(Уҳ тортиб, давом этади.)
Қавму қариндошим қанча-қанчаси –
Булбулзабон шоир тағойиларим
Бошини учирди уруш шамоли141
Аҳмад Ҳожибек Навоийга лутф кўрсатади, Фазлуллоҳ Абу Лайс Самарқандий ҳузурига юборади. Соҳиб Сиддиқнинг Аҳмад Ҳожибекнинг Навоийга бўлган муносабатидан ғазабланиб чиқиб кетади.
Кейинги саҳна Навоийнинг суҳбатлашиб ўтиргани саҳнаси билан бошланади. Бу суҳбат асносида Навоийнинг шеърият мулкининг султони эканлиги, Риёзий битган байтларни тузатиб, сўз қўллашда қанчалик маҳоратли эканлиги, мантиқ тарозусига солиб, бетакрор байтлар яратиши очиб берилган.
Навоий Амир Темур тузган давлатнинг унинг ворислари томонидан парчалиниб кетишини афсус билан баён этади. Мўйсафид темурийзодаларнинг ўзаро тож-тахт учун кураш олиб боришини чаённинг заҳри кўпайса, ўзини ўзи чақиб олишига ўхшатади. Навоий эса ўз оёғига болта уриш, ўзини турган кемани тешиб, чўкиб кетишига ўхшатади. Шундай буюк салтанатнинг барбод бўлишини кўриб турган Навоий изтироблари шеърий сатрларда чизиб берилади:
Соҳибқирон Темур жон фидо қилиб,
Бирлаштирайин деб бутун миллатни
Бир буюк Ватанга солганди асос,
Бугун пароканда бўлиб салтанат
Қашқирдек поралаб нимталар ҳар ким…
Алҳазар, ақлдан озганми булар?
Болта урадилар ўз оёғига,
Тешгайлар ўзлари чиққан кемани142.
Ҳозирда биз яшаётган даврда тинчлик, осойишталикнинг қадрига етиш, атрофимизда бўлган воқеаларга лоқайд бўлмаслик ғояларини драматург асар давомида уқтириб ўтади. Давлат қачон ривожланади, равнақ топади, қачонки у мамлакатда тинчлик, осойишталик ҳукмрон бўлса. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ кераклилиги Абу Лайс Самарқандийнинг сўзлари орқали драмада ўз ифодасини топган:
Зулматни ёритар эзгулик нури,
Жаҳолат тиғига маърифат қалқон.
Не учун маъмурлик бизнинг заминда,
Тонг сокин, кечалар осуда кечар,
Улус шод, хотиржам каттаю кичик.
Кун сайин ҳар ишда равнақу ривож.
Боиси – бу тинчлик, осойишталик,
Тараққий асоси эса маърифат!143
Бугунги ёш авлодга Ўзбекистонни Самарқанд тимсолида, Ҳиротни уруш кечаётган нотинч давлатлар мисолида тасвирлаб, юртимиз тинч-осойишта, халқ шоду-хуррамликда ҳаёт кечираётганлигини, тинчликнинг қадрига етиш зарурлигини, лоқайд, бепарво бўлмасликни, огоҳ бўлиб яшашни, ҳар бир ўтган кунимиз учун шукрона қилиш лозимлигини, бу кунларнинг қадрига етиб, аждодларимизга муносиб ворис бўлиб етишиш, уларнинг биз учун бунёд этиб кетган тарихий обидаларини асраб-авайлаш кераклигига драматург шоирларимиз тилидан даъват этади:
Абу Лайс Самарқандий:
Юксалтир қалбқўрғон деворларини!
Аждодлар шаънига бўлгил муносиб!
Наслу насабингни унутма, асло!
Огоҳ бўл, огоҳ бўл, мудом огоҳ бўл!
Навоий:
Ҳар нафасинг ҳолидан огоҳ бўл,
Балки, анга хуш ила ҳамроҳ бўл!
Мирзобек:
Эрурсен шоҳ – агар огоҳсен, сен,
Агар огоҳсен, сен – шоҳсен, сен!144
изтироблари тасвирига кенг ўрин берилган. Муғанний яъни ҳофиз Навоийнинг Лутфийнинг лутфига сазовор бўлган ғазалини куйлаш асносида савол билан мурожаат этиб, Навоийнинг яраларини янгилайди, болалик хотираларини эслатади. Драмада лиризмни кучайтириш мақсадида ашула айтилаётганда, саҳнанинг ўртасида сўнгида И.Мирзонинг туш мотивига мурожаатини кузатамиз. Бизга маълумки асар учун қўчимча маъно берадиган, ҳиссий таъсир ва эмоционалликни оширадиган, келажакни башорат қилувчи туш мотивидан асарларда фойдаланилади. Бунда Навоийнинг Самарқанддаги сафари тугаши, уни Ҳирот кутиб тургани тушида онасининг айтган сўзлари орқали китобхонга маълум қилинади.
… Ажаб, тонгга ёвуқ бир туш кўрибман…
Эҳ, онам, волидам, мушфиғим онам,
Малойик суратли, анвор юз билан
Озор бермайин деб тушимда ҳатто
Ўша майин, синиқ, сокин овозда
Келгин, болам, дейдир, ота уйингга…
Абу Саид вайрон этган ҳовлимиз
Яна обод эмиш, чароғон эмиш145.
Драманинг таъсир кучини ошириш мақсадида И.Мирзо бир неча ўринларда Навоий мисраларидан парчалар келтиради. Мўйсафид ҳам Навоийни унинг ғазаллари орқали таниб олади.
М.Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” драмасида Жалолиддин образи муҳим ўрин тутади. У озодлик курашида садоқатли саркардаси Темур Малик, эл паҳлавони Элборс, синглиси Султонбегим, Имом Шаҳобиддин Хевақий ва умуман, баҳодир сипоҳиларга таяниб иш тутади ва шу туфайли оламга даҳшат солган Чингизхондек саркарданинг юрагига ғулғула солади. Шундай нотинч, долғали мўғул босқинчилари ватанга кетма-кет зарба бераётган даврда миллатнинг бошини бир қилиб, душманга қарши туриш қийин, албатта. Бунинг учун матонат, сабр, ирода керак одамга. Ана шундай вазиятда Жалолиддинга руҳий мадад бериш истагида шоир асарга Султонбегим образини усталик билан киритади. Асардан бир кўриниш: Темур Малик асирга олинганидан кўнгли ярим бўлиб турган Жалолиддиннинг олдига жанговар кийимда Султонбегим кириб келади ва ушбу сўзларни айтиб:
Оғам, оғам, жанговар оғам,
Мен ҳам сизга бўлғайман ҳамдам.
Кўп хафасиз, мен хабардорман,
Мен синглингиз, мен ҳам сардорман!146
дея акасига таскин беради. Шунда Жалолиддин ғурур билан:
Баракалла синглим! Ким дейди
Жалолнинг йўқдир иниси?..
Туҳматдур бу… Мана ботир эр147 –
деб, уни қучади. Жалолиддиннинг мардлигига ҳатто унинг ашадий душмани Чигизхон ҳам тан беради.
У гарчи душмандур, аммо улуғ ёв
Агар қўлимга тушса беаёв
Ёриб кўкрагини, ичардим хунин,
Сўнгра... Тиз чўкардим олдида унинг!148
У Жалолиддиндек ўғли бўлишини орзу қилиб, Хоразмшоҳнинг ахмоқона қилиғига кулади:
Кўп ҳам таажжубдир дунёнинг иши:
Яхши инъом олар нолойиқ киши,
Хоразмшоҳ учун шундай бир фарзанд,
Отаси не онглар, не бўлур хурсанд.
Оҳ, кошки тўрт ўғил ўрнига фалак –
Менга бирин берса Жалолиддиндек149.
Бу фожиаларга тўла ҳаёт материаллари орасида Муҳаммад Аловиддин Хоразмшоҳ билан унинг ўғли Жалолиддин фаолиятлари, ота ҳамда ўғил мақсади ва характерларидаги ноякдиллик жуда характерли эди. Тарихий манбаларнинг кўрсатишича, ўта мағрур, шахсиятига ҳаддан ортиқ бино қўйиб, ўзини иккинчи Искандар Зулқарнайн деб атаб керилувчи Хоразмшоҳ босқинчиларга қарши муносиб тараф бўлишга ожизлик қилди. У Чингиз қузғунларининг хуружидан саросима ва васвасага тушди, мамлакатдаги кучларни қовуштириб, улар бошини бирлаштиришда, босқинчиларга қарши курашда иродасизлик қилди, ёвуз кучга қарши дадил отланишга юраги дов бермади, эл-юрт ишончини оқламади, ўз бурчини ўтамади. У қўрқоқлигидан ҳар ер-ҳар ерда қочиб, писиб юрди, душман аскарлари таъқибида қоча-қоча Каспий денгизининг жанубий соҳиллари яқинидаги бир кичик оролчада тўхтади, ўзини-ўзи ана шундай қисматга, дарбадар бўлишга маҳкум этган Хоразмшоҳ шу жойда касалланиб, вафот этди.
Табиийки, М.Шайхзода шоҳнинг кўр-кўрона хатосидан, қўрқоқлигидан келиб чиқувчи фожиани бош мақсадга чиқармади. У асар яратилаётган давр руҳига мос ва мувофиқ келувчи йўлни танлади. Бу йўл даҳшатли фалокатлардан чўчишни билмаган, ўз мардлиги ва жасорати билан шуҳрат топган Жалолиддиннинг қаҳрамонона курашларни акс эттирувчи характери эди. Муаллиф саркарданинг ватанпарварлигини, юртни жонидан-да ортиқ кўрганлигини намоён қилиш учун қаҳрамонлик трагедияси яратишни мақсад қилди. Пьеса сюжетининг тугунидаёқ, зиддиятнинг таранглаша бошлашидан, мураккаб ва трагик тус олишидан хабардор бўламиз.
Тарихий манбаларга таянадиган бўлсак, Жалолиддин 1221 йилнинг ноябрида Ҳинд дарёси соҳилига яқин жойда ҳал қилувчи жангни бой бергач, оиласининг асирга тушиб, чексиз азоб-уқубатга гирифтор қилинишини истамай, тик қирғоқ тепасидан онаси, хотини ҳамда болаларини дарёга улоқтиради. Улар сувга ғарқ бўлади. Жалолиддиннинг ўзи эса отда нариги қирғоққа сузиб ўтиб, ёвга қарата узоқдан таҳдид қилади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, асарнинг трагедияга мансублиги Жалолиддиннинг синглиси Султонбегим образи билан боғлиқ сюжет чизиғида яққол намоён бўлади. Султонбегим оғаси ёнида жангчи сифатида шараф билан ўтаган бурчини ўз эрига муносабатида ҳам аъло даражада намоён қилади. Султонбегим эри Бадриддин унга Самарқанддан совға келтирган чоғда ҳам юрт тақдирини шахсий манфаатидан баланд қўяди:
Оҳ, эри ярасин силаб боғлаган,
Бахтли келинларга ҳасад қиламан,
Оҳ, кошки шунчалар зийнатдан кўра,
Келтирсанг у ердан битта ғиштпора!
Не керак Самарқанд лаъли тилласи?!
Раҳмат дердим бўлса мўғул калласи150.
Султонбегимнинг фожиавий қисмати Жалолиддинникидан кам эмас. У отаси кетидан Эрон ва бошқа ўлка ерларида сарсон-саргардон, она-юрт-эл ҳажрида армон чекиб юра-юра оғаси қошига қайтади. Қарама-қарши ҳислар, иккиланишлар туғёни Султон бегимнинг мардона характери, сотқинлар ва ёвларга қарши оғаси билан ёнма-ён жанг қилишга қарор бериши, сўнмас эҳтироси олдида ўтмаслаша боради. Унинг қалбдаги аламли, азоб-уқубатли ҳислар мардлик туйғулари билан уйғунлаша боради. Ҳатто, эри Бадриддин жангда асирга олиб келинганида ҳам Султонбегим мардлик, ватанпарварлик фазилатларида содиқ туради, хоин, ватанфуруш бу шахснинг ўлимини тилайди. Ачинарлиси шундаки, жангда Амир Бадриддинни Султонбегимнинг ўзи асирг олган эди.
Демак, ватан олдидаги фуқаролик бурчи билан муҳаббат ўртасидаги қалб кураши, қаҳрамон шахсига боғлиқ бўлмаган ва ижтимоий аҳамият касб этган шу зиддиятда биринчисининг устун келишида қаҳрамон руҳий азобини кўрамиз. Бу руҳий азоблар уларга қарши турган томондаги персонажлар ҳужуми оқибати билан қўшилиб, қаҳрамон фожиасини, асарнинг фожиавий хусусиятларини таъминловчи манбага айланади.
Драмада Жалолиддиннинг кураши ватанпарварлик туйғулари ва бу йўлдаги икки томонлама (ота муҳити ва душман томон) қарама-қаршиликлар билан тўқнашиб, умум аҳамият касб этади. Пьесанинг етакчи қаҳрамонларидан бири Темур Малик характерида баҳодирона сифатларнинг бош фазилатлилиги, унинг ҳам Жалолиддин каби она-Ватанга содиқлиги, эл-юрт манфаати йўлида ҳар нарсадан, ҳаттоки ўлимдан ҳам қайтмаслиги асарнинг қаҳрамонлик пафосини кучайтирган.
Агар Жалолиддин халққа суяниб, ўзининг эркпарварлик курашида ёвга, зўрликка зиғирча ён босиши мумкинмаслигини ўз ҳаракатларида ифодаласа, Темур Малик ёв қўлига тушгач, Чингиз уни сарой хизматига таклиф этиб, мансаб-мартаба ваъда қилганида, ундан она юртида гадолик афзаллигини айтади. Темур Маликнинг ёв томонидан ўлдирилиши билан трагизм янада кучли намоён бўлади. У том маъноси билан умри боқий саҳна асари сифатида ўзбек драматургияси тарихи хазинасидан муносиб ўрин эгаллади. Бу асари орқали М.Шайхзода тарихни қай даражада яхши билиши, тарихий ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга айлантиришида қанчалик маҳоратга эга эканлигини кўрсатди. Шунинг учун ҳам бу асар халқимизнинг ҳурматини қозонди.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг Жалолиддин Мангуберди шахсига нисбатан ҳақиқат қарор топди. Унинг ватан озодлиги учун курашлари моҳияти англанди ва қарашлар ўзгарди. Хоразмнинг маркази, Урганчда ҳайкал ўрнатилиши, юбилейининг кенг нишонланиши, Жалолиддин Мангуберди орденининг таъсис этилиши бу фикрнинг исботидир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, М.Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» драмаси чин ватанпарвар бир саркарданинг шонли ҳаёт йўлини кўрсатишда маёқ вазифасини ўтайди.
Маълумки, уруш йиллари ўзбек адабиётида миллий озодлик курашчилари образларини бадиий гавдалантириш адабий анъана тусини олди. Муқанна, Маҳмуд Торобий, Жалолиддин Мангуберди сингари халқ курашчилари образлари ўша қонли йилларда жанг майдонларида жон олиб, жон бераётган ўзбек йигитларини руҳлантирди.
“Жалолиддин Мангуберди” драмасида довюраклиги билан тарихда ўчмас из қолдирган машҳур бобомиз Темур Малик образи ҳам мавжуд. Жалолиддин қўл остидаги амир ва бекларнинг бойлик талашиб низо чиқаришлари ҳамда итоатсизлиги туфайли Темур Малик мўғуллар қўлига асир тушиб қолади. Темур Малик образи ўзида садоқат тимсолини акс эттиради:
Жалолиддин ўлмас қаҳрамон
Юрт яшаркан, ўлсам йўқ армон!151
Аммо оғир дамларда Жалолиддин саросима ва таҳликага тушиб, эсанкираб қолмайди. Яшаш ва ёвдан қасос олиш иштиёқи унинг қалбида устувор. Асар воқеасининг ҳам авж нуқтаси, ҳам хотимаси бўлган кўринишда муаллифнинг Жалолиддин образига юклаган нияти ва ғоявий-бадиий муддаоси ҳам ўзининг ҳадди аълосига кўтарилади. Жалолиддин Чингизхонга қарши курашда садоқатли саркардаси Темур Малик, эл паҳлавони Элборс, синглиси довюрак малика Султонбегим, имом Шаҳобиддин Хевақий ва умуман баҳодир, садоқатли сипоҳиларга таяниб иш тутди. Шунинг учун ҳам оламга даҳшат солган Чингизхон юрагига ғулғула сола олди.
Асарда муаллиф Султонбегим, Темур Малик ва Элборс паҳлавон каби персонажлар фаолиятининг тасвирини чизиш орқали Жалолиддин образига хос мардлик, эл-юртга садоқат хислатларини янада равшанлаштиради, образни қиёмига етказади. Султонбегим ҳам худди оғаси Жалолиддин каби, тарихий шахснинг қайта ишланиб, умумлашма даражасига кўтарилган бадиий портретидан иборат. Мураккаб воқеалар жараёнида Султонбегим образининг хилма-хил сифатлари унинг ўз яқинлари билан қилган диалоглари – мулоқотлари орқали яққол намоён бўлади. Асарнинг сўнгги пардасида Бадриддиннинг сотқинлиги фош бўлгач, Султонбегим қалбидаги севги ҳисларидан юртга муҳаббат ва садоқат туйғулари устун келади. Изтиробли Султонбегим оғасига қараб хитоб қилади:
У ишқидан айирди, айнидим ундан,
Унинг юзин унутдим мен ўша кундан!
Шу қалбаки севги-чун топталди кўнглим,
Шу хорланган севгим дер: хабисга ўлим! [401]
Бу танлов жасур қизнинг ўз-ўзига айтмоқчи бўлган ҳайқири ҳамдир. Чунки у бир пайтлар Амир Бадриддинни севарди. Ёрининг юртга хиёнати туфайли оташин севги ўрнини нафрат туйғуси эгаллади.
Шу йўсин Султонбегим ҳам оғаси Жалолиддин билан елкама-елка туриб босқинчиларга қарши курашади.
Ҳамид Олимжоннинг “Муқанна” драмасида Гулойин образи муҳим ўрин тутади. У – Оташнинг қизи. Асарда Гулойин халқ озодлиги курашчиси, ўз юрти, элатининг фидокор жангчиси, умуман, жасорат ва мардлик тимсоли бўлиб гавдаланади. Қизнинг араб лашкарбошиси Сайид Баттол билан тўқнашув-олишувлари, ёвга қарши курашда йигитлардай матонат кўрсатишлари ҳаққоний куч ҳамда жўшқин руҳ касб этади, мардликка, зулмга, ноҳақлиққа қарши тик боришга ундайди.
Драматург асардаги мураккаб қаҳрамонлардан Жалойир образини араб руҳонийси сифатида кўрсатишни кўзда тутади. Ҳақиқатан ҳам Жалойир образида биз пухта шаклланган характерни кўрамиз. Унда Ислом динининг йирик намоёндаси – тарғиботчиси руҳи сезилади:
Яқинроқ кел, Оташ, гўзал Гулойин,
Имон кирсин дилингизга, кетиб кин.
Сиз қолдингиз Зарафшонда худосиз...
... Гўзал қизим, инсофга кир бу сафар... 152
Жалойир ўз хатти-ҳаракатлари билан драма конфликтини кескинлаштиради ва таъсирчанлигини оширади. Шу жиҳатдан II ва IV кўринишларда Жалойирнинг Муқанна билан юзма-юз тўқнашуви томошабин ва китобхонлар хотирасида бир умр қолади:
Жалойир:
Раҳму шафқат сўрамайман ҳеч қачон,
Ном қолади, тўкилади қатра қон.
Жаҳаннамга мен ҳаммангни тортаман,
Гуноҳингни тоғ-тоғ қилиб ортаман.
Омбир билан узиб олиб тилингни,
Болта билан майдалайман қўлингни.
Сен ўзингнинг қисматингни мендан сўр,
Кўнглингга хуш келганини қилиб кўр.153
Жалойир дунё ва инсонни яратишдаги мўъжизаларни ҳикоя қилаётганда халқ орасида пайдо бўлган Муқанна унинг диққатини жалб қилади. Аввало, Жалойир Муқаннани танимайди, унга оддий бир исёнчи сифатида қараб, эътибор бермайди. Лекин Муқанна зўр эҳтирос ва жўшқинлик билан дин ва диндорларнинг одамлар бошига солган ҳисобсиз кулфатларини, ислом динини ёйиш ишлари остида халқнинг инсоний ҳуқуқи ва эрки араб босқинчилари томонидан ваҳшиёна поймол қилинишини айтганда, Жалойир қаҳр-ғазабга тўлади. Ҳақиқат олдида довдирайди, аммо ўзини ушлаб олади-да, Муқаннани асир қилишга буйруқ беради. Бундай хатти-ҳаракатлари билан у халқ олдида асл мақсадини намоён қилади. Чунки халқ уни дастлаб юмшоқ, раҳмдил, олижаноб ва самимий бир инсон деб тасаввур қилган эди. Аммо унинг «олижаноблиги» бир ниқоб эканлиги фош бўлади. Халқ Жалойирнинг сиёсатини, мақсадини тушуниб етади. Ислом динига топинишга ташвиқот қилувчи Жалойирни ўлимга ҳукм қиладилар.
У.Қўчқорнинг “Имом Бухорий” шеърий драмасида улуғ муҳаддис имом Бухорий образи яратилган. Унда ҳикоя қилинишича, савдогарлар бирин-кетин ўз арз-у ҳасратларини қароқчилардан, шоҳ-у амалдорлар талаб қиладиган божлардан шикоят қилиб ўзлари ҳам Имом Бухорийдан: “Мана сиз шунча юртларни кезиб нима орттирдингиз?” деб сўраганларида, заковатли аллома уларга шундай деб жавоб беради:
Кўрдингизким, ҳеч вақом йўқ, на анор, на қоп,
Хуржунимда бор-у йўғим ўн-ўн беш китоб.
Сизникига ўхшаб кетар менинг касбим ҳам,
Мен ҳам бойлик учун умрин тиккан бир одам.
Худди сиздек эл-юрт кезмоқ мен учун ҳам хос,
Сиздек менга бу касб Расулуллоҳдан мерос.
Мен ҳам кутиб ўтирмайман – иссиқдир, қордир…
Сизнинг касбдан лекин жиндай фарқи ҳам бордир.
Мен мулкимни туяларда юрмайман ортиб,
Ўғри урмас қароқчилар ололмас тортиб.
Кимки менинг бу мулкимга тикар бўлса кўз,
Бошим етар осмонларга, чекмайман афсус.
Бизнинг касбда таваккалга асло ўрин йўқ,
Минг бор ўлчаб бир кесаман, кесаман аниқ.
Бу мулкимдан ҳеч ким хирож ола билмайди,
Олса – тўлиқ олар йўлда ола билмайди.
Кимдир барин ола билса, бир фазли шукрим,
Икки карра ортиб кетар менинг бу мулким.
Савдогарларнинг: “Бу қандай касб?” деган саволига:
Бу дунёнинг чекиб жафо, меҳнатларини,
Ҳадис йиғдим – Расулуллоҳ суннатларини
– дея жавоб қилади. Бу саҳнада Бухорий 16 ёшида волидаси ҳамда Аҳмад исмли акаси билан Макка зиёратига йўл олгани, ҳаж сарафидан сўнг онаси ва акаси Бухорога қайтгани, Бухорий эса Макка, Мадина, Миср, Басра, Куфа, Шом каби шаҳарларда ҳадис йиғиш билан машғул бўлгани, бу ҳадисларни қирқ йил давомида йиғганлигини айтиб ўтади:
Do'stlaringiz bilan baham: |