XXVIII БОБ. ТЕМПЕРАМЕНТ
Таянч тушунчалар: Лабиллик, меланхолик, ригидлик, сангвиник, темперамент, флегматик, холерик, экстраверсия, интроверсия, астеник, атлетик, пикник.
28.1. Темперамент ҳақида тушунча
Психологияда темпераментга тегишли индивидуал динамик хусусиятлар ўртасида маълум даражада фарқ мавжудлиги қайд этилиб, улар ўртасидаги фарқларни ажратиб кўрсатиш мақсадида қуйидагича белгилар киритилади ва ўзига хос тарзда тавсифлаб берилади, уларнинг айримларини ажратиб кўрсатиш мақсадга мувофиқ:
1. Фавқулотда темпераментнинг бир хил хусусиятлари мотив, психик ҳолат ва ҳодисалардан фарқли равишда, айнан шу шахснинг ўзида, унинг турли фаолиятларида ҳамда унинг муомаласида ифодаланади.
2. Темперамент хусусиятлари табиий шартланганлик омилига тааллуқли бўлганлиги туфайли инсон ҳаёти ва фаолияти давомида ёки унинг муайян бир даврида барқарор, ўзгармас ва мустаҳкамдир.
3. Яккаҳол шахсга даҳлдор темпераментнинг турли хусусиятлари ўзаро бир-бири билан ғайриқонуний равишда бирлашган бўлмасдан, балки улар ўзаро бир-бири билан ўзаро муайян қонуният асосида мужассамлашиб, худди шу хусусиятлар унинг типларини тавсифловчи ўзига хос тузилмани вужудга келтиради.
Психологияда темперамент хусусиятлари деганда, алоҳида бир шахснинг психик фаолияти динамикасини белгиловчи психиканинг барқарор, ўзгармас индивидуал-типологик хусусиятлари мажмуаси тушунилади. Мазкур хусусиятлар турли шакл ва мазмунга эга бўлган мотивларда, психик ҳолатларда, мақсадларда, фаолиятларда нисбатан ўзгармас темперамент типини тавсифловчи тузилмани ташкил қилади.
Индивидга хос динамик фазилатлар ўзаро ички боғланишга эга бўлиб, ўзига хос тузилишни ташкил этади. Психиканинг индивидуал жиҳатдан ўзига хос, табиий жиҳатдан шартлашган динамик кўринишлари мажмуи кишининг темпераменти деб аталади.
28.1. Темперамент ҳақидаги таълимотларнинг қисқача мазмуни
“Темперамент” термини антик фаннинг индивидуал-психологик фарқлари табиатига бўлган қарашларига бориб тақалади. Қадимги юнон тиббиётининг йирик вакили Гиппократ (эрамиздан олдинги V аср) сиймосида организмнинг ҳолати асосан “шарбат”ларнинг, яъни, организмда мавжуд суюқликларнинг (қон, лимфа, ўт) миқдорий нисбатига боғлиқдир, деб ҳисоблади. Бу шарбатларнинг аралаштирилгандаги нисбати грекчасига “красис” (“гўзал” маъносида) сўзи билан аталган. Бир неча аср кейинроқ ишлаган римлик врачлар бу тушунчани лотинча сўзи билан аташган, бу “қисмларнинг тегишли нисбати” деган маънони билдиради. Бундан “темперамент” деган термин келиб чиққан. Аста-секин антик фанда одамларнинг руҳий хусусияти красисга ёки темпераментга, яъни организмда асосий “шарбат”лар аралашиб кетган нисбатга боғлиқ деган фикр қарор топди. Эрамиздан илгари II асрда яшаган римлик анатом ва врач Гален биринчи бўлиб темпераментларнинг кенгайтирилган таснифини берди: у 13 та турни ўз ичига қамраб олади. Темперамент турлари сони қадимги тиббиёт вакиллари томонидан кейинчалик тўрттага қадар камайтирилди. Уларнинг ҳар бири қандайдир суюқликнинг бошқалардан кўплиги билан ажралиб туради.
Организмда суюқликларнинг аралашуви (у қоннинг кўплиги билан характерланади) сангвиник темперамент деб аталди (лотин тилидаги “sangvis”- қон сўзидан); лимфа кўп бўлганда флегматик темперамент (грекча “flegma” - шилимшиқ парда дегани); сариқ ўтнинг кўпайганини холерик темперамент, (грек тилидаги “xole” - ўт сўзидан) ва, ниҳоят, қора ўт кўп бўлган меланхолик темперамент деб (грекча “meloyna xole” - қора ўт) аталади. Унинг мулоҳазасича:
1. Ўтнинг хусусияти - қуруқликдир, унинг вазифаси - тана аъзоларида қуруқликни сақлаб туриш ёки баданни қуруқ тутишдир.
2. Қоннинг хусусияти - иссиқликдир, унинг вазифаси танани иситиб туришдир.
3. Қора ўтнинг хусусияти - намликдир, унинг вазифаси бадан намлигини сақлаб туришдир.
4. Балғамнинг (шилимшиқ модданинг) хусусияти − совуқликдир, унинг вазифаси баданни совутиб туришдан иборатдир.
Гиппократ таълимотига мувофиқ, ҳар бир инсонда шу тўрт хил суюқлик мавжуд бўлиб, унинг биттаси устуворлик касб этади. Мазкур аралашма (лотинча temperamentum) лардан қайси бири салмоқлироқ бўлса, шунга қараб инсонлар темперамент жиҳатдан фарқланадилар, чунончи холерикда сариқ ўт, сангвиникда қон, флегматикда балғам, меланхоликда қора ўт устун бўлиши таъкидланади.
Гиппократнинг тўрт хил моддалар (суюқликлар) аралашмаси, яъни темперамент тушунчаси ва унинг типологияси (сангвиник, холерик, флегматик, меланхолик) рамзий маънода ҳозирги замон психологиясида ҳам қўлланилиб келинмоқда.
Шахснинг индивидуал хусусиятларини ўрганишда:
а) индивидуалликнинг қобилият ва иқтидорнинг психофизиологик ва дифференциал психологик муаммолари, яъни индивидумнинг фаолият самарадорлиги кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган;
б) инсоннинг индивидуал хусусиятларида намоён бўлувчи фаолият стиллари ва уларни бошқариш;
в) инсоннинг ҳар хил фаолият турлари муваффақиятига таъсир кўрсатувчи типологик хусусиятларни эмпирик ўрганиш натижалари;
г) ҳар хил касалликлар билан боғлиқ тарзда кузатилувчи индивидуал тафовутларнининг таъсири билан боғлиқ жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилади.
Индивидуал типик тафовутлар тўғрисида тасаввурларнинг шаклланишининг илдизи дифференциал психологиянинг вужудга келишига сабаб бўлди. Дифферециал психологиянинг вужудга келиши инсон тажрибасининг узоқ йиллик маҳсули билан характерланади. Бугунги кунда эса бу ҳолат инсонлар хулқ-атворининг хилма-хиллигида кузатилади.
Бу ҳолатнинг илк тарихий илдизини Қадимги Грек файласуфларининг берган талқини тасодиф эмас. Платон ўзининг “Давлат” асарида иккита одам бир хил бўлмаслиги, ҳар бири ўзининг қобилиятига кўра тафовутланиб, бири ўз иши билан машғул бўлишини тақозо этади, деганди. Платонинг таклифини бугунги кундаги ҳолати сифатида ҳарбий хизматда олиш учун фойдаланиладиган “Касбга яроқлилик” тестини мисол сифатида келтириш мумкин.
Ю.Спиритса конституционал назария асосчиларидан бири ҳисобланган Э.Кречмернинг инсон тана тузилишига асосланиб индивидуал тафовутлар тўғрисидаги қарашларига асосланиб қуйидаги фарқларни тушунтириб беради:
Астеник (грек тилидан олинган бўлиб, asthenes – заиф деган маънони англатади) турга тегишли инсонлар ўрта бўйли ва ориқ кишилар бўлиб, жуссаси кичикроқ бўлади. Шунинг учун кўпгина ҳолларда уларнинг бўйи паст бўлиб кўринади. Тана ва юз териси нозик, елкаси тор, қўллари ва билаклари ингичка, кўкрак қафаси учун ва тор бўлган ҳамда мушаклари яхши ривожланган ориқ кишилардир. Астеникларнинг юзи одатда узун ва бурни катта бўлади. Уларда эмоционал заифлик, доимо ўз-ўзини таҳлил қилиш, ҳатти-ҳаракатларини ўрганиш каби хислатлар намоён бўлади, бундай инсонлар ёлғизлик ҳиссига мойил бўладилар.
Атлетик (грек тилидан олинган бўлиб, athletes – курашчи деган маънони англатади) турига тегишли инсонларнинг суяк ва мушаклари яхши ривожланган, ўртача юқори ёки баланд бўйли, елкаси ва кўкрак қафаси кенг, бошини тик тутиб юрадиган кишилардир. Тана тузилиши пастга қараб қисқариб (торайиб) кетади, боши кўпинча чўзиқ, тухумсимон тузилишда бўлади. Уларнинг иродаси кучли бўлиб, қатъиятлилик, ўз фикри устида қайсарлик билан туриб олиш каби хислатлар билан тасифланади.
Пикник (грек тилидан олинган бўлиб, puknos – йирик деган маънони англатади) турига тегишли инсонларнинг бош, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи яхши ривожланган, семиришга мойил, таянч ҳаракат аъзолари яхши ривожланмаган кишилар. Улар жуда эмоционал бўлиб, турли ҳаётдаги вазиятларга ҳаддан зиёд бўёқ берадилар ва истерикага (жазавага тушишга) мойилдирлар. Доимо ҳаётдан завқланиб яшашга ҳаракат қиладилар.
Шелдон темперамент фарқларини ажратиш учун тип эмас, компонентни асос қилиб олди:
Биринчиси умумий сферик шакл, юмшоқлик, жуда катта қорин, елка ва белда қалин ёғ қатлами, юмалоқ бош, катта ички органлар, шалвираган қўл ва оёқлар, тараққий этмаган суяк ва мускуллар билан ажралиб туради.
Иккинчиси учун кенг елка ва кўкрак қафаси, мускуллари яхши ривожланган қўл ва оёқлар, тери ости ёғининг минимал миқдори, оғир, салмоқли калла хосдир.
Учинчиси озғин одам, чўзиқ юзли, баланд пешона, ингичка қўл ва оёқлар, тор кўкрак қафаси ва қорин, тараққий этмаган мускуллар, тери ости ёғ қатламининг йўқлиги, яхши ривожланган нерв тизими билан ажралиб туради. Шу белгилар асосида Шелдон гавда тузилишининг учта бирламчи компонентини ажратди ва уларни мос равишда: эндоморф, мезоморф ва эктоморф деб номлади. Биологияда ўша даврдаги тассавурларга кўра эндодермадан ички органлар, мезодермадан суяк, мускул, юрак, қон томирлари, эктодермадан соч, тирноқ рецептор аппарати, нерв тизими ва мия ривожланади, деб қаралган.
Шелдон аниқланган гуруҳлар “темпераментнинг бирламчи компонентларига” тўғри келади, деб ҳисоблади ва ҳар бир гуруҳга висцеротония, самототония, церебротония деб ном берди (висцеротония - овқат ҳазм қилиш органларининг функционал устунлиги, самототония - ҳаракат аппаратининг функционал ва анатомик устунлиги, церебротония - олий нерв маркази фаолиятининг устунлиги).
Do'stlaringiz bilan baham: |