(кибр билан)
Илм-у урфон ярашадир мардуми хосга,
Шарт эмасдир илм ўрганмак авомун-носга-
Бухорий:
Илм-у урфон борасинда чекманг, бундо дарз,
Ҳар мўмин-у мўминага илм ўрганмак – фарз168.
Адиб Бухорийнинг: “Илм бориб берилмайди, келиб ўрганилади. Мен шоҳга ҳам гадога ҳам бир хил илм бераман” – деган жавобини шеърий мисраларда бундай келтиради:
(шиддат билан)
Мен илмни саройларда юрмам хор қилиб,
У кимгаки лозим бўлса, ўргансин келиб.
Ўз илмимни ҳеч кимсадан тутмайман пинҳон,
Эшигимиз очиқ эрур – гадоми, султон169.
Асарда ислом динини маёқ қилиб олган, лекин диндан мутлақо бехабар, жаҳолат ботоғига ботган бир гуруҳ қаландарлар образи Имом Бухорийга, дин ва маърифат аҳлига қарама-қарши қўйилади. Айнан бу ҳолат ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик вакилларидан бири О.Ёқубовнинг буюк маърифатпарвар ҳукмдор, астроном олим Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фожиаси акс эттирилган “Улуғбек хазинаси” романидаги воқеаларни эслатади. ҳар икки асарда ҳам хурофот денгизига ғарқ бўлган, илм-у маърифатдан, алқ-у заковатдан йироқ бўлган жоҳил қаландарлар, алқ-у дониш даҳоси, илм-у урфон раҳнамоси бўлган зотларга, яъни Мирзо Улуғбек ва Имом Бухорийга, охир-оқибат уларнинг фожиасига ўз таъсирини ўтказадилар, маърифат дарахтига болта урадилар.
Асарда муаллиф Имом Бухорий тилидан уйидаги икки мисрани келтирадики, китобхон шу икки сатр орқали ўз қалбида Бухорий ҳайкалини тиклай олади:
Юрагимга башар бахтин орзуси инди,
Ва ўз бахтим жуда-жуда кичик кўринди170.
Бутун башарият бахтини ўз бахти деб билган, ўз бахтини халқ бахти йўлида қурбон қилган ва жаҳолатга қарши курашишдан, жаҳонга маърифат улашишдан бахт туйган буюк сиймо Имом Исмоил ал-Бухорий ҳаёти, фаолияти ва фожиали вафоти акс эттирилган ушбу драма бизга IХ аср Нишопур ва Бухоро шаҳарлари, ўша давр ҳукмрон табақалари, оддий халқ вакиллари, талабалар, қароқчилар, қаландарлар, олим-у уламолар ҳақида ҳам бир қатор маълумотлар бериши мумкинлигига гувоҳ бўлдик.
Зотан ғаввос уммонлардан олиб чиқар дур,
Лекин унга ўзга каслар эгалик қилур171.
Шеърий драмада шоирнинг туш мотивига ҳам мурожаатини кузатамиз. Асосан, халқ оғзаки ижоди намуналари (достон, афсона, миф, латифа)да кўп учрайдиган бу мотив ёзма бадиий адабиётда ҳам роман-у қиссаларни, комедия-ю трагедияларни безайди. Инсонда шу сингари сезгиларнинг борлигига ишора қиладиган ва ишонтирадиган табиий олатни бадииятда акс эттириш туш мотивидан фойдаланиш дейилади. Мазкур достонда ҳам ана шу мотивга персонажлардан бирининг ўз фикрини далиллаш мақсадида Амир ва мажлис аҳлига ровийлардан бирининг тушини мисол қилиб келтириш сабабидан мурожаат қилинади:
Ровийлардан бири шундай қилмишким баён:
Бир туш кўрдим, Расулуллоҳ бўлмиш намоён.
Сал норози қиёфада тикилиб, ҳалол,
Сўнгра менга айламишлар шундоқ бир савол:
Шофеийдан тобакай дарс берурсиз, бироқ
Нега менинг китобимдан бермайсиз сабоқ?
Бул дашномдан довдирадим, ўзни йўқотдим,
Нурлар аро шамдай эриб зўрға сўз отдим:
“Ё Расулим, сизнинг китобингиз қайсидур?”
Дедиларким: Муҳаммад ал-Бухорий зотнинг
“Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” номлиғ асари эрур172.
Достонда туш баёни шундай аниқ, равон, қисқа ва тугал акс эттириладики, изоҳга, таҳлилга ҳожат топмадик. Аммо бу туш мотиви билан сўзлагувчи персонаж Амир ва аъёнларга, шоир – муаллиф эса китобхонга, ўқувчига муҳаддислар имоми Имом Бухорийни ва “Ал жомеъ ас-саҳиҳ” асарини, унинг мусулмон оламидаги ўрни ва аҳамиятининг қай даражада беназир эканлигини исботлаб бериш ғоясини илгари суради.
Асарда табиат манзараларига, ҳайвонот ва наботот оламига мурожаатни кўп кузатамиз. Табиат ҳодисаларидан бадиий санъатлар яратишига, мажоз ва рамзларни моҳирона қўллашига ва бу орқали китобхонга мавзу ва ғояни бадиий талқинда, эстетик руҳ билан етказиш қобилиятига гувоҳ бўламиз.
Аввалроқ дарё-ю дурларга юзланган бўлса, кейинги саҳифалардан бирида тоғ ва қуёш, бургут ва бўрилар рамзийлаштирилади:
Тоғ қанчалар юксак бўлса, бўлса пурвиқор,
Унинг боши узра ёғур шунчалар кўп ор.
Юмронларни чўчитгайдир бургут парвози,
Шабпалаклар қуёшдан бир умр норози.
Гулханга ҳеч яқин келолмас бўрилар,
Лекин зулмат оғушида яқин ириллар173.
Ушбу лиро-эпик драмада муаллифнинг бир қатор мақол ва иборалардан фойдаланганлиги эътиборимизни тортди. “Ел бўлмаса, қимирламас дарахтнинг учи”, “Ўз чодирин чопгай, ботир чиқса лўлидан”, “Эгасидан рағбат олган ит баттар ҳурар”, “Ушоқ тош, кўз чиқаргай”, “Қовургайлар қирғовулни ўз ёғи билан, Чоғга тушгай ҳар кимса ўз оёғи билан”, “Юз бор эшитгандан бир кўрган афзал” сингари мақолларнинг қўлланганлиги асар пафосини кучайтиришга хизмат қилган.
Шундай қилиб, “Имом Бухорий” шеърий драмаси IХ асрда яшаб, фаолият кўрсатган реал шахс, “Муҳаддислар султони” дея эъзоз топган ватандошимиз Имом Исмоил ал-Бухорий ҳамда араб халифалиги тасарруфида бўлган Бухоро, Самарқанд, Нишопур шаҳарлари, ўша давр ижтимоий-сиёсий, итисодий ҳаёти ҳақидаги аниқ ва тарихий фактларни адабий-бадиий талқинда китобхонга етказиб беради.
Кўринадики, юқорида таҳлил этганимиз шеърий драмаларда Алишер Навоий, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Имом Бухорий сингари миллатимиз тариххида муносиб ном қолдирган буюк сиймоларнинг бадиий образлари яратилган. Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмасида Алишер Навоийнинг серқирра фаолияти ёритилган бўлса, Иқбол Мирзонинг “Самарқанд сайқали” шеърий драмасида улуғ мутафаккир Самарқанддаги ҳаёти бадиий тасвир этилган. Айтиш мумкинки, Иқбол Мирзо наздида, шоирнинг Самарқанд ҳаёти бу кўҳна шаҳарнинг сайқали бўла олди. Албатта, бунда шоир тарих ҳақиқати ва бадиий тўқимани уйғунлаштирган ҳолда улуғ шоир қалб манзараларини шеърий шаклда таъсирчан ифодалаб берган. Ҳ.Олимжоннинг «Муқанна» шеърий драмаси Муқаннадек эрк ҳимоячиларининг образларини ўзбек драматургиясида илк маротаба яратган асарлар сифатида ҳам қардлидир. Мазкур асар ёшларимизни буюк боболаримиздан фахрланишга ўргатиш, улардан ибрат олишга даъват этишда ҳам амалий аҳамиятга эга. Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» тарихий драмаси мазмуни ва ғоявий мундарижаси, романтик-қаҳрамонлик характери, юртсеварлик ва инсонпарварлик ғоялари билан суғорилганлиги жиҳатидан замона эҳтиёжлари билан тўла ҳамоҳанг бўлди. Шундай қилиб, ўзбек халқининг мўғул босқинчиларига қарши олиб борган озодлик кураши тарихини акс эттирган бу саҳна асари ўзбек халқини ватанпарварлик, ёвга қарши нафрат ва баҳодирлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. «Жалолиддин Мангуберди» даги материал моҳияти, характер ва коллизиянинг фожиавий табиати, бутун асар ҳарактеридан трагик ғоянинг сизиб ўтиши уни трагедия дейишга тўла асос беради. Асар учун мавзу бўлган давр воқеалари ниҳоятда мураккаб, оғир зиддиятлилиги билан ажралиб туради. Бундай аҳвол бутун ўлка бошига оғир мусибат, ғам, жабру жафо ва фожиа тушганлиги билан изоҳланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |