В.Вундт. Экспериментал психология тараққиётида айниқса немис физиологи ва психологи Вильгельм Вундт (1832-1920 й.)нинг ишлари катта аҳамиятга эга бўлди. Вундтгача фақат ички тажрибадан ва ўз-ўзини кузатишдан фойдаланиб келган психология фақатгина тасвирий фан эди. Вундт эксперимент ва ўлчаш методларини зарур деб топиб, психологияни изоҳли фанга айлантиришни мақсад қилиб қўйди.
Вундт психология учун классик методлар бўлиб қолган бир қанча методларни, яъни қўзғатиш методи, ифодалаш методи ва реакция методларини кашф этди ҳамда ривожлантирди. Вундт 1879 йили Лейпцигда биринчи экспериментал психология лабораториясини ташкил қилди. Орадан кўп вақт ўтмасдан (1881 й.) у Берлин университети ҳузурида экспериментал психология институтини ташкил қилди.
Вундт шуғулланган масалалардан бири ўша вақтда астрономлар томонидан очилган диққатни бир вақтда иккита ҳар хил қўзғатгичга тўплаш мумкин эмаслиги ҳақидаги масала эди. Бу ҳодисани аниқлаш учун Вундт (лаборатория ташкил қилингунга қадар) 1861 йилда алоҳида маятник иш ўйлаб чиқарди (Вундт маятниги). Бу маятник градусларга бўлинган ёй атрофида ҳаракатланади ва ҳар бир маълум вақтдан кейин жинғирлайди. Бу психологик элементлар учун кашф этилган биринчи асбоб эди.
Илмий (изоҳли) психологияни оёққа турғизиш учун Вундт қўшимча восита сифатида ёндош фанлар, айниқса физиология, астрономия, этнография, тарих, мифология ва бошқа фанлардан олинган маълумотлардан фойдаланиш заруриятини илгари сурди.
А.Ф.Лазурский (1874-1917 й.) томонидан экспериментал методнинг алоҳида тури – табиий эксперимент ишлаб чиқилди. Экспериментнинг бу туридан бизда болалар психологиясини ўрганишда, педагогика масалаларини, айниқса, таълим психологияси масалаларини ҳал қилишда кенг ва унумли фойдаланилмоқда.
Экспериментал методнинг татбиқ қилиниши психология фани тараққиётига жуда унумли таъсир кўрсатди.
Бу метод ёрдамида оддий кузатиш ёки ўз-ўзини кузатиш йўли билан аниқлаш қийин бўлган ёки бутунлай мумкин бўлмаган кўп маълумотлар аниқланди, айрим психик ҳодисалар ўртасидаги боғланишлар аниқланган, психик жараёнлардаги, айниқса, сезгилар, диққат, идрок, хотира соҳасидаги баъзи бир қонуниятлар очилган.
Экспериментал анализ йўли билан мураккаб психик жараёнлар (идрок, хотира, тафаккур)нинг алоҳида компонентлари таркибий қисмлари ажратилган, психик жараёнларнинг физиологик ҳодисалар билан, шунингдек, ташқи физик муҳит ҳамда ижтимоий муҳит билан бўлган боғланишлари очилган.
Экспериментал текширишларнинг якунлари, шунингдек, экспериментал методнинг усулларидан фойдаланиш практик фаолиятнинг турли соҳаларида – ўқув тарбия ишларида, медицинада, меҳнатни ташкил қилиш ва рационализациялаштиришда, суд ишларида, санъатда жуда кўп фойда келтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |