24.3. Ҳис-туйғуларни бошдан кечириш шакллари
Ҳис-туйғулар баъзан ҳар қандай психик жараённинг фақат ёқимли, ёқимсиз ёки аралаш асорати тарзида бошдан кечирилади. Бу ўринда улар ўз ҳолича англанилавермайди, аксинча, нарсалар ва ҳаракатларнинг хусусияти тарзида англанилади ва биз ёқимли киши, ёқимсиз таъм, баҳайбат ҳўкиз, кулгили ифода, нафис барглар, қувноқ сайр ва ҳоказолар деб гапирамиз. Кўпинча бундай ҳиссий тус олдинги кучли кечинмаларнинг оқибати, ўтмиш тажрибанинг акс-садоси бўлиб чиқади. Баъзан у нарсанинг кишини қаноатлантириши ёки қаноатлантирмаслиги, унинг фаолияти муваффақиятли ёки муваффақиятсиз ўтаётганлиги белгиси сифатида хизмат қилади. Масалан, геометриядан айнан битта топшириқ унга ҳал этишнинг муваффақиятлигига боғлиқ ҳолда турли хилдаги ҳис-туйғуларни ҳосил қилиши мумкин.
Эҳтиёжларнинг қондирилиши ёки қондирилмаслиги киишида турли хил шаклни касб этадиган ўзига хос кечинмаларни: эмоцияларни, аффектлар (ҳиссий бўронлар)ни, кайфиятларни, кучли ҳаяжонланиш (стресс) ҳолатларини ва хусусан ҳис-туйғулар (тор маънодаги сўз билан айтганда)ни ҳосил қилади.
Эмоциялар
«Ҳиссиёт» («эмоция») ва «ҳис-туйғу» деган сўзлар кўпинча синонимлар сифатида қўлланилади.
Торроқ маънода олганда, ҳиссиёт бу қандайдир бир оз доимийроқ ҳис-туйғуларнинг бевосита ва вақтинча бошдан кечирилишидан иборатдир. «Эмоция» сўзини ўзбек тилига аниқ таржима қилинганда у руҳий ҳаяжонланиш, руҳий ҳаракатланиш деган маънони англатади. Ҳиссиёт деб, масалан, кишининг мусиқавий асарга нисбатан ўрнашиб қолган хусусияти сифатидаги муҳаббат туйғусининг ўзини эмас, балки концерт пайтида яхши мусиқий асарни эшитаётиб, бошидан кечирган лаззатланиш, завқланиш ҳолатига айтилади. Мусиқий асарнинг ёмон ижро этилганини эшитганда ҳосил бўладиган худди шундай ҳис-туйғу нафратланиш каби салбий ҳиссиёт сифатида бошдан кечирилади. Бошқа бир мисолни олиб кўрайлик. Ҳис-туйғу сифатидаги қўрқув ёки ваҳима, яъни муайян объектларга, уларнинг бирикмаларига ёки ҳаётдаги мавқеига нисбатан таркиб топган ўзига хос муносабати бир-биридан фарқ қиладиган ҳиссий жараёнларда кечирилиши мумкин: баъзан киши ваҳимали нарсадан қочади, баъзан эса қўрққанидан серрайганича қотиб қолади ва титрай бошлайди, ниҳоят, ваҳима босиб, ноиложликдан хавф-хатарга қарши ҳаракат қилиши мумкин.
Бир хил ҳолатларда эмоциялар таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Улар ҳатти-ҳаракатларга, фикр-мулоҳазалар билдиришга туртки берадиган куч бўлиб чиқади, куч-ғайратларни ошириб юборади ва стеник деб аталади. Қувонганидан киши «тоғни талқон қилиш»га ҳам тайёр бўлади. Ўртогиға ҳамдардлик ҳиссини кечираркан, унга ёрдам бериш усулини излайди. Таъсирчан ҳиссиётга берилган кишининг гапирмай жим туриши қийин, у фаол ҳаракат қилмай тура олмайди. Бошқа бир ҳолларда эмоциялар (астеник деб аталмиш эмоциялар) сустлиги ёки лоқайдлиги билан ажралиб туради, ҳис-туйғуларнинг бошдан кечирилиши кишини бўшаштириб юборди. Қўрққанидан унинг «оёқлари қалтираб қолиши» мумкин. Айрим ҳолларда киши кучли ҳис-туйғуга берилиб кетиб, хаёлга чўмиб, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Бундай пайтда ҳамдардлик яхши, лекин бефойда ҳиссий кечинма бўлиб қолади, уялиш сирли виждон азобига айланиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |