В.И.Селиванов ироданинг психологик жабҳаларини ёритаётиб, у шундай ғояни илгари суради, инсоннинг онгини жараёнлар, ҳолатлар, хислатларни ўзида мужассамлаштирувчи яхлит тизим сифатида тасаввур қилиш мумкин. Шахснинг у ёки бу онгли ҳаракати ўзининг тузилишига кўра бир даврнинг ўзида ҳам ақлий, ҳам ҳиссий, ҳам иродавий ҳисобланади.
Тадқиқотчи В.И.Иванников эса иродани мотивациянинг ихтиёрий шакли сифатида тушунади. Шунингдек, ҳаракат маъносининг ўзгариши ҳисобига тармоқловчи ёки қўшимча турини яратувчи имконият янги реал мотивларни ҳаракат билан бирлаштирувчи, ёинки вазиятнинг тасаввур мотиви тариқасида талқин қилади. Иродавий бошқарув эса ҳаракатни “ихтиёрий бошқарув кўринишларининг биттаси сифатида” тушунилади, бунда бошқарув мотивациянинг ихтиёрий ўзгариши орқали амалга оширилиши сифатида қаралади.
Келтирилган мулоҳазалардан кўриниб турибдики, психология фанида иродани тушуниш, таърифлаш бўйича бир хил муносабат яратилмагандай, иродавий сифатларнинг маънавий асосини таҳлил қилиш юзасидан ҳам умумийлик, мустақиллик, қатъиятлилик, сабр-тоқатлилик, интизомлилик, дадиллик, жасоратлилик ва тиришқоқлиликни киритади.
П.М.Якобсон бўлса, ироданинг муҳим сифатлари сифатида мустақиллик, қатъийлик, тиришқоқлик ўзини уддалашни кўрсатади. Инсонда намоён бўладиган иродавий сифатлар сарасига А.И.Шчербаков қуйидагиларни киритади: собитқадамлик ва ташаббускорлик, ташкиллашганлик ва интизомлилик, уринчоқлик ва қатъиятлилик, чидамлилик ва ўзини уддалашлик, ботирлик ва жасоратлилик.
Ирода борасидаги тадқиқотларда “ишонч” атамаси қўлланилиши камдан-кам ҳолларда қўлланилади. Шунга қарамасдан ишонч, ирода сифати тариқасида тадқиқ этилишга ҳақлидир. Бунинг учун А.И.Шчербаков томонидан қуйидагича тадқиқот иши амалга оширилган. Тадқиқотчининг таъкидлашича, бир талабага қисқа вақт (фурсат) ичида инсититутни тугатиш таклиф қилинган, лекин синалувчи бу ишни уддасидан чиқа олмасликни ошкора билдирган. Шундан сўнг тадқиқотчи талабада ўз кучига ишонч уйғотишни мақсад қилиб қўйган ва унда иродавий зўр бериш, қийинчиликларни енгиш воситаларини шакллантирган. Бунинг натижасида талаба ўз мақсадига эришишга мушарраф бўлган. Худди шу боис ҳозирги замон психологиясининг иродага оид назарияси заифлиги туфайли иродавий сифатларни таснифлашнинг асосий тамойили ишлаб чиқилмагандир.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, тиришқоқлик, қатъиятлик сифатлари билан бир қаторда чидамлиликни иродавий хислатларнинг етакчиси тариқасида тан олиш, қийинчиликларга қарамасдан, ҳаракатни давом эттиришга интилиш тарзида тушуниш муҳим аҳамият касб этиши шак-шубҳасиз. Лекин оғриққа чидаш, бардошликка мойиллик нуқтаи назардан ёндашинилганда эса ироданинг эркинлиги таъбири, иродавий соҳанинг пайдо бўлиши ва амалга ошиши моҳияти юзасидан методологик нуқсоний талқин юзага келиши мумкин.
Юқорида билдирилган мулоҳазалардан кўриниб турибдики, то ҳозиргача психология фанида асосий, муҳим иродавий сифатларни таснифлашнинг умумбирлик тамойили мавжуд эмаслиги туфайли аксарият ҳолларда бир иродавий хислат қўшалоқ атама билан белгиланиши давом этиб келмоқда (масалан, мустақиллик ва ташаббускорлик, журъат ва дадиллик, тиришқоқлик ва қатъиятлик, вазминлик ва ўзини уддалаш кабилар).
Do'stlaringiz bilan baham: |