Шайтон (Нидо келган томонга қичқирадир)
Чунки билим сенга туташ душмандир!
(Истеҳзо билан).
Ҳикматинг бор, уни ўзинг кел, қондир.
Мен қўрқмайман энди сенинг қаҳрингдан,
Учиб кетдим иқлимингдан, шаҳрингдан.
Тамуғларинг, оловларинг, азобинг,
Ваҳималар, жаннатларинг ялғондир.
Драма жанри тарихидан маълумки, бу жанр намуналарида ҳамиша ижтимоий ҳаётда катта-катта ўзгаришлар, эврилишлар юз бераётган, бир-бирига қарама-қарши кучларнинг ўзаро кураши кескинлашган нуқталарни акс эттирилади. Шунинг учун ХХ аср бошларида Туркистонда юз берган мустамлакачилик босқини, халқнинг хўрланиши, эрки қўлдан олиниши, зулм ва зўравонликнинг ортиши шу каби драмаларнинг яратилиши ва ёйилишига замин яратди.
“Шайтоннинг тангрига исёни” асари нафақат ғоявий жиҳатдан мураккабликка эга, балки унда воқеалар тизмаси ва персонажлар ҳам чеклангандир. Шунга қарамай, ундаги бош қаҳрамон – шайтон ўз характерини турли томондан намоён қила олган. Бунга эса асарда унинг “нидо” кўринишида келтирилган монологик нутқларга жавоби тўла ишонтира олади. Унинг “нидо”га жавоб нутқларини келтириш орқали асарнинг ғоявий таъсирчанлиги янада оширилган.
Драмада шайтоннинг ўзлигини намоён этишини чегаралаётган кучлар билан зиддиятли ҳолати асар драматизмини кучайтиришга хизмат қилган. У ана шу зиддиятли ҳолатларнинг фаол курашчи сифатида кўрингани учун ҳам драмада марказий ўрин эгаллаб, асар бош қаҳрамони даражасига кўтарилган. Ҳатто асар номи ҳам унинг номи билан боғланган. Драмада шайтоннинг фақатгина нутқи ифодасига эмас, хатти-ҳаракатлари изоҳига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, унга нисбатан қўлланган “(Ўйлағандан сўнг.)”, (ғурур билан), (одамга яқинлашиб) каби изоҳлар фикримизга далил бўла олади. Табиийки, асарда келтирилган бундай изоҳли ҳолатлар унинг асосида саҳна кўринишларини жонлантиради.
Бошқа драматик асарлар сингари “Шайтоннинг тангрига исёни” шеърий драмасида ҳам сатира, аниқроғи, ҳажв ва танқид, пичинг ва киноя, кесатиқ ва писанда каби драматик тур асарларига хос асосий мезонлардан тўлиқ фойдаланилган:
Шайтон:
Менинг каби ужуратлик хотиблар () тушунмасдан сўйларлар.
Булар каби тушунчасиз сомиълар ( ) англамасдан тинглайлар.
Яна сўйла, яна тингла, охири йўқ, учи йўқ,
Тингламаймиз деярғанда ҳеч кимсанинг кучи йўқ!
Бу хусусиятнинг зоҳир бўлиши ҳам синкретизм билан боғлиқ. Драмада персонажларнинг уюшиб келиши ҳам драматик асарларга хос яна бир муҳим хусусият бўлиб, қизиғи шундаки, унинг персонажлар гуруҳи деярли мифологик образлардан ташкил топган.
Юқоридаги талқин ва таҳлилларга таяниб, шеърий драма структурасида кечган синкретизм жараёнлари ҳақида қуйидагиларни умумлаштириш мумкин:
шеърий драма янги ўзбек адабиётида жаҳон адабиётининг бадиий-эстетик тажрибалари, турли трансформацион ва синкретлашув жараёнлари таъсирида шаклланди ва бадиий тараққий этди;
синкретизм дастлаб санъатшунослик термини сифатида қўлланилган ва адабиётшуносликда ХIХ аср ўрталарида ишлатила бошланган ва лирика, эпос ва драма турлари уйғунлигини англатган;
синкретизм ҳодисаси антик давр адабиётида, аниқроғи, драматик асарларда намоён бўлганлигини тасдиқлайди. Бунга сабаб, қадимги юнон адабиётидаги драматик асарларнинг шеърий йўл билан ёзилишидир;
Фитрат ҳам шеърий драмага хос синкретизм хусусиятини мусиқа ва саҳна элементларига боғлайди. Бинобарин, безакларнинг аниқлиги, мусиқа ва ёруғликнинг меъёри жиҳатидан ўзига хослик касб этиши драматик асарлар учун етакчи хусусиятлардандир;
“Шайтоннинг тангрига исёни” шеърий драмасида сатира, аниқроғи, ҳажв ва танқид, пичинг ва киноя, кесатиқ ва писанда каби хусусиятлар кўзга ташланадики, булар ҳам асарнинг синкретик хусусиятини намоён этиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |