“Умр дафтари” cаҳифасига
“Нафс балосига йўлиққан аёл”
Ҳаёт синовли. Кимнидир дард билан синаса, кимнидир мансаб билан синар экан. Мен ҳам шундай синовлардан бирига рўбарў бўлдимки, мисқоллаб йиққан обрўйим бир лаҳзада тўкилди. Нуфузли институтда аввал оддий ўқитувчи бўлиб ишладим. Кейинчалик қилган меҳнатларимни эъзозлашиб лавозимимни кўтаришди. Кафедра мудири бўлдим. Атрофимда сертакаллуф инсонлар кўпайгандан кўпайди.Кечагина ёнимдан терс ўгирилиб ўтадиган ҳамкасбларим бугун этагимни ўпгудай эди. Ҳудога шукр тўкис оила бекасиман. Турмуш ўртоғим ҳам обрўли жойда ишлайди. Иккита фарзандим, мени доимо қўллаб тургувчи қайнона-қайнотам , ота-онам бор. Нолишга эса ҳаққим йўқ. Авваллари “мансаб инсонни ўзгартиради” деса ишонмас эдим. Ўзим шу мансаб курсисига ўтиргач, амин бўлдимки, ҳарактерим чап томонга тортаётганига. Аёл киши хушомад, ширин сўзга ўч бўлади дейишади. Атрофимдагиларни гап-сўзлари, мулозаматлари мени айнитди. Аввалги содда аёлдан сал кибрлироқ аёлга айлангандек эдим. Рўзғор ишларига ҳам улгурмай қолардим . Яхшиям қизим бор. Дадасига мени йўқлигимни сездирмай овқатлар қилиб туради. Фаолиятим давомида “ўсиб улғайдим”, муомала санъатини ўргандим. Тангримни синови яна ўз кучини кўрсатди. Кафедра мудирлигидан, ўқув ишлари бўйича проректор бўлдим. Оғзим қулоғимда. Бу амал, бойлик инсонга бежиз берилмас экан, Сабрингни, нафсингни синовдан ўтказиш учун ҳадя қилинаркан. Мен эса буни сезмадим. Нафсимга ҳоким бўлиш ўрнига, ишимдаги маъсулиятни унутиб, касбимни суъистемол қила бошладим. Ёзги қабул комиссияси бошланиш арафасида, Ўзига бино қўйган, пулдор бир эркак қабулимга кирди. Салом аликдан сўнг, мақсадга кўчди.
-Ўғлимни шу институтда ўқитмоқчиман.
-Ҳўп- дея олдим ҳеч ким йўқ бўлсада атрофга қараб қўйдим.
-Неч пул сўрайсиз?- Эркак безрайиб менга тикилди.
Пул одамни шунчалик ботир қилиб юборар эканки, қаршимдаги одам ҳам бемалол мақсадини ошкор қилиб ўтирибди. Мен у эркак билан келишиб чиқариб юбордим. У таклиф этган сумма жуда катта эди. Бундай қинғир ишларни бошлашимга бир ҳамкасбим сабаб бўлди. У ҳам бир –иккита ўқишга кирадиганлардан пора олиб тирикчилик қилар экан. Мен проректор бўлгача унинг ҳам жонига оро кирди. Уч кун атрофимда ўралашиб охири мени кўндирди. Ҳаммаси ими-жимида бўлишга келишиб олдик. Катта пул эвазига ёнимга келган эркакни ўғлини ўқишини гаплашдим, тўғрироғи ўзимни қўлимда эдику, аммо ён-веримдагиларни ҳам оғзини ёпишим керак эдида. Иш ҳамирдан қил суғургандай бўлди. Амал курсисида шунчалик манфаат борлигини билмаган эдим. Аста-секин машина олдим. Қизимни тўйини дабдабали қилиб ўтказдим. Орадан йиллар ўтди. Мен ҳамон мансаб булутидаман. Шундай кунларнинг бирида қизим йиғлаб келди. Сабабини сўрасам.
-Куёвингиз қиморад ютқазиб қўйди. Агар қарзни қайтармаса эримни ўлдириб кетар эмиш –деди.
Куёвим ютқазган пулни эшитиб капалагим учди. Шунда сездимки ноҳалол топилган бойлик, ҳаромга сарф бўлар экан. Топган пулларим қиморбозларни ҳалқумига бориб етди. Шундай кейин ҳам мен нотавон аёлни кўзи очилмади. Ўша пулларни ўрнини тўлдирай деб баттар ишга шўнғидим . Соҳта дипломлар тайёрлатиб сотишдан ҳам таб тортмадим. Мол аччиғи жон аччиғи эканда. Эрим ҳам қилиб юрган ишларимни сезди шекилли, менга тарбиявий соат ўтди. Ҳўп дедим, бош эгдим, Лекин билганимдан қолмадим. Яна ёз мавсуми келди. Бир она набирасини олдимга олиб кирди. Камроқ пули бор экан қўллаб юборишимни илтимос қилди. Ахир нафсим аллақачон ўпқонга айланиб улгурган эди. Бундай юпқа илтимослар, юҳо жиғилдоним шамолидан йиртилиб, ҳар томон сочилди. Оғзимни тўлдириб нарх айтдим. Онаизор мунғайиб қолди. Топиб келишга ваъда берди. Яна чўнтагим қаппайишини сезиб қувондим. Орадан уч кун ўтиб ўша аёл пул олиб келди. Лекин набирасини ўқишини ҳал қила олмадим Билмадим омад мендан юз ўгирди. Ўғлимни машина уриб кетди. Бир ой касалхонага югурдим. Кўз олдимдан набираси билан турган бувини маъюс нигоҳлари кетмас эди. Сал бўлсада ақлим киргандек бўлди. Қайнонам ҳам йиғлагудек бир алфозда икки оғиз гапирдики, жон-жонимдан ўтиб кеди.
-Рўзғоримизга ҳаром аралашган. Шуни касофати бу.
Қулоқларим остида чақмоқдек жаранглаган бу сўзлар, қаршимда ётган ўғлимни ахволи, мени танг ахволга солди. Борига қаноат қилмай мансабга керилиб қилиб юрган ишларим яқинларимга ураётгани алам қилди. Бугуноқ бориб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни ният қилдим.
Эртасига ишга борсам. Ректор чақираётганини маълум қилишди. Олдига кирдим. Қўлимда ариза. Ичкарига кириб не кўз билан кўрайки, яқиндагина мунғайиб турган аёл яна набираси билан ўтирибди. Ректорни авзойи бузуқ. Маълум бўлдики онахон барчасини раҳбарга айтган. Ректор аризамни олдию жаҳл билан беш марта қўл қўйди.
-Қайтиб бу олийгоҳда қорангизни кўрмай. Аёллигизи хурмати учун сизга жазо қўлламадим-деб мени қувиб солди. Жазо нимаси. Ахир яратган эгам жазолаб бўлдику.Билмадим яна қандай синовлар кутаяпти экан мени. Бировни хаққи бировда қолиб кетмас экан. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ кундаёқ ошкор бўлди. Амал юкини ҳар ким ҳам кўтара олмас экан. Ҳатто қайнонамнинг кўзига қарай олмай қолдим. Гарчи эрим юзимга айтмасада, нигоҳларидан “батдар бўл бу кунингдан” деган иддаони уқавераман. Кўчадаги одамлар ҳам ҳудди қўлини бигиз қилиб “Ана порахўр келяпти”дегандай бўлаверади. Қийналиб кетдим. Дугоналарим ҳам мендан юз ўгиришди. Қўл телефонимга кўз тикавериб, мижжаларим толди. Ўз қилмишларим орқали бировга кераксиз бўлиб қолганимни энди англаб етяпман. Ҳудодан қилмишларим учун тавба қилавериб кўзларимни ёши қуриди.
Мухлиса опанинг сўзларини
Мансурбек ёзиб олди.
Do'stlaringiz bilan baham: |