25.4. Иродавий акт структураси
Ироданинг асосини, худди умуман субъектнинг фаоллиги каби, унинг ҳатти-ҳаракатлари ва ишларининг кўп тармоқли ва хилма-хил мотивлаштирилишига сабаб бўлувчи эҳтиёжлари ташкил этади.
Психологияда мотивлаштириш деганда психологик ҳодисаларнинг ўзаро мустаҳкам боғланган мотивацияси бир-бирига тўла мос келмайдиган нисбатан мустақил учта тури тушунилади. Бу, биринчидан, индивиднинг эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган фаолиятга ундовчи сифатида намоён бўлувчи мотив сифатидаги мотивлаштиришдир. Бу ҳолда мотивлаштириш фаоллик ҳолати умуман нима учун пайдо бўлишини, субъектни фаолият кўрсатишга қандай эҳтиёжлар ундаётганини изоҳлаб беради.
Иккинчидан, мотивлаштириш фаоллик нимага қаратилганлигини, нима учун қандайдир бошқа хулқ-атвор эмас, балки худди шунақаси танланганлигини изоҳлаб беради. Бу ерда мотивлар хулқ-атвор йўналишини танлашни белгилайдиган сабаблардир. Булар биргалиқда киши шахсининг йуналишини ташкил этади.
Ниҳоят, учинчидан, мотивлаштириш киши аҳлоқи ва фаолиятни ўзи бошқарадиган восита ҳисобланади. Бу воситаларга эмоциялар, истаклар, қизиқишлар ва бошқалар киради. Жумладан, эмоцияда у ёки бу ахлоқ актининг шахсий моҳияти баҳоланади ҳамда унинг пировард мақсади фаолиятга мос келмай қолган тақдирда эмоциялар унинг умумий йўналишини ўзгартириб юборади, ахлоқни қайта қуради, дастлабки ҳаракатни кучайтирувчи қўшимча истаклар уйғотади ва ҳоказо.
Иродавий актда (иродавий ҳаракатда) уни мотивлаштиришнинг барча учта томони − фаоллик манбаи, унинг йўналганлиги ва ўз-ўзини бошқариш воситалари намойиш қилингандир.
Иродавий актнинг бўғинлари
Шундай қилиб, эҳтиёжлар бир хил ҳаракатлар бажарилишини белгилайдиган ва бошқаларининг бажарилишига халақит берадиган ҳар хил мотив (сабаб)ларга айланади. Иродавий ҳаракатларнинг сабаблари ҳамиша озми-кўпми даражада англанилган характерда бўлади.
У ёки бу эҳтиёжнинг қанчалик англанилганига боғлиқ ҳолда интилиш ва истакни ҳам фарқ қилса бўлади.
Интилиш − ҳали дифференциялашмаган, етарли даражада англанилмаган эҳтиёждан иборат фаолият мотивидир. Масалан, киши кимгадир интилишни бошдан кечираётиб, ўз интилишининг объектини кўрганда, у билан гаплашганда мамнун бўлади ва шу сабабли беихтиёр бу учрашувга интилади. Лекин баъзида ҳузур-ҳаловатга сабаб бўлган нарсани у англамайди. Интилиш сал-пал, ноаниқдир.
Истак − фаолиятнинг мотиви сифатида эҳтиёжнинг етарли даражада тушуниб етилганлиги билан характерланади. Бунда фақат эҳтиёж объекти эмас, балки уни қондиришнинг мумкин бўлган йўллари ҳам тушуниб етилади. Масалан, новатор ишчи меҳнат унумдорлигини анча ошириш истагини билдириб ва бу ҳақиқий ижтимоий эҳтиёж сифатида ташвиш тортиб, ўз станогини янада такомиллаштириш тўғрисида ўйлайди, ўз иш графигини яна қайта кўриб чиқади, ҳар бир ҳаракатини ҳисобга олади ва ҳоказо.
Do'stlaringiz bilan baham: |