Қобилият ва фаолият
Қобилият сифатида намоён бўладиган фазилат йиғиндисининг тузилиши оқибат натижада конкрет фаолият талаблари билан белгиланади ва фаолиятнинг ҳар хил турлари учун турлича бўлади. Масалан, мавжуд маълумотларга кўра, математикага бўлган қобилиятларнинг тузилиши бир қатор хусусий қобилиятларни ўз ичига олади: математик материалларни умумлаштириш қобилияти, математик мулоҳаза юритиш жараёнини ва тегишли математик ҳаракатларни қисқартириш қобилияти (изчил кўп табақали мулоҳазалар қисқача алоқалар билан алмаштирилади, масалани идрок қилиш ва унинг натижалари ўртасидаги бевосита алоқа ўрнатишга қадар иш олиб борилади), фикр юритиш жараёнининг қайтарилиш қобилияти (яъни тўғри фикр юритишдан тескари фикр юритишга осонлик билан ўта олиш қобилияти), математик масалаларни ҳал қилиш чоғида фикрлаш жараёнининг эпчиллиги ва шу кабилар. Адабий қобилиятларнинг тузилиши эстетик туйғуларнинг юксак тараққий этган даражасини хотирада ёрқин кўргазмали образлар мавжудлигини, тил ҳиссини, бой фантазияни, одамлар психологиясига нисбатан зўр қизиқишни, ўз-ўзини ифодалаш эҳтиёжини ва шу кабиларни тақозо қилади. Мусиқий, педагогик, конструкторлик, тиббий қобилиятлар ва жуда кўп қобилиятлар тузилиши ўзига хос характерга эгадир. Ҳатто бир хил компонентларни бошқалари билан компенсация қилиш ва алмаштириш борасида кенг имкониятлар мавжудлигини эътиборга оладиган бўлсак, таълим жараёнида қобилиятларни ҳисобга олишга даъват этилган ва агарда улар йўқ бўлиб қолганда ёки етарли даражада ифодаланмаган тақдирда зарурий сифатларни таркиб топтирадиган педагог учун профессионал ёки махсус қобилиятларнинг ўзига хос тузилишини билиш жуда ҳам муҳимдир.
Конкрет қобилиятлар структурасини ташкил этадиган шахс ҳислатлари ва хусусиятлари орасида баъзи бирлари етакчи ўринни эгалласа, баъзи бирлари ёрдамчилик ролини ўйнайдилар. Жумладан, педагогик қобилиятлар тузилишида педагоглик одоби, кузатувчанлик, болаларга муҳаббат, уларга нисбатан юксак талабчанлик билан қўшиб олиб бориладиган билим беришга эҳтиёж, ёрдамчилик тарзида шулар жумласига кирадиган бир қатор ташкилотчилик қобилиятлари комплекси ва бошқалар етакчи фазилатлар ҳисобланади. Ёрдамчи фазилатларга қуйидагилар киради: артистлик, нотиқлик маълумотлари ва бошқалар. Мутлақо равшанки, педагогик қобилиятларнинг ҳам етакчи, ҳам ёрдамчи компонентлари таълим ва тарбиянинг муваффақиятини таъминлайдиган бирликни ҳосил қилади ва шу билан бирга педагог шахси ва унинг хусусиятлари билан боғланган индивидуаллаштиришни ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |