Назорат саволлари:
1. Мотив тушунчасининг моҳияти.
2. Мотивация тушунчасининг мазмуни
3. Мотивация ва мотивларнинг назарий муаммолари.
4. Мотив муаммосига доир мулоҳазалар.
5. Шахс шаклланишида мотивациянинг роли.
VI БЎЛИМ (МОДУЛ). ИНДИВИДУАЛ ФАРҚЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ
XXVII-БОБ. ҚОБИЛИЯТ
Таянч тушунчалар: қобилият, иқтидор, истеъдод, интеллект, кўникма, малака, билим, қобилиятнинг биологик асослари.
27.1. Қобилиятлар ҳақида тушунча
Қобилиятлар кишининг шундай психологик хусусиятларидирки, билим, кўникма, малакалар орттириш шу хусусиятларга боғлиқ бўлади, лекин шу хусусиятларнинг ўзлари мазкур билим, кўникма ва малакаларга тааллуқли бўлмайди. Акс ҳолда имтиҳонда қўйилган баҳо, доска олдидаги жавоб, муваффақиятли ва муваффақиятсиз бажарилган назорат ишлар киши қобилиятлари тўғрисида қатъий хулоса чиқариш имконини берган бўлур эди. Шу билан бирга психологик тадқиқотлар ва педагогик тажриба маълумотлари гувоҳлик беришича, баъзан дастлаб ишларни бажара олмаган ва бу билан теврак-атрофдагилардан ўнғайсиз ажралиб турган киши таълим олиш натижасида фавқулодда кўникма ва малакаларни тез ўзлаштириб олади ва тездаёқ маҳорат йўлида ҳаммани қувиб ўтади. Унда бошқаларга қараганда зўр қобилиятлар намоён бўлади. Қобилиятлар билим, кўникма ва малакаларни эгаллашда намоён бўлса ҳам, билимлар ва кўникмаларни эгаллаш билан боғланиб қолмайди. Қобилиятлар ва билимлар, қобилиятлар ва малакалар, қобилиятлар ва кўникмалар айнан бир-бирига ўхшаш эмас.
Малакалар, кўникма ва билимларга нисбатан кишининг қобилиятлари қандайдир имконият сифатида намоён бўлади. Тупроққа ташланган дон ана шу дондан униб чиқиши мумкин бўлган бошоққа нисбатан атиги имконият бўлиб ҳисоблангани сингари (лекин уруғ тупроқнинг тузилиши, таркиби ва намлиги, об-ҳаво ва бошқалар қулай шароит яратсагина униб чиқади) кишининг қобилияти бу билимлар ва кўникмаларни эгаллаш учун имконият ҳисобланади, холос. Бу билим ва кўникмалар эгалланадими ёки эгалланмайдими, имконият ҳақиқатга айланадими ёки йўқми, буларнинг ҳаммаси кўплаб шароитларга боғлиқ бўлади. Шарт-шароитлар жумласига, масалан, қуйидагилар киради: теварак-атрофдаги одамлар (оилада, мактабда, меҳнат жамоасида) кишининг бу билим ва малакаларни эгаллаб олишдан манфаатдор бўладими ё йўқми унга қандай таълим берадилар, ана шу малака ва кўникмалар керак бўладиган ва мустаҳкамланадиган меҳнат фаолияти қандай ташкил этилади ва ҳоказо.
Қобилиятлар − бу имконият, у ёки бу ишда маҳоратнинг зарур даражаси эса воқеликдир. Болада намоён бўлган мусиқий қобилият унинг мусиқачи бўлиши учун бирон бир даражада гаров бўла олмайди. Боланинг мусиқачи бўлиши учун унга махсус таълим берилиши, педагог ва бола намойиш килган қатъийлик, саломатликнинг яхши бўлиши, мусиқа асбоби, ноталар ва бошқа кўплаб шарт-шароитлар бўлиши зарур. Буларсиз қобилиятлар ривожланмай турибоқ сўниб кетиши мумкин.
Қобилиятлар шахснинг мазкур фаолиятини муваффақиятли амалга ошириш шарти ҳисобланган ва бунинг учун зарур билим, кўникма ва малакаларни эгаллаш динамикасида юзага чиқадиган фарқларда намоён бўладиган индивидуал-психологик хусусиятдир. Агар шахснинг маълум сифатлар йиғиндиси одамнинг педагогик жиҳатидан асосланиб берилган вақт ичида эгалланган фаолияти талабларига жавоб берса, бу нарса бизга унда мазкур фаолиятга қобилият борлиги тўғрисида хулоса чиқаришга асос бўлади. Агарда бошқа киши худди шунақа бошқа шароитларда унинг олдига фаолият рўбарў қилаётган талабаларнинг уддасидан чиқа олмаса, унда тегишли психологик сифатлар, бошқача сўзлар билан айтганда, қобилиятлар йўқ деб тахмин қилишга асос бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, бундай одам зарур кўникма ва билимларни умуман эгаллай олмайди, деган маъно келиб чиқмайди. Бу кўникма ва билимларни эгаллаш чўзилиб кетади, педагоглардан анча зўр бериш ва вақт сарфлашни талаб қилади, натижаси нисбатан оз бўлса ҳам фавқулодда кўп куч-ғайрат сарфлашни ва шу кабиларни талаб қилишини билдиради. Бу ҳол бироз вақт ўтгач, шунингдек, қобилиятларнинг ривожланиши мумкинлигини ҳам инкор этмайди.
Қобилиятлар индивидуал-психологик хусусиятлар бўлиш билан бирга уларни шахснинг бизга маълум бошқа хусусиятлари ва ҳислатларига − ақл-идрок фазилатларига, хотира, характернинг ўзига хос хусусиятларига, эмоционал хусусиятларга ва шу кабиларга қарама-қарши қўйиб бўлмайди, лекин улар билан бир қаторга қўйилиши мумкин. Агар у фазилатлардан биронтаси ёки уларнинг йиғиндиси фаолият талабларига жавоб бермаса ёки ана шу талаблар таъсири остида шаклланса, ундай пайтда бу шахснинг индивидуал-психологик хусусиятларини қобилиятлар деб ҳисоблаш учун ҳам асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |