В.С.Мерлин мотивлар тизимларининг айрим жиҳатларини анча батафсил ёритиб берган. У мотивлар тизимларининг шаклланиш жараёнини қуйидагича тасаввур этади: “турли мотивлар бора-бора ўзаро боғлиқ ва бир-бирига тобе бўлиб боради ҳамда охир оқибатда мотивларнинг яхлит тизими вужудга келади”. В.С.Мерлин фикрича, мотивлар тизимининг шаклланиши жараёнида нафақат мотивлар барқарорлиги, балки мотивларни англаш каби шартлар бажарилишини талаб этилади. Демак, В.С.Мерлин бўйича мотивлари тизимлари ўзаро боғлиқ ва бир-бирига тобе шахс мотивларининг бир бутун йиғиндисидан иборат. Аммо В.С.Мерлин гарчи мотивлар тизимларининг айримларини ҳақиқатдан ҳам муҳим жиҳатларини кўрсатиб ўтган бўлса ҳам, мотивлар ўртасидаги тизимли муносабатларни мотивлар тизимлари ва фаолият кўрсатиш муаммосини тадқиқ этмаган.
Машҳур немис олими Курт Левин мотивлар муаммоси, айниқса, шахсдаги ижтимоий хулқ мотивлари борасида катта, кенг қамровли тадқиқотлар олиб бориб, шу нарсани аниқлаганки, ҳар бир одам ўзига хос тарзда у ёки бу вазиятни идрок қилиш ва баҳолашга мойил бўлади.
Мотивация тушунчасини турлича ифодалаш, мотивациянинг мазмуни ва энергетик томони ҳақидаги муҳим савол психологлар томонидан ифодалаб берилди. Хориж психологлари учун мотивация тушунчасини характерли аниқ бир томонлама энергетик фаоллик манбаи сифатида қаралади, улар мазмунли томонига эътибор бермай, аниқ механизмлар сифатида энергия, бошқарув ва хулқ-атворга тақсимлайдилар.
Иерархик, даражавий тузилиш − бу тизимлилик хусусиятига эга бўлган ҳодисаларнинг бир жиҳатидир. Шу туфайли шахс мотивацион соҳасининг иерархиясини самарали тадқиқ этиш учун уни мотивацион ҳодисаларнинг бошқа жиҳатлари билан алоқадорликда ўрганиш зарур бўлади. Мотивацион ҳодисалар тизимлилигини тадқиқ этишда асосий эътибор эса бу ҳодисалар ўртасидаги тизимли муносабатларни ўрганишга қаратилиши керак. Бу борада Р.С.Вайсманнинг шахс мотивацион соҳасининг тизимлилиги ҳақида билдирилган фикри алоҳида эътиборга лойиқ. Унинг ёзишича, “Мотивацион соҳанинг тизимлилиги − мотивацион ўзгарувчилар ўртасидаги алоқадорлик, хилма-хил муносабатлар мавжудлигида намоён бўлади. Шундай муносабатлардан бири иерархик муносабатдир. Яна бир турдаги муносабатни “рўёбга чиқариш” муносабати деб аташ мумкин. Бу муносабат шуни англатадики, ҳар бир эҳтиёжнинг қондирилишида турли мотивлар йиғиндисининг рўёбга чиқарилиши мумкин. Учинчи турдаги муносабат шунда намоён бўладики, ҳар хил эҳтиёжларнинг қондирилишида бир мотив иштирок этади ёки аксинча, бир эҳтиёж қондирилишида турли мотивлар қатнашади. Бундай муносабат “ўзаро тобелик” муносабати номини олди.
Чет эл олимларининг мотивация соҳасидаги тадқиқотлари орасида Г.Оллпортнинг мотивлар функсионал автономияси назарияси алоҳида ўрин эгаллайди. Бу назарияда мотивлар трансформацияси, тизимли ривожланиши жараён сифатида талқин этилади. Г.Оллпорт ўз концепциясида тизимларнинг умумий назарияси ғояларидан, айниқса, очиқ тизимлар ҳақидаги ғоядан кенг фойдаланган. Олимнинг фикрича, шундай мотивлар борки, улар ярим ёпиқ тизимларнинг табиатига монанд фаолият кўрсатади ва ривожланади, яъни функционал автономияга эга. Бир тизимга кирувчи мотивларни Г.Оллпорт реактив, ташқи ундовга муҳтожлик қонунларига бўйсунувчи мотивлар, деб атайди. Аммо Г.Оллпортнинг таъкидлашича, шахс очиқ тизимлар каби ўзгарувчи ва ривожланувчи мотивлар билан тавсифланади, деган фикр ҳақиқатга яқинроқдир. Агар аввалги тизим мотивларнинг персевератив функсионал автономияси, деб аталган бўлса, кейинги тизимни Г.Оллпорт проприатив функционал автономия, деб атайди. Очиқ, ёпиқ ва ярим очиқ тизимлар ҳақида тўхталар экан у ёпиқ тизим моделини шахс ва унинг мотивациясига қўллаб бўлмаслигини таъкидлаганди. Очиқ функционал тизим тараққиёт учун замин ҳозирлайди, уни эса ундовчи муҳтожлик доирасида тушунтириб бўлмайди.
Хориж психологларидан неофрейдистлар ҳисобланмиш А.Адлер, К.Юнг кабилар томонидан илгари сурилган мотив ва мотивация борасидаги назарияларга асосий эътиборни қаратамиз. А.Адлернинг фикрича, инсонни ҳаракатга ундовчи асосий куч унинг фаолияти мақсадини аниқловчи, уларга эришиш йўллари манбаи ҳисобланади. Хорнининг таъкидлашича, инсон хулқи мотивациясини бошқа мотивлар ёрдамида аниқлаш мумкин. Жумладан, бирламчи безовталаниш атроф-муҳитга нисбатан душманлик ҳиссини туғдиради, хавфсизликка эҳтиёж эса инсонни бошқа одамлар томонидан баҳолаш ва ўз-ўзини баҳолашга нисбатан ички интилишини вужудга келтиради. Э.Фромм ҳам ўз қарашларида либидо масаласига катта эътибор бермайди, чунки уни қизиқтирган муаммо инсон хулқи жабҳаларида ижтимоий ва психологик омилларнинг ўзаро таъсир ўтказиш жараёнидир.
Гештальтпсихология мактаби намоёндалари учун мотивация ўзига хос талқинга эга бўлиб, унинг моҳиятини экспериментал тарзда ўрганишга нисбатан интилиш юқори кўрсаткичга эга эканлиги билан бошқалардан ажралиб туради. К.Левин (1890-1947) мотивларни экспериментал ўрганиш методикасини ишлаб чиқиб, уларни мутлақо мустақил ҳолат шароитида тушунтиришга ҳаракат қилган ва бу борада муайян муваффақиятларга эришган. Гештальтпсихология мактабининг намоёндаларига образ тушунчаси қанчалик ўта аҳамиятли бўлса, К.Левиннинг майдон назарияси учун мотив категорияси худди шундай муҳим аҳамият касб этади. Образ ва мотив ўзаро алоқасиз ҳукм суриши таъкидланади, мотивацияни амалга оширувчи вазиятнинг предметли маъновий мазмуни эса инкор қилинади.
К.Левин мотивни қуйидагича ифодалайди: мотив − муайян муваффақиятли микроинтервалда шахснинг бевосита яққол муҳит билан муносабатларидан келиб чиқувчи воқеликдир. Унинг мазкур назариясида инсонда ҳар хил маъно англатувчи иккита мотивацион ўзгариш ҳукм суриши тан олинади. Гештальтпсихологларнинг асарларида шундай ҳолатлар ҳам мавжудки, уларда хулқ мотивацияси муаммолари шахснинг муҳим хусусиятларини таҳлил қилиш негизидан келиб чиқиб қаралади. Ушбу ҳолат Г.Оллпорт концепциясида яққол кўзга ташланади. Унингча, энг муҳим жиҳат бу инсон хулқини ўзгариш сабабларини очишдир. Шунинг билан бирга мазкур вазиятга олиб келувчи мотивлар омилларини текширишлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканлигини англаб етиш қийин эмас.
Рус олими Р.Немов шахсдаги мотивацион соҳани қуйидагича тасаввур қилади.
Умуман ҳар қандай шахсдаги мавжуд эҳтиёжларни икки гуруҳга бўлиш мумкин.
1. Биологик эҳтиёжлар − физиологик, жинсий мослашув эҳтиёжлари.
2. Ижтимоий эҳтиёжлар − бу меҳнат қилиш билан эстетик ва аҳлоқий, маънавий эҳтиёжлар.
Эҳтиёжларни биологик ҳамда ижтимоий турларга бўлгани билан шу нарсани унутмаслигимиз лозимки, шахсдаги ҳар қандай эҳтиёжлар ҳам ижтимоийлашган бўлади, яъни улар ўша жамият ва муҳитдаги қадриятлар, маданий нормалар ва инсонлараро муносабатлар характерига боғлиқ бўлади.