Турли омиллар таъсирида бирданига вужудга келувчи, жаҳлнинг маҳсули ҳисобланмиш, қисқа муддатли нутқ турига аффектив нутқ дейилади. Бирданига суҳбатдош, рақиб томонга узатилувчи, ўта таъсирчан, хавфли, руҳий нишон вазифасини бажарувчи қисқа муддатли нутқ аффектив деб номланиб, зарбаси жиҳатидан альтернативи йўқлиги билан бошқа нутқ турларидан кескин ажралиб туради. Жаҳл, қасос, алам, тажовуз кечинмаларини ўзида акс эттириб, ўта танглик, зўриқиш (стресс) маҳсули бўлиб ҳисобланади (жаҳл келганда акл кетади: ҳиссиёт билан эмас, балки ақл билан иш тут).
Назорат саволлари:
Нутқ тўғрисида умумий тушунча.
Нутқ механизмларининг психологик моҳияти.
Нутқ генезиси назариялари.
Нутқ турларининг психологик тавсифи.
Нутқни ривожланиш фазалари ва ўзига хос хусусиятлари.
Нутқ ва муомала.
V БЎЛИМ (МОДУЛ). ҲИССИЙ-ИРОДАВИЙ СОҲА ПСИХОЛОГИЯСИ.
XXIV-БОБ. ҲИССИЁТ
Таянч тушунчалар: ҳис-туйғулар, аффектлар, кайфият, стресс, ғазабланиш, нафратланиш, жирканиш, қўрқув, уялиш, эҳтирос, эмоция, салбий ҳис-туйғулар, ижобий ҳис-туйғулар.
24.1. Ҳиссиётнинг умумий тавсифи ва унинг турлари.
Ҳис-туйғу ҳақида тушунча
Киши идрок этиш, хотирлаш, хаёл суриш ва фикрлаш жараёнларида фақат воқеликни билиб қолмай, балки шу билан бирга ҳаётдаги у ёки бу нарсаларга, қандай бўлмасин, муносабат билдиради, унда уларга нисбатан у ёки бу тарзда ҳис-туйғу пайдо бўлади. Бундай ички шахсий муносабатнинг манбаи фаолият ва муносабат жараёнлари бўлиб, у ана шу жараёнларда рўй беради, ўзгаради, барқарор тус олади ёки йўқолади. Кишининг ҳаётий йўлини кўп жиҳатдан белгилаб берадиган ватаппарварлигини ҳам ҳис-туйғу деб аташади. Арзимаган илинж билан бировни алдаган ёлғончига нисбатан кишида пайдо бўладиган нафратланиш ҳам ҳис-туйғу қаторига киради. Узоқ давом этган ёмғирдан сўнг қуёш чарақлаб кетганлиги туфайли ҳосил бўлган бир лаҳзалик мамнунлик ҳам ана шундай тушунча билан ифода этилади.
Ҳис-туйғулар − кишининг ўз ҳаётида нималар юз бераётганига, нималарни билиб олаётганига ёки нима билан машғул булаётганига нисбатан ўзича турли хил шаклда билдирадиган ички муносабатидир.
Ҳис-туйғуларнинг кечиши субъект алоҳида ҳис этаётган психик ҳолат сифатида гавдаланади. Бунда бирон-бир нарсани идрок этиш ва тушуниб етиш, бирон-бир нарса тўғрисида билиб олиш идрок этилаётган, тушуниб олинаётган, маълум ёки номаълум нарсаларга нисбатан шахсий муносабат билан бирликда рўй беради. Ана шу ҳолларнинг барчасида ҳис-туйғуларнинг бошдан кечирилиши хусусида, кишининг алоҳида ҳиссий ҳолати хусусида гапирилади. Шу билан бирга ҳис-туйғуларнинг кечиши ўз ривожланишига эга бўлган, жорий ва ўзгариб турадиган психик жараёндар. Мисол учун, яқин кишидан ажралиб қолишнинг оғирлигини бошдан кечириш, жумладан, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган жудоликдан сўнг ўзининг ҳаётдаги ўрнининг ўзгариб қолганини фаол англаб олинишини, ҳаётий қадриятларнинг қайта баҳоланишини, танглик вазиятини бартараф этиш учун ўзингда куч топа билишни ва шу кабиларни англатади. Шу тарздаги жўшқинлик билан кечаётган ҳиссий жараён ўз якунида жудолик вазиятининг ўзига ва шу вазиятда киши ўзлигига берадиган ижобий ва салбий баҳоларнинг маълум даражада мувозанатлашуви рўй беради.
Ҳис-туйғуни бошдан кечиришнинг турли формалари эмоция, эффект, кайфият, кучли ҳаяжонланиш (стресс ҳолати). Эҳтирос ва, ниҳоят, тор маънодаги сўз билан айтганда, ҳис-туйғулар − шахснинг эмоционал соҳасини ташкил этадики, улар киши ҳулқ-атворини тартибга солиб туради, билишнинг жонли манба, одамлар ўртасидаги мураккаб ва кўп қиррали муносабатларнинг ифодаси бўлиб ҳисобланади.
Ҳис-туйғулар шахс эҳтиёжларига жавоб берадиган нарсаларни аниқлаб олишга ёрдам беради ва уларнинг қондирилишига қаратилган фаолиятга омил бахш этади. Илмий кашфиёт қилинган пайтдаги қувончли кечинмалар олимнинг изланувчанлик фаолиятини рағбатлантиради, билиш эҳтиёжини, қондириш жараёнини жадал тарзда сақлайди. Эҳтиёж намоён бўлишнинг алоҳида шакли сифатидаги қизиқиш доимо ёрқин ҳиссий тусга эга бўлади.
Ҳис-туйғулар − воқеликни акс эттиришнинг ўзига хос шаклларидан биридир. Агар билиш жараёнларида нарсалар ва воқеликдаги ҳодисалар акс этса, ҳис-туйғуларда эса субъектнинг ўзига хос эҳтиёжлари билан, қўшилиб, ўзи билиб олаётган ва ўзгартираётган нарсаларга ва воқелик ҳодисаларига нисбатан унинг муносабати акс этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |