Эмпириклар психологияни руҳ ҳақидаги фандир, деб эмас, «руҳий ҳодисалар» ёки «онг ҳодисалари» ёки бўлмаса фақатгина онг ҳакидаги фандир, деб таъкидладилар. Бу «руҳсиз» психологиядир (Н.Н.Ланге), «ҳеч қандай метафизикасиз психологиядир» (А.И.Введенский).
Эмпирик психологиянинг тарихий хизмати шундан иборатки, унинг вакиллари илмий жиҳатдан ўрганиш предмети сифатида руҳни инкор қилди. Бу ҳолатни психологиянинг метафизик ва идеалистик қарашлардан ҳоли бўлиш йўлидаги катта қадами деб ҳисоблаш мумкин.
Экзистенциализмнинг асосчиси бўлмиш немис файласуфи Мартин Хайдегер (1889-1978) “тушуниш учун ўз диққатимизни қарата олсаккина биз фикрлашга ўрганамиз”, - деб ёзади. Унинг фикрича, нарса ва воқеаларнинг моҳиятини тушуниш, англаб етиш, инсон фикрлаш жараёнида муҳим ўрин эгаллайди. Тушунишни талаб қиладиган нарса инсонни фикрлашга ундайди. Тушунишни талаб қиладиган нарса ҳеч қачон биз томонимиздан яратилмайди.
Хайдегернинг фикрича, тафаккур мавжудлигининг асосий хислати бу тасаввурдир. Тафаккур ҳақидаги таълимотга асосан тасаввур фикрда ифода этилади. Шунинг учун ҳам тафаккур ҳақидаги таълимотни логика, мантиқ деб атайди.
К.Р.Мегрелидзенинг таъкидлашича, инсондаги бирор бир руҳий ҳодиса ижтимоий омилни ҳисобга олмасдан туриб, тўғри тушунтирилиши мумкин эмас. Бу нарса биринчи навбатда тафаккурга тааллуқлидир. Тафаккурнинг ижтимоий ҳаётнинг бошқа кўринишларисиз ўрганиш мумкин эмас.
Инсон тафаккурининг усуллари нерв тизимида ҳам, миясида ҳам эмас, балки бир даврда мана шундай идрок этишга, ўйлашга, ишлашга, бошқа бир даврда эса нерв фаолиятини бошқача ишлашга йўллайдиган ижтимоий шароитдадир.
Инсонлар фикрлари ва қарашлари индивидуал тартибда эмас, ижтимоий муносабатлар туфайли содир бўлади. Бу ҳақда К.Р.Мегрелидзе шундай ёзади: инсон тафаккури табиий ва биологик қонунлар бўйича эмас, балки ижтимоий-тарихий қонуниятлар йўлида ҳаракатланади. Инсоннинг фикрлаш усули аввало ижтимоий ҳодисадир. Фикр ҳеч қачон ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, фикр бирор нарса ҳақида, бирор предмет ҳақида бўлиши мумкин. Предметсиз фикрнинг бўлиши мумкин эмас.
Тафаккурнинг функцияси мия фаолияти жараёнида кечадиган субъектив психологик жараёнлар билангина чегараланмайди:
Биринчидан, онгнинг субъектив ҳолатинигина ифодаламасдан, балки объектга ҳам тегишли бўлади ва нарсалар муносабатини ифодалайди.
Иккинчидан, янги фикрнинг вужудга келиши билан билиш жараёни тугалланмайди, балки фақатгина бошланади. Бу билишнинг бошланғич босқичи бўлиб, ғоянинг субъектив ҳолатидир, энди фикрни амалга ошириш босқичи бошланади.
Учинчидан, алоҳида индивиднинг фикри ижтимоий етилган фикрларнинг хусусий кўринишидир.
Ҳар бир алоҳида шахс ижтимоий тушунчалар, тасаввурлар ёрдамида фикрлайди. К.Р.Мегрелидзе инсон фикрининг ижтимоий эканлигини қайта-қайта таъкидлайди. Фикрлар ва ғоялар эркин индивидуал ижоднинг маҳсули эмас, балки индивиднинг ўзи каби жамият ва ижтимоий муносабатлар маҳсулидир. Шунинг учун инсон тафаккури тафаккур босқичлари, инсон тафаккурининг шакллари ва усуллари ҳақидаги жумбоқнинг ечимини мантиқий изланишлардан анъанавий психологиядан эмас, балки аввало бу ғояларнинг ижтимоий келиб чиқишидан излаш керак. У ёки бу индивид жамиятда етилган ижтимоий ғояларнинг тасодифий ифодаловчиси бўлиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |