24.4. Ҳис-туйғулар ва шахс
Ҳис-туйғулар − киши шахсининг анча ёрқин кўринишларидан бири бўлиб, у билиш жараёнлари ва хулқ-атвор ҳамда фаолиятни иродавий бошқариш билан биргаликда намоён бўлади. Шахс ўзи билиб олаётган ва бажараётган нарсага унинг барқарор муносабати ҳис-туйғуларнинг мазмунини ташкил этади. Шахсни таърифлаш дегани кўп жиҳатдан муайян конкрет киши умуман нимани севади, нимани ёмон кўради, нимадан нафратланади, нима билан фахрланади, нимадан хурсанд бўлади, нега уялади, нимага ҳавас қилади ва ҳоказолар деган маънони англатади. Индивиднинг барқарор ҳис-туйғулари предмети, уларнинг жадаллиги, кечинмаларнинг хусусияти ва ҳиссиётлари аффектлар, кучли ҳаяжонланиш ҳолатлари ва кайфиятлари шаклида тез-тез намоён бўлиши кузатувчи кўз ўнгида кишининг ҳиссий дунёсини, унинг ҳис-туйғуларини ва шу аснода унинг индивидуаллигини намоён этади. Айнан унинг учун ҳам ҳиссий жараёнларни таҳлил қилиш вақтида ўткинчи ҳолатларни ўрганишдан киши шахсини белгилайдиган барқарор ҳис-туйғуларга ўтиш лозим.
Вазият билан боғлиқ хусусиятга эга бўлган ва индивиднинг муайян пайтда объектга нисбатан муносабатини акс эттирадиган ҳиссиётлардан, аффектлардан, кайфиятлардан ва ҳиссий зўриқишлардан фарқли ўлароқ, улар пайдо бўлиши пайтига келиб таркиб топган конкрет ҳолатларда ҳис-туйғулар (тор маънода олганда) киши шахсининг йуналтирилганлигида мужассамлашган барқарор эҳтиёжлари объектига нисбатан унинг муносабатини акс эттиради. Шу сабабли ҳис-туйғулар барқарорлиги билан, улар субъектнинг ҳаёти соатлар ва кунлар эмас, балки ойлар ва йиллар воситасида ўлчанадиган даражада давомийлиги билан белгиланади. Ҳис-туйғулар конкрет характерга эга бўлади, улар субъектнинг барқарор ижобий ёки салбий муносабат билдиришига сабаб бўлган фактлар, воқеалар, одамлар ва ҳолатлар туфайли рўй беради. Барқарор сабаблар фақат барқарор ҳис-туйғуларга асос бўлган такдирдагина кишида мунтазам равишда фаолликни ҳосил қилади, фаолият кўрсатиш учун ундовчи доимий майлга айланади.
Эҳтирослар
Эҳтирослар кишидаги барқарор ҳис-туйғуларнинг алоҳида турини ташкил этади. Одамларнинг бажараётган ишига ва ҳаётида юз бераётган нарсаларга нисбатан ички муносабати бошдан охиригача барқарор тус касб этади, доимий ҳаракат килувчи кучга айланади. Бу куч киши томонидан уни ҳаяжонлантирган нарса қандай идрок этилиши, тасаввур қилиниши ва хаёлга келтирилиши, унинг бир-бири билан алмашиб турадиган ҳиссиётларни, аффектларни, кайфиятларни қандай бошдан кечириши хусусиятларини белгилайди. Бу куч муайян ҳаракатларга даъват этувчи ва қарор топган ҳис-туйғуга мос келмайдиган ҳатти-ҳаракатларга қарши қудратли тўсиқ сифатида намоён бўлади. Шундай қилиб, ҳис-туйғу кишининг тафаккур ва фаол фаолият кўрсатиши жараёнига жалб этилган бўлади. Кишининг фикрлари ва ҳатти-ҳаракатлари йўналишини белгилайдиган барқарор, чуқур ва кучли ҳис-туйғу эҳтирос деб аталади.
Эҳтирос кишини ҳис-туйғулар предмети ҳақида астойдил фикрлашга, уларнинг негизини ташкил қиладиган эҳтиёжларни жонли ва ёрқин тасаввур этишга, бу эҳтиёжларни қондириш йўлида учрайдиган ҳақиқий ёки фақат учраши мумкин бўлган тўсиқ ва қийинчиликлар тўғрисида ўйлашга ва ҳар томонлама мулоҳаза юритишга мажбур қилади. Жумладан, миллий озодлик учун курашчида ватанга муҳаббат туйғуси бир қанча эзгу зиддиятлар билан боғланган бўлиб, уни ўз ҳаётини хавф остида қолдириб, пировардида ғалабага олиб бориши мумкин бўлган йўлни қатъият билан излашга мажбур этадиган енгилмас кучга айланади.
Ҳукмрон эҳтирос билан боғлиқ бўлмаганлари иккинчи даражали аҳамиятга эгадек бўлиб туюлади, орқа ўринга суриб қўйилади, кишини ҳаяжонлантирмай ва қизиқтирмай қўяди, баъзан умуман унутилиб кетади. Боғлиқ бўлганлари эса кишини ўзига ром этади, ҳаяжонлантиради, диққатини жалб этади, эсда (бир хил пайтларда икир-чикирлари билан қўшилиб) сақланиб қолади. Қониқтирилмай қолган эҳтирос одатда кучли ҳиссиётларни ва ҳатто аффектив портлашларни (ғазабланиш, норозилик, умидсизлик, ранжиш ва ҳоказоларни) келтириб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |