриб кетса жим,
Башарият ризқ-у рўзин етказади ким?
Поклик – иймон, иродатга боғлиқдир, илло,
Тожларда ҳам, балчиқда ҳам тиллодир – тилло!
Узлат аро инсон ўзин покланиши мумкин,
Бироқ, менинг назаримда, ул инсон – худбин.
Эл ичинда, юрт ичинда кезмасанг кушод,
Покламасанг, покланмасанг, нечун бу ҳаёт?!158
Оллоҳни севиб, Оллоҳдан қўрқиб, Оллоҳга ишониб халқ орасида юрган, халқнинг қувончи-ю ғамига шерик бўлган, одамларнинг мушкулини осон қилиш эвазига савоб олгувчилар Оллоҳнинг ҳам севган бандалари ҳисобланиши, уларга охират куни энг олий мукофот ажри борлиги эътироф этилади.
Шу ўринда янгича бир баён, ажиб бир далиллаш эътиборимизни тортди: “Тожларда ҳам, балчиқда ҳам тиллодир – тилло”. Асарда Бухорий тилидан айтилган бу фикр пок қалбли мўминлар таърифи учун келтирилган бўлса-да, унда алломанинг жаҳолат шамоли уфурган, разолат булути қоплаган, маърифат қуёши тўсиб қўйилган |Бухоро заминида тожларни безагувчи тилло балчиққа қорилгани; Нишопурда хўрланган ва ўз тупроғида ҳам туҳмат, бўҳтон балосига учраганлиги; она маскани Бухорога сиғмай, тупроғидан йироқларга кетишга мажбур бўлганлиги, ватангадоликда вафот этгани ҳам акс этади.
Дарёдаги тош сингари думалаб эмас,
Ҳар бир инсон дунё бўлиб қолмоғи лозим!159
Асарда она юртни соғинган, она тупроққа ошиққан, Оллоҳ ва Ватан меҳрини пок иймонли қалбига жо қила билган мўйсафид Бухорийнинг Бухорога қайтаётиб (уч кўринишнинг охирида) айтган сўзларида кузатамиз:
А, дарвоқе, кетмоқ керак, йўл олис, зотан.
Do'stlaringiz bilan baham: |